Ўзбекистон | 09:57 / 27.05.2023
8925
2 дақиқада ўқилади

Мавлоно куллиёти ва Бухоро амирлиги қушбеги маъмурияти архиви ЮНЕСКО реестридан жой олди

Парижда жойлашган ЮНЕСКО бош қароргоҳида бўлиб ўтган Ижроия кенгашининг 216-йиғилиши доирасидаги якуний ялпи мажлисда алоҳида резолюция билан 64 та ҳужжатлар тўплами, шу жумладан, Ўзбекистон бошчилигида илгари сурилган икки ҳужжат ЮНЕСКО "Жаҳон хотираси" реестрига киритилди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Фото: Reuters

Реестрга киритилган ҳужжатлар қуйидагилар:

- Бухоро амирлигининг қушбеги маъмурияти архивлари тўплами (Ўзбекистон томонидан тақдим қилинган). Ушбу тўплам Марказий Осиё ҳукмдорларининг Бухородаги энг йирик архивлари йиғиндисидир. Унда ҳозирги Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, қисман Афғонистон ҳудудида 200 йилдан ортиқ вақт давомида содир бўлган тарихий воқеалар акс этган ҳужжатлар ўрин олган. Архивда Бухоро амирлигининг Россия, Буюк Британия