Ўзбекистон | 14:21 / 19.05.2023
4115
5 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё ва Хитой Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш режалаштириляпти

Марказий Осиё ва Хитой Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш мўлжалланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Хитой” саммитида маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Минтақавий ҳамкорлик билан боғлиқ энг долзарб масалалар бўйича бизнинг қарашларимиз ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Энг аввало, бу – мамлакатларимиз ва бутун минтақанинг барқарор ривожланиши учун зарур шароитларни шакллантиришдан иборат. Бу масалада биз аҳоли турмуш даражасини ошириш ва камбағалликка қарши самарали курашишга устувор аҳамият берамиз.

Шу борада тегишли миллий дастурларни амалга оширишда Хитойнинг илғор тажрибасидан фаол фойдаланган ҳолда, фақатгина сўнгги бир йилда бир миллиондан ортиқ фуқароларимизни эҳтиёжмандлар тоифасидан чиқаришга эришдик.

Биз кеча муҳтарам Хитой Халқ Республикасининг Раиси билан Глобал тараққиёт ташаббусларининг бош мақсадига эришиш учун биргаликдаги ишларимизни давом эттиришга келишиб олдик.

Ишончим комил, аҳоли ҳаёт даражасини ошириш ва ҳудудларни, энг аввало, қишлоқ туманларини ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган қўшма дастурни қабул қилиш ва амалга ошириш халқларимиз томонидан қўллаб-қувватланади ҳамда бу 2030 йилгача бўлган Кун тартибидаги мақсадларга эришиш йўлида умумий ҳиссамиз бўлади.

Биз янги иқтисодий мулоқотни шакллантириш ва мамлакатларимиз ўзаро боғлиқлигини кучайтириш тарафдоримиз”, деди президент.

Таъкидланишича, минтақа мамлакатлари томонидан 2030 йилгача Хитой билан товар айланмаси ҳажмини икки баробар оширишга бемалол эришиш мумкин. Бунга биринчи навбатда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришнинг мутаносиб ўсиши, самарали савдо-логистика инфратузилмалари ва замонавий улгуржи-тақсимлаш тармоқларини шакллантириш, “яшил” ва экспресс-йўлаклар тизимини жорий этиш, электрон тижоратнинг умумий платформасини яратиш ҳисобидан эришилади.

“Мамлакатларимизда экспорт ва импорт кўргазмалари, бизнес ва инвестиция форумларини ҳар йили ўтказиб бориш, Марказий Осиё ва Хитой Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш муҳимлигини таъкидлаймиз.

Қулай шарт-шароитлар ва зарурий ҳуқуқий базани шакллантириш учун Ўзаро савдога кўмаклашиш ва инвестицияларни рағбатлантириш тўғрисида кўп томонлама битимни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Саноат кооперациясини чуқурлаштириш, рақамли технологияларни жалб этиш ва инновацияларни, айниқса, қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш масалалари Хитойнинг провинциялари билан тўғридан тўғри ҳудудлараро мулоқотлар доирасида самарали ҳал этилиши мумкин.

Амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, биродарлик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш учун бу йил Ўзбекистонда мамлакатларимиз шаҳарлари ва минтақаларининг форуми ва кўргазмасини ўтказишни таклиф этаман”, деди Шавкат Мирзиёев.

Маълум қилинишича, хавфсиз, қисқа ва қулай транспорт коридорларини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. Улар Хитойни минтақа билан боғлаб, Европа, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имкониятини беради.

Транс-Евросиё магистрали Буюк ипак йўлини тиклаш бўйича устувор лойиҳа ҳисобланади. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон автомобиль ва темирйўли ушбу магистралнинг муҳим таркибий бўғинидир. Хитой ва Қирғизистон билан биргаликда бу борада амалий ишлар босқичига ўтилмоқда.

Истиқболда ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши ва Трансафғон коридорининг қурилиши “Бир макон ва бир йўл” ташаббуси доирасида Хитойни Жанубий Осиё мамлакатлари билан муқобил йўллар орқали боғлаш имконини беради.

“Шунингдек, транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича миллий дастурларнинг уйғунлигини таъминлаш ва шу асосда узоқ муддатга мўлжалланган ягона стратегияни ишлаб чиқишни биринчи галдаги вазифа, деб ҳисоблаймиз.

Иқлим ўзгариши ва “яшил энергетика” бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратишни таклиф этаман.

Афсуски, Марказий Осиёдаги энергетика инфратузилмаларини ривожлантириш суръатлари саноатлашиш ва урбанизация жараёнларидан, шунингдек, аҳоли ўсишидан ортда қолмоқда. Бу эса мамлакатларимизнинг узоқ муддатли барқарор тараққиёти учун чиндан ҳам жиддий таҳдиддир.

Хитойнинг қуёш, шамол ва гидро-энергетика, шунингдек, лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг молиявий воситалари соҳасида технологик жиҳатдан етакчи эканини ҳисобга олиб, муқобил энергетика бўйича яқин илмий-амалий шерикликни кенгайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Оролбўйидаги экологик муаммоларни ҳал этиш, биохилма-хилликни ҳимоя қилиш, музликлар ва тупроқ ҳосилдорлигини сақлаш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этишда ҳам самарали ҳамкорликка тайёрмиз”, деди Ўзбекистон раҳбари.

Мавзуга оид