Ўзбекистон | 16:40 / 09.05.2023
47556
19 дақиқада ўқилади

“Фақат ҳужжатларда мавжуд эдик холос”. 30 йиллик сир остида унутилганлар — биринчи “мусулмон батальони” ҳақида

“Жанг эса давом этаётганди, ҳар томондан ўқ узилар эди. Қурбоновни ҳам машинага юкладим. Унинг тирик ё ўликлигини билмасдим. Тиббиёт пунктига келганимизда билдимки, у ўлган экан. Мана шу нарса қўрқинчли эди. Бизни ўзимизникилар ўлдирарди. Бизни бутун тун давомида биз ёрдам кутган ўзимизникилар ўлдирар эди”.

Kun.uz мухбири биринчи “мусулмон батальони” тарихига назар ташлаб, махфий қўшин таркибида хизмат қилган ҳарбийлар билан суҳбатлашди.

1979 йил 27 декабр куни СССР махсус қўшини Афғонистон раҳбари Ҳафизулла Аминни йўқ қилиш мақсадида Кобулдаги Тожбек саройига ҳужум қилади. Бу топшириқни бажаришда ўта махфий тузилган отряд – биринчи “мусулмон батальони” қатнашган. Бу қонли ўн йиллик афғон урушининг бошланиши эди.

“Мусулмон батальони”нинг ташкил топиши

“Савр инқилоби”дан сўнг Афғонистонда ҳукумат тепасига келган Нур Муҳаммад Тароқий ички исёнларни бостириш учун 1978 йилда совет ҳукуматидан қўшин киритишни сўрайди.

Бу ҳақда биринчи “мусулмон батальони” командири Ҳабибжон Холбоев шундай дейди:

Ҳабибжон Холбоев

“1979 йилда Кубада янги ташкил топган нейтрал давлатлар йиғилиши бўлган. Нур Муҳаммад Тароқий ҳам ўша йиғилишда қатнашиб, кейин тўғри Москвага борган. У ерда КГБ бошлиғи Андропов билан гаплашган. Леонид Брежневнинг олдига олиб киришганда ундан ёрдам сўраган. Брежнев таркиби 500 кишилик битта батальон беришини айтган ва СССР мудофаа вазири уни ташкил этиш бўйича Разведка бошқармасига топшириқ берган”.

Ҳабибжон Холбоев

Махфий отрядни тузиш учун собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидан ҳарбий хизматга чақирилган ўзбек, тожик ва туркман миллатига мансуб аскарларни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмга йиғишган.

Тошпўлат Қодиров

“1978 йилда Тошкент Фармацевтика институтини битирганимдан кейин йўлланма билан Наманганга ишлашга кетдим. Ўша ердан ҳарбий хизматга чақирилиб, Ашхобод шаҳридаги сержантлар тайёрлаш курсига бордим. 6 ойлик курсни битирганимдан кейин Тошкентдаги қўмондонлик билим юртига юборилдим. Бир ҳафта ўтгач эса батальонга чақиришди. Ашхободда пайтимиз Тошкентдан десант офицерлари бориб ўзбек, тожик, туркманларнинг рўйхатини ёзиб кетган экан, бундан хабаримиз ҳам бўлмаган”, – деб эслайди “мусулмон батальони” таркибида штаб бошлиғи ўринбосари сифатида хизмат қилган Тошпўлат Қодиров.

Биринчи мусулмон батальони механик ҳайдовчиси Шавкат Азаматов эса бир гуруҳ сафдошлари билан Қирғизистондан чақириб олинганини айтади.

Шавкат Азаматов

“Қирғизистонга тушганмиз хизматга. Иссиқкўл яқинида жуда яхши жой эди. Хизмат шунақа ўтаркан-да, деб турсак, бир ойдан кейин суҳбатдан ўтказишди. Тошкентлик эканимни билишгач, Чирчиқ уйимдан қанча масофада эканини сўрашган. Кейин Чирчиққа олиб кетишади сизларни дейишди. Аскар учун бундай чақириқлар табиий ҳол, ҳайрон бўлмадик. Чирчиққа бораётганимизни эшитиб, бир тарафдан хурсанд ҳам бўлганман. Чунки уйимга яқин. Механик ҳайдовчи сифатида олишган бизни. Кейин билсак махсус батальон тузилаётган экан. Таркиб фақат мусулмонлар – ўзбек, тожик, туркманлар эди. Бошида ҳайрон қолганмиз”, – дейди у.

