Тошкент шаҳридан ўтган ям-яшил бўлиб оқадиган Бўзсув канали Тошкент вилоятининг Зангиота туманига келиб, бирдан қора тусга кириб қолади. Табиий оқар сув тўсатдан қорайиб қолгани ва бир неча ўн километрлаб давом этгани харитада ҳам акс этиб турибди. Бу ҳолат табиатнинг бирор мўъжизаси эмас, балки лоқайдлик натижасида ўз ҳолига ташлаб қўйилган экологик фожиадир. Kun.uz вазият бўйича суриштирув ўтказиб, Бўзсувнинг Сирдарёга қуйиладиган қисмигача ҳолатни ўрганди.

Мавзу жуда долзарб ва йирик. Чуқур суриштирув ҳамда таҳлил талаб қилади. Қизиғи, сўнгги йилларда турли сайтларда бу мавзу бир неча марта кўтарилган. Аммо натижа йўқ – аҳвол ўша-ўша.

Бўзсувнинг икки қирғоғида икки хил ҳақиқат ётади. Бири табиий туси ҳамда экологик ҳолати бузилган бу сувдан экинларни суғоришда фойдаланаётган, пашша ва чивинлардан азият чекаётган аҳоли бўлса, иккинчиси, бу аянчли мавзу қайта-қайта кўтарилса ҳам, балки иложсизликдан, балки лоқайдликдан, балки атайдан қайта ишланган оқова сувларини тоза сувга қўшиб юбораётган Бўзсув аэрация станциясининг ҳам ўз ҳақиқатлари бор. Лекин ҳеч бир баҳона ва сабаб шундай йирик каналнинг Сирдарёга қуйилгунча бўлган қарийб 60 кмли тақдирига бу қадар бефарқлик қилинишини оқлай олмайди.

Бўзсув бўйида яшаётган аҳоли билан суҳбатлашганимизда уларнинг аксарияти сувдаги бу бузилиш ҳали ҳолваси экани, ёз ойларида сув ранги баттар қорайиб, қўланса ҳид атрофни тутиб кетиши, ҳашаротлар кўпайишидан нолиди.

“Cув оқова тозалаш иншооти қурилган ўша пайтларда, балки аҳоли шундай зичлашиб кетиши ҳисобга олинмагандир. Шу сабабли канализация сувлари кўпайиб кетаётгани ҳисобига ташқарига қайта ишланмаган сув ҳам чиқиб кетяпти. Ускуналари эскириб кетган. Сувларимиз ифлосланиб кетяпти.

15 йил олдин бу ерлар дезинфекция қилинарди. Ҳаммаёқ тозаланарди. Ҳозир шу ишлар қилинмаётгани ҳисобига пашша, чивин, ўргимчак, кана кўпайиб кетяпти. Майли, ташқаридан оқиб келаётган сувни тўхтатиб қололмаймиз. Лекин шу асбоб-ускуналарини янгилаб беришса, зарар ҳар ҳолда камаярди”, дейди шу ерга келин бўлиб келган Матлуба Воҳидова.