Жаҳон | 08:23 / 23.05.2023
13560
2 дақиқада ўқилади

Пашинян: Арманистон Қорабоғни Озарбойжон ҳудуди деб тан олиши мумкин

КХШТга аъзоликнинг “ҳеч нарса бермайдиган” мақоми Ереванга хавфсизлик масалаларини муҳокама этишига тўсқинлик қилмоқда, деди Арманистон бош вазири Никол Пашинян. У Арманистон ташкилотдан чиқиши ёки аъзолигини музлатиб қўйиши мумкинлигини истисно этмади.

Фото: Reuters

Арманистон бош вазири Никол Пашинян агар Боку ҳудуддаги арманларнинг ҳуқуқларини кафолатласа, Ереван Тоғли Қорабоғни Озарбойжоннинг бир қисми сифатида тан олиши мумкинлигини айтди. "Озарбойжон ҳудудининг 86 минг 600 квадрат километри Тоғли Қорабоғни ўз ичига олади. Агар бир-биримизни тўғри тушунсак, Арманистон Озарбойжон ҳудудий яхлитлигини кўрсатилган чегаралар доирасида, Боку эса - Арманистоннинг 29 минг 800 квадрат километр ҳудудий яхлитлигини тан олади", - деди у 22 май, душанба куни Ереванда бўлиб ўтган матбуот анжуманида

“Шуни қайд этиш муҳимки, Ереван Тоғли Қорабоғ арманларининг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги масалалари Боку-Степанакерт музокаралари форматида муҳокама этилиши лозимлигини эълон қилади”, — деди Арманистон бош вазири.

Шу билан бирга, Пашинян ўз мамлакатининг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)дан чиқиши эҳтимоли ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозир бу масала муҳокама қилинмоқда. "Мен Арманистон де-юре КХШТдан чиқиши ёки аъзолигини музлатиб қўйиши мумкинлигини инкор эта олмайман. Лекин бу фақат КХШТ Арманистондан чиққани қайд этилган тақдирдагина содир бўлади", - деди Пашинян.

Шу билан бирга, Арманистон ҳукумати раҳбари КХШТ кузатув миссияси Арманистонга келмаётганига ишора қилди. “КХШТнинг Арманистондан чиқиши ҳақида гапирганда, мен ташкилотнинг Арманистон олдидаги мажбуриятларини назарда тутяпман”, - дея тушунтирди у. Бундан ташқари, Пашиняннинг айтишича, КХШТга аъзо давлатнинг “ҳеч нарса бермайдиган” расмий мақоми Ереванда хавфсизлик масалаларини муҳокама этишга тўсқинлик қилмоқда. "Сизнингча, бизга бошқа давлатлардан қурол-яроғ ва ҳарбий техника олиш бўйича таклифлар келмадими? Албатта, бундай имконият бор эди, лекин бу имкониятнинг ёпилиши асосан Арманистоннинг КХШТга аъзо бўлиши билан боғлиқ бўлди", — дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид