
Россия эса янги реалликни тан олишга мажбур, дейди сиёсатшунос Андрей Казанцев Forbes Russia нашрида ёзган мақоласида.
Хитой етакчиси Си Жинпингнинг Марказий Осиё давлатларининг беш президенти билан учрашуви натижаси 19 май куни имзоланган ва унда «Хитой — Марказий Осиё» ҳамкорлигининг янги формати таъсис этилгани эълон қилинган Сиан декларацияси бўлди. Саммитда конкрет иқтисодий масалалар, масалан Пекин томонидан минтақани ривожлантириш учун 3,8 млрд доллар ажратилиши муҳокама қилинди. Бироқ, Сиандаги учрашувлар натижаси биринчи навбатда узоқ муддатли сиёсий оқибатлар нуқтайи назаридан муҳим.
Чорраҳада жойлашган давлатлар
Эслатиб ўтиш жоизки, Ғарб — АҚШ ва Евроиттифоқ, шунингдек Осиё давлатлари — Туркия, Япония ва Жанубий Корея Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро ҳамкорликнинг шунга ўхшаш форматига эга. Яқиндан бошлаб, Россия ҳам шу йўлдан юра бошлади. Туркия, масалан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида минтақа давлатлари билан ҳамкорлик қилади. Мана шу формат тарғибот ва маданий жиҳатдан энг кучлиси бўлса керак.
Европа Иттифоқида Марказий Осиё ишлари бўйича махсус вакил ҳамда етарли тарзда ишлаб чиқилган минтақавий стратегия бор. Американинг формати институционал жиҳатдан барқарор эмас. Масалан давлат котиби унда гоҳ иштирок этади, гоҳида йўқ. Боз устига, АҚШнинг минтақадаги манфаатларини англаши Вашингтондаги маъмурият алмашинишига қараб мунтазам ўзгариб туради. Ҳозир ғарбликларнинг ҳар икки формати Афғонистондаги урушнинг муваффақиятсиз тугаши, минтақага ғарбда қизиқишнинг пасайгани, Украина инқирози контекстида Марказий Осиё билан муносабатларни қандай қуриш кераклигини тушунмаслик оқибатида очиқ-равшан таназзул ёқасига келиб қолган.
