Шундай қилиб 1979 йилнинг апрел ойида Туркистон ҳарбий округининг Чирчиқ шаҳридаги 15 ҳарбий бригадаси таркибида еттинчи батальон номи билан аслида 154-махсус топшириқли махфий батальон тузилган. Батальон шахсий таркиби 538 нафар жангчидан иборат бўлган.

Шавкат Азаматов

Тошпўлат Қодировга кўра, батальоннинг 70 фоиздан кўпроғи ўзбеклар, 20 фоизга яқин аскарлар тожик, 10 фоизи туркманлар бўлган. Энг ёш аскарлар, эндигина 19 га кирган, шу билан бирга камида ярим йил хизмат қилган тажрибаси бор аскарлар олинган. Лейтенантлар 23 ёш атрофида бўлса, офицерлар 30 ёш атрофида бўлган.

Жанговар тайёргарлик

“Май ойида шахсий таркибга мени таништиришган. Ўша кундан бошлаб батальонга камандир бўлиб хизмат қилганман. 1979 йил 1 июндан жанговар тайёргарликни бошлаганмиз. Ўқув дастури 3 ойлик эди: биринчи босқич 1,5 ой ва иккинчи босқич яна 1,5 ой. Барча бошқа хизматлардан озод қилиниб, фақат жанговар тайёргарлик кўрилган”, – дейди батальон командири Ҳабибжон Холбоев.

“Мусулмон батальони” рота командири ўринбосари Рашид Абдуллаевга кўра, таркибдаги барча мутахассислар – механик-ҳайдовчилар, операторлар, командирлар ўша пайтда ўз мутахассислиги бўйича энг камида 3-тоифа бўлишган.

Рашид Абдуллаев

“Аслини олганда кўпчилик 2-тоифага эга эди, уларни қайта тайёрлаш ҳам керак бўлмаган, чунки улар шундоқ ҳам ўз соҳасининг мутахассислари эди. Барча дала машғулотлари – отиш, ҳайдаш ва бошқаларни аъло баҳоларга топширишар, қўйилган меъёрларни ортиғи билан бажаришарди. Офицерлар ҳам ўзига яраша тайёргарликка эга бўлишган. Бу барча шахсий таркиб жанговар ҳаракатларга шайлигини билдирар эди. Асосий вазифа – жамоада жангда бирдамлик, ўзаро ёрдам ва бир-бирини тушуниш сифатларини шакллантириш бўлган”, – дейди Рашид Абдуллаев.

Рашид Абдуллаев

Шундай бўлса-да, машғулотлар оғир ўтказилган. Ҳаммасини Москвадан тайинланган раҳбар полковник Василий Колесник ҳар ҳафта келиб назорат қилиб борган. У «мусулмон батальони»ни ташкил этиш ва вазифаларини бажаришига масъул эди.

 

Батальон командири Ҳабибжон Холбоевга кўра, уларга махфий ҳарбий қисмнинг вазифаси жанубий чегараларда кўп бузиб кириш ҳолатлари кузатилаётгани учун ўша босқинчиларни тезкор йўқ қилиш деб тушунтирилган. Лекин машғулотлар давомида аскарларга афғон ҳарбий формаси тарқатилган.

“Афғонистонга боришимиз ҳақида тахминлар қилганмиз, лекин ҳеч ким аниғини билмаган. 1979 йил 4 декабрда биринчи гуруҳ Афғонистонга юборилгач аниқ билганмиз у ерга боришимизни”, – дейди батальон командири.

Батальон штаб бошлиғи ўринбосари Тошпўлат Қодировнинг айтишича, Москвада ҳар бир зобит учун махсус ёзги ва қишки Афғонистон ҳарбийлари формаси тиктирилган. Зобитларга Афғонистон паспорти ва ҳарбий гувоҳномалари, оддий аскарларга фақат ҳарбий гувоҳнома берилган.

