1950-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб СССР ва АҚШ томонидан фазони забт этиш учун пойга бошланади. Ҳар икки давлат томонидан аввалига турли ҳажмдаги сунъий йўлдошлар коинотга чиқарилади. Кейин эса космик кемалар ясалиб, уларда тирик жон учирилади.

СССРда илк парвоз итлар билан ўтказилганда, АҚШ конструкторлари маймунни учиришади. 1961 йилда Гагарин фазога парвоз қилгач, америкаликлар ҳам одам учиришга муваффақ бўлишади.

Ундан кейин ҳам капиталистик ҳамда социалистик қутбнинг етакчилари бўлган СССР ва АҚШ фазони ўзлаштиришда кескин рақобат олиб боришади.

Ўша пайтда ҳар бир космик кеманинг ясалиши, парвозга тайёрлаш, учириш каби ишлар миллиардлаб доллар маблағни талаб қиларди. Шу сабабли 1970-йиллар бошида АҚШликлар кўп марта фойдаланса бўладиган космик кема ясаш устида иш бошлайди.

Бу ҳақда хабар топган СССР ҳукумати ҳам америкаликлардан ортда қолмаслик учун совет конструкторларига шундай кема тайёрлаш топшириғини қўяди. Бироқ бу осон эмасди.

Янги типдаги космик кемани тайёрлашда америкаликлар чаққонроқ чиқишади. Улар 1980-йиллар бошида илк бор кўп марта фойдаланиладиган космик кемани ясаб уни муваффақиятли синовдан ўтказишади.

Кейинчалик бундай турдаги космик кемаларнинг яна бир нечтасини ясаб чиқишади. Натижада АҚШ СССРга қараганда ҳар бир парвоз учун камроқ маблағ сарфлай бошлади.

Советлар эса кўп марта фойдаланиладиган космик кемани тайёрлашни чўзиб юборишади. Фақат 1980 йиллар охирига бориб ягона нусхада тайёрлашади. Бироқ унинг синов парвози кутилгандай бўлмайди. Шундан сўнг ушбу космик кема бошқа парвоз қилмайди. Кўп ўтмай лойиҳа бутунлай тўхтатилади.

Америкалик астронавт Жон Гленн ва Юрий Гагарин

«Буран»нинг ясалиши

1973 йилда СССР министрлар совети президиуми кўп марта фойдаланса бўладиган космик кема тайёрлаш бўйича қарор қабул қилади. Ўша пайтда америкаликлар бундай кемаларни тайёрлаш бўйича ишларни аллақачон бошлаб юборганди.

Янги турдаги космик кемани тайёрлаш ишлари мудофаа вазирлиги таркибидаги Фазовий мудофаа бош бошқармасига топширилади.

Бироқ бундай космик кемани ясаб чиқиш осон иш эмасди. Шу сабабли лойиҳаларни тайёрлашнинг ўзига бир неча йил кетади. Ниҳоят 1976 йилда СССР мудофаа вазири Дмитрий Устинов кема лойиҳасини тасдиқлайди.