Сўнгги пайтларда Покистон собиқ бош вазири Имрон Хоннинг ҳибсга олиниши фонида мамлакатда йирик намойишлар бўлиб ўтди. Бундан бир йил аввал Покистон парламенти Имрон Хонга нисбатан ишончсизлик вотумини эълон қилиб, муддатидан олдин бош вазир лавозимидан четлатган эли. Орадан бир йил ўтган бўлса-да, сиёсий вазият ҳамон барқарорлашгани йўқ.

Собиқ бош вазир жорий йил 9 май куни ҳибсга олинди. Шундан кейин мамлакатда намойишлар бошланди. 11 майда Имрон Хон суднинг қарори билан озодликка чиқарилди. Лекин намойишчилар бу билан тўхтаб қолмади, чунки собиқ раҳбарга қарши очилган суд иши ҳали ҳам давом этмоқда. Иш хорижий давлат мулозимларидан совғалар олиш ва уларни сотиш билан боғлиқ.

Имрон Хоннинг мамлакат бош вазири лавозимидан озод қилиниши, у 2022 йилнинг 23 февралида, яъни Россиянинг Украинага босқинидан бир кун аввал Москвага сафар қилганидан кўп ўтмай рўй берган эди.

Kun.uz сиёсий фанлар доктори, профессор Актам Жалилов билан Покистон атрофидаги геосиёсий ўйинлар ва “қизил чизиқлар”ни босиб ўтган Имрон Хон ҳақида суҳбатлашди.

— Бугун Покистондаги намойишлар фақатгина собиқ бош вазирнинг ҳибсга олиниши туфайли юз бердими ёки мамлакатдаги ижтимоий вазиятни шу даражага олиб келган бошқа омиллар ҳам мавжудми?

— Бугунги кунда Покистонда юз бераётган сиёсий бўронлар Имрон Хоннинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ. Албатта, бу жараёнларнинг ўзига хос тарихи мавжуд ва буни мамлакатнинг сиёсий ривожланиши билан ҳам боғлаш мумкин. Биз Покистоннинг бугунги ҳолатига баҳо бериш учун унинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий соҳаларига назар ташлашимиз керак. Маълумки, Покистон мустақилликка эришганидан бери маълум бир сиёсий гуруҳлар томонидан бошқариб келинмоқда, бу гуруҳлар ҳарбийлар ҳамда йирик оилалар ҳисобланади. Шунинг учун собиқ бош вазирнинг ҳибсга олиниши ёки ўтган йилнинг апрель ойида унинг ишончсизлик вотуми орқали ҳокимиятдан ағдарилиши, унинг ўрнига яна бир собиқ бош вазир Навоз Шарифнинг укаси Шаҳбоз Шариф келиши ва 2023 йилнинг кузида ўтказилиши кутилаётган сайловлар билан ҳам боғлиқ.

— Имрон Хоннинг ҳокимият тепасига келишида армиянинг роли катта эканига ишонилади. Агар шундай бўлса, нега ҳарбийлар ёки бошқа ҳукумат вакиллари унинг бошқарувда қолишини қўллаб-қувватламади?

— Биз шу ўринда 2022 йилнинг кузида АҚШ президенти Жо Байденнинг Покистон ҳақида билдирган ядро қуроли билан боғлиқ фикрини эслашимиз керак. Байден Покистонни ядро қуролига эга энг хавфли давлат деб атаган ва бу фикр Покистон раҳбариятининг норозилигига сабаб бўлганди. Лекин кўп ўтмай, АҚШ Давлат департаменти Покистоннинг ядровий дастурини қўллаб-қувватлашини маълум қилади. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Покистонда ҳарбийлар мамлакатнинг нафақат ташқи сиёсати, балки ички сиёсати ва иқтисодий тараққиётига ҳам катта таъсир кўрсата оладиган куч ҳисобланади.