“Форманинг янги экани билинмаслиги учун машғулотларда кийиб эскиртирганмиз. Менга Ҳирот шаҳридан чақирилган аскар сифатида ҳарбий гувоҳнома берилган. Исм-фамилияларимиз ҳам афғончага мослаб ўзгартирилган. Масалан, менинг ҳужжатимга Тошпўлат Исломович эмас, Тошпўлат Ислом ўғли, деб ёзилган эди. Ҳаммаси махфийликни сақлаш учун қилинган”, – дейди Тошпўлат Қодиров.

“Кейинчалик бизга Афғонистон раҳбари ёрдам сўрагани, биз уни қўриқлаш учун тайёрланаётганимиз секин-секин тушунтирилди. Лекин ҳаммаси аксинча бўлиши ўзимиз қўриқламоқчи бўлган саройни қамал қилиб олишимиз кераклигини ким ўйлабди”, – дейди Шавкат Азаматов.

Машғулотлар тугагач батальон командири Ҳабибжон Холбоев ҳамда яна икки киши фуқаро кийимида разведка учун Афғонистонга юборилади. Разведкачилар у ерда Тароқийнинг саройи, қўриқлаш тизими, сарой атрофидаги чет давлатларнинг элчихоналари ва турли ташкилотлар ҳақидаги барча маълумотларни тўплаб, Чирчиққа қайтиб келади.

“Разведкачилар қайтиб келгач ҳар хил хабарлар кўпая бошлади. Тароқий касал бўлиб қолибди, ўрнига Ҳафизулла Амин ҳукуматга келибди, деган гаплар тарқалди. Билишимизча Ҳафизулла Амин сиёсатда Америка томон бўлган ва у бизнинг боришимизни хоҳламади. Жанговар тайёргарлик тўхтади. Колхозларга ёрдамга чиқа бошладик. Биз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиштирадиган ишчи батальонга айланиб қолдик”, – дейди батальон штаб бошлиғи ўринбосари Тошпўлат Қодиров.

Бироқ кўп ўтмай Ҳафизулла Амин ҳам худди Тароқий сингари душманларидан ҳимояланиш учун СССРдан ҳарбий куч киритишни сўрай бошлагач, 1 ноябрда “мусулмон батальони” кучайтирилган казарма ҳолатига туширилади.

Раҳимбой Исмоилов.

“У пайтда 7 ноябрда парад бўларди унга тайёргарлик кўрдик. Парадни ўтказганимиздан кейин бирдан карантин қилишди. Ҳеч қаерга чиқмайдиган бўлдик. Кучли тартибдаги казармага айлантиришди базамизни. Кейин 4 декабрда бир рота Афғонистонга кетди”, – дея эслайди баталъон механик ҳайдовчиси Раҳимбой Исмоилов.

Раҳимбой Исмоилов.

Афғонистонда бир ой

Биринчи гуруҳ беш нафар офицер ўн нафар оддий аскар билан баталъонни кутиб олиш учун Кобулдан 60 км шимоли-ғарбдаги ҳудуд Баграмга бориб жойлашади. Биринчи гуруҳ жой тайёрлагач 9 январда қолган таркиб етиб боради.

“Баграмга борганимиздан сўнг бир неча кун ўтиб Бабрак Кармал бошчилигида янги Афғонистон ҳукумати келди. Уларнинг расмларини кўрсатиб офицерларга таништириб чиқишди. Мен ҳам уларнинг ичида бўлганим учун хабарим бўлди. Шундан кейин мақсад Аминни ағдариш эканини тушунганмиз”, – дейди штаб бошлиғи ўринбосари Тошпўлат Қодиров.

Биринчи “мусулмон батальoни” командири Ҳабибжон Холбоевнинг айтишича, шахсий таркиб Афғонистон ҳарбий формасида юрган. Алоқада асосан рус тилида гаплашилган бўлса-да, батальон ҳақида шубҳали маълумотлар ҳеч қаерга тарқамаган.

Ҳафизулла Амин баланд тепалик устидаги мустаҳкам қалъа – Тожбек қароргоҳини ўзига маскан қилганди ва ҳудудни ҳамиша 1000-2000 нафар яхши қуролланган аскар қўриқлаган. Улар 6та батальондан иборат бўлган. “Мусулмон батальони” таркибга еттинчи батальон бўлиб қўшилган.

