АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти 18 декабр куни Калифорния штатига 2035 йилга қадар барча янги автомобиллар сотувида нол эмиссия бўлишини талаб қилувчи ўз регламентини тўлиқ амалга оширишга рухсат берди. Бу ҳақда Калифорния губернаторлиги маълум қилди.
Калифорния ҳаво ресурслари кенгаши томонидан 2022 йилда қабул қилинган Advanced Clean Cars II (ACC II) регламенти ички ёнув двигателига эга автомобиллар учун эмиссияларни камайтиришга доир қаттиқ талабларни илгари суради.
«Байден-Харрис маъмурияти биз ўнлаб йиллар давомида билган нарсамизни яна бир бор тасдиқлади – Калифорния ҳавони тозалаш ва ифлосланишни камайтириш орқали одамларимизни ҳимоя қилиш муаммосига ечим топиши мумкин. Ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ марка ва моделлар мавжудлиги сабабли, миллионлаб калифорнияликлар аллақачон электромобилларга ўтишди. Автомобил ишлаб чиқарувчилари бу борада бизнинг истеъмолчилар билан бирга қолиш ниятида эканликларини очиқ айтди. Биз одамларнинг пулини тежайдиган тоза автомобиллар сари интиламиз.

Сайланган президент Трамп каби танқидчилар нефт саноатини истеъмолчилар ва маҳаллий автомобил ишлаб чиқарувчилардан устунроқ кўряпти, лекин Калифорния бозорда янги инновацияларни қўллаб-қувватлашда давом этади», – деган Калифорния губернатори Гавин Невсом.
Қазилма ёқилғиларда (бензин, дизель, газ кабилар) юрадиган транспортлар Калифорниядаги ҳаво ифлосланишининг энг катта манбайи ҳисобланади. Юқоридаги тартибга ишга тушиши 2035 йилга қадар штатда тўлиқ ички ёнув двигателида юрадиган янги йўловчи транспорт воситаларини сотишни босқичма-босқич тўхтатади.
Калифорния губернаторлигига кўра, Advanced Clean Cars II регламенти қуйидагиларни назарда тутади:
- Истеъмолчилар пули тежалади. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳайдовчилар техник хизмат кўрсатиш ва ёқилғи нархининг пастлиги туфайли нол эмиссияли машиналарга ўтишда 7,5 минг доллар маблағини тежайди. Тежалган маблағ жами 90 миллиард доллардан ошади.
- Ҳаётни ва соғлиқни сақлаш харажатлари учун ҳам миллиардлаб долларлар тежалади. Ифлослантирувчи моддалар 25 фоиздан кўпроққа қисқариши натижасида штат аҳолиси нафас йўллари касалликлари билан боғлиқ тиббий харажатларни 13 миллиард долларгача тежайди.

















