СССРни Сталин бошқарган 1922-1953 йиллар оралиғида, НКВД томонидан миллионлаб инсонлар ноҳақ қатағон қилинган, қамоққа тиқилган ва ўлдириб юборилган. Тарихчилар қатағон қилинганлар сони 20 миллиондан ошиқ экани ҳақида ёзади. Уларнинг барчаси ГУЛаг – Қамоқхоналар бош бошқармасига бўйсунувчи қамоқхона лагерларида оғир шароитда сақланган ва ишлатилган. Маҳкумлар меҳнати эвазига бажарилган ишлар эса олчоқларча «совет халқининг заҳматли меҳнати туфайли қилингани» айтилган.

Бугун «cовет иттифоқи» дейилганда кўпчилик ёвуз бир салтанатни эслайди. Бунга сабаб, бу давлат Иккинчи жаҳон урушида 20 миллиондан ошиқ қурбон бергани етмагандай, ёвуз бошқарув туфайли ўзининг 20 миллиондан ортиқ аҳолисини қатағон қилган. Қатағонларнинг асосий қисми мамлакатни 31 йил бошқарган Иосиф Сталин даврида содир этилган.

Агар тарихга назар ташланса, ўша қатағонлар тасодифан бўлмаган, ёвуз тузум унга анча аввалдан тайёргарлик кўрганди. Сталин СССРни қамоқхоналар мамлакатига айлантиришни 1920-йилларнинг иккинчи ярмида бошлаган эди.

Қатағонларнинг илк йирик тўлқини 1928-1932 йилларда аҳолини мажбурий тарзда колхозларга жалб қилиш пайтида бошланган. Ўшанда ўзига тўқ ва ўртаҳолларни «бой-қулоқ» деб жазолаш ортидан мамлакатда кўплаб одамларнинг мол-мулки тортиб олиниб, узоқ ҳудудларга сургун қилинади. Миллионлаб одам қамоққа тиқилади. Бошқалари отиб ўлдирилади.

Лагерлар (Қамоқхоналар) бош бошқармаси (ГУЛаг) махсус бўлими маълумотларига кўра, 1928-1931 йилларда, СССР бўйлаб коллективлаштириш ишларида 381 мингта оила қулоқ қилинган ва 1 млн 803 минг 392 нафар киши қамалган.

Коллективлаштириш пайтида қишлоқ аёли уйидан қувилмоқда. 1930-йиллар.

Сталин қатағонлари ҳақида кўплаб тадқиқотлар ўтказган тарихчи В.Н.Замсков берган маълумотларга кўра, СССРда 1928-1940 йиллар оралиғида айнан коллективлаштириш баҳонасида 2,5 миллион киши қамалган.

ГУЛаг’нинг ташкил этилиши

1929 йилгача СССРдаги қамоқхоналар ва қамоқхона лагерлари иттифоқдош республикаларнинг ички ишлар халқ комиссариатлари таркибида бўлган.

Коллективлаштириш даврида кўплаб одамлар қамалгани учун мамлакатда қамоқхоналар етишмай қолади. Шундан сўнг қатағонларда жазоланганларни сақлаш учун қамоқхона лагерлари қурила бошланади.