Ҳабибжон Холбоевга кўра, Аминни йўқ қилишдан аввал Тароқий унинг буйруғи билан ўлдирилганлиги ҳақидаги таҳминларга аниқлик киритиш мақсад қилинади ва бунинг учун афғон томони зиёфатга чақирилади.

Зиёфатда ҳарбий бригаданинг сиёсий ишлар бўйича муовини ичиб олиб, Тароқийни биз ўлдирганмиз деб айтиб қўйди. Тароқий Москвадан қайтгач, уй қамоғида бўлган экан. Амин буйруғи билан ҳарбий бригада бошлиғи ва икки ёрдамчиси из қолдирмай бўғиб ўлдирган. Бу гапларни Колесникка айтдим, у эса Москвага хабар берди. 25 декабрда биз Аминни ўлдириш бўйича буйруқ олдик”, – дейди Холбоев.

Аввалига қароргоҳга КГБ агентлари бўлган икки ошпаз киритилиб, афғон ҳукмдори заҳарланади. Режага кўра, заҳар таъсир қилиб, тўполон кўтарилганда сарой эгалланиши лозим эди. Лекин заҳар Аминга улар режа қилганидек таъсир қилмайди.

“Мусулмон батальони” 3-рота командири ўринбосари Рашид Абдуллаев ҳужумга яқин жанговар тайёргарликни шундай эслайди:

“Биз тайёрланишни бошладик. Миллий хавфсизлик хизматининг “Зенит” гуруҳи биз билан бирга эди. Кейин “Гром” гуруҳи учиб келди. Ва 35-Фарғона полкидан десант ҳужум ротаси Баграм орқали етиб келди. Уларни ҳам отряд таркибига кўшишди. Биз аскарлар билан режадаги машғулотларни бажаришни бошладик. Секин-аста душман тараф ҳақида маълумотлар йиғишни, уларни ўрганишни, ҳар ким ўз объектини кўздан кечиришни бошлаб юборди. Қаерда, нимадан, қандай? Шу вақтда топшириқ ўзгарди. Саройни қўлга киритамиз, бошқа объектимиз йўқ, миллий гвардия бригадасини қамраб оламиз, деб айтишди”.

“Бўрон-333”

Полковник Василий Колесник бир кечада “Бўрон-333” ҳужум режасини ишлаб чиққач 27 декабрда операцияга тайёргарлик бошланади.

26 декабрда буйруқни тасдиқлатиб, қароргоҳимизга қайтдик. Эртаси куни соат 21:00 да ҳужум бошлашимиз керак эди. Ҳамма шу вақтга мўлжаллаб тайёргарлик кўраётган эди, лекин ҳужум 20:00 да, кейин эса 19:30 да деган буйруқ келди. Улгуришимиз қийин бўлган. Кейин билсак афғон тараф ҳам хавф бўлаётганини, биз жангга тайёрланаётганимизни сезиб қолган экан”, – дея хотирлайди Ҳабибжон Холбоев.

Ҳужум олдидан аскарларга бир-бирини қоронғида таниб олиш учун пароллар берилган ва билагига оқ боғич боғланган.

“Айнан бизнинг қисмга шундай буйруқ бўлдики: биз саройга кирмаймиз, у ерда фақат 30 кишидан 2 та гуруҳ – “Гром” ва “Зенит” ишлайди. Биз эса фақат кириш ва чиқиш йўлларини қуршаб оламиз. Жами у ерда 7 та йўлак бўлиб, ана шу йўлакларни 7 та махсус машиналар билан ўраб олдик. Ойналардан ҳеч ким қочмаслигини назорат қилдик. Ҳеч ким кирмайди, чиқмайди, асир олинадиган бўлди”, – дейди батальон рота командири ўринбосари Рашид Абдуллаев.

Лекин “Гром” ва “Зинет” бир ҳамлада саройни эгаллай олмагач батальон аскарларини ҳужумга жалб қилишади.

“Снаряд тегиб электр таъминоти узилган. Ҳамма жой қоронғи, туман, бақир-чақир — жуда қўрқинчли ҳолат. Саройга кирган пайтимда ерда бир аёл ўлиб ётарди... Буни тасвирлаш қийин, оғир вазият. Мен биринчи қаватда постда турганман буйруқ билан. Аминнинг қизи ва куёви қўлида бола билан чиқиб, менга русчалаб гапирган. Бизга дўст эдинглар, нега бунақа қиляпсиз, деб сўраган. Кейин билишимча, Россияда тиббиёт академиясида ўқиган экан. Гаплашмаслик буюрилгани учун жавоб бермаганман. Ўша пайт афғонларнинг бир генералини ўлдириб қўйганман. Офицеримизга айтсам, ”Бу — уруш” деган. Қўрққанман ўшанда, 19 ёш эдим. Олдимизда икки йўл бўлган: сен отишинг керак ёки сени отишади. Худди машқ жараёнидек, лекин бошқа нарса. Биринчи марта бу ҳолатга тушиш қийин жуда”, – дея хотирлайди Шавкат Азаматов.

Батальон командири Ҳабибжон Холбоевга кўра ҳужум вақти тахминан 40 дақиқалар ичида Ҳафизулла Амин ўлдирилади. Унинг шахси тасдиқлангач саройдан 1-1,5 км узоққа олиб бориб кўмишган.

Йўқотишлар

“Менинг батальонимдан 8 киши ўлган. 36 киши эса ярадор бўлиб ҳарбий ҳоспиталга тушган, улардан ташқари ҳам енгил ярадор бўлганлар бор эди. Давлат хавфсизлик хизматидан 3 киши ўлган. Ичкарида Амин жангчиларининг 200 дан ортиғи ўлган”, – дейди йўқотишлар ҳақида гапираркан Ҳабибжон Холбоев.

Шавкат Азаматов эса кўз олдида жон берган сафдошларининг сўнгги лаҳзаларини шундай хотирлади:

Собир исмли оғайнимиз бор эди. Ичкарида ёнимда эди. Нима бўлди-ю, ташқарига чиқди. Ўша пайтда пулемётдан отишган экан. Биринчи йўқотишимиз шу бўлган эди. Ўзим билан хизмат қилган, яқин эдик.

Кейин Мирқосим деган йигит ҳам. Қўлтиқлаб олганимда иссиқ қон тегди қўлимга, бўйин-елка қисмидан жароҳатланган экан. Олиб чиқаётганимизда “Уйдагилар билмасин” деб айтган гапи ҳеч эсимдан чиқмайди. 20 ёшда эди... Соғайиб кетади деб ўйлагандик, лекин ундай бўлмади”.

Ҳужумда қатнашганларнинг айтишича, жанг тугаб, тонгга яқин Витебск десант дивизияси етиб борган. Ҳамма аскарлар афғон ҳарбий формасида бўлишганини ҳисобга олмасдан ўт очишни бошлашган. Батальон таркибидан жангда икки киши ҳалок бўлган бўлса, қолганлар Витебск десант дивизияси ўқидан ҳалок бўлган.

“Мен ўзимизникиларга қарата ўт очишга команда бера олмаганман. Қўл остимдаги одамларим эса кўз ўнгимда ҳалок бўлишар, яраланишар эди. Тансоқчим Қурбонов билан яраланган пулемётчи Турсуновни машинага олиб бормоқчи бўлдик, у қонга беланган ҳолда эди. Шу вақтда Қурбонов ҳам яраланди. Турсуновни ўзим машинага етказиб олиб бордим. Кейин Қурбоновнинг олдига қайтдим. Жанг эса давом этаётганди, ҳар томондан ўқ узилар эди. Қурбоновни ҳам машинага юкладим. Унинг тирик ё ўликлигини билмасдим. Тиббиёт пунктига келганимизда билдимки, у ўлган экан. Мана шу нарса қўрқинчли эди. Бизни ўзимизникилар ўлдирар эди. Бизни бутун тун давомида биз ёрдам кутган ўзимизникилар ўлдирар эди. Ўзимизникилар”, – дея ўша машъум воқеани эслайди Рашид Абдуллаев.

Ўттиз йиллик сир – унутилганлар

Аввалига “мусулмон батальони”га Афғонистоннинг янги ҳукмдори Бабрак Кармални ҳимоя қилиш топширилади. 8 январда буйруқ ўзгаради. 10 январгача батальон таркиби Чирчиққа қайтарилади.

Тошпўлат Қодировга кўра, ватанга қайтиш ҳам осон бўлмаган. Унинг айтишича, сирлар очилмаслиги учун баталъон учган иккита самолёт уриб туширилишига буйруқ берилган.

“КГБнинг қанчалик жирканч ташкилот бўлганини билиш мумкин шундан. Қобулдан учиб чиқаётган пайтда уриб туширилиши керак экан самолёт. Бир пайт Холбоев, штаб бошлиғи Ашуров ва махсус бўлим камандирини самолётдан чақириб олишди ташқарига. Уларга самолётга қайтиб чиқмаслик айтилган, улар билан келдик, нима бўлса ҳам улар билан охиригача биргамиз, дейишган. Ўша ерда кўп тортишувлар бўлган. Командирларимиз биз билан бирга кетишга қарор қилишган”, – дейди у.

Бу орада батальонга берилган янги махфий қуролнинг Афғонистонда қолдирилаётганини эшитиб, униям самолётга ортиш буюрилади. Бу учун 2 соат сарфланади ва учиш вақти ўзгаради. Шу вақт ичида самолётни уриб тушириши керак бўлган артиллерия бошқа топшириқларини бажариш учун чалғиб таркиб эсон-омон учиб кетган деган тахминлар бор.

“Алам қиладигани шуки, қаердадир шу уруш ҳақида гап кетиб қолса, нима бўпти, биз юбормаганмиз-ку сизларни, деган гапларни эшитдик. Худди биз ўзимиз боргандек... Қасамёдимизга содиқ бўлиб, ўша ерга борганмиз буйруқ билан. Юқоридаги сиёсатчилар хатоси билан биз шунга маҳкум бўлганмиз. Бутун дунё агрессия деб қабул қилди буни, биз эса айбдор бўлиб қолдик. Ҳар доимгидек ижрочи айбдор бўлди”, – дейди алам билан Тошпўлат Қодиров.

Мусулмон батальонида хизмат қилганларга “Афғон уруши қатнашчиси” мақоми берилмаган. Вазифа бажарилгач тирик қолганлардан сирни ошкор қилмаслик ҳақида тилхат олинган ва 1980 йилнинг май ойида батальон таркиби тарқатиб юборилган.

“Аскарлардан 30 йил давомида ҳеч кимга ҳеч нарса, қаерда бўлишган, кимлар билан нима қилишгани тўғрисида айтиш мумкин эмасди. Улар фақат 1979 йил 26 апрелгача бўлган давр тўғрисида гапира олишлари мумкин эди холос. Ҳатто Чирчиқда машғулотлар даврида ҳам аскарларга ўз уйларига хат ёзиш ҳам тақиқланганди. Таркиб тарқатилди. Фақат офицерлар қолди. 1980 йилнинг октябрида бизнинг ҳарбий қисмга 154-махсус топшириқли алоҳида отряд номи берилиб, жанговар байроқ ва муҳр топширилди. Унгача бизнинг ҳарбий қисм на Қуролли кучлар, на 40-армия таркибида бор эди, биз худди йўқ эдик. Фақатгина қоғозларда, штат-лавозим китобларида бор эдик, Мабодо бизни жанговар ҳаракатлар вақтида йўқ қилиб ташлашса, бизни ҳеч ким эсга ҳам олмасди, уйига “хизмат фаолияти даврида ҳалок бўлган” дейилган бўлар эди, холос”, – дейди Рашид Абдуллаев.

“Бўрон-333” операциясида биринчи “мусулмон батальони”нинг иштироки яқин-яқингача умуман тилга олинмаган. Ҳужум пайти ҳалок бўлган сержант ва аскарларнинг жасадлари уйларига жўнатилганда ҳам яқинларига улар қаерда ва қандай ҳалок бўлгани ҳақида айтилмаган. Фақат совет иттифоқи ҳудудида хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган, деб айтилган, холос.

Мақсуда Абдуқаюмова, журналист
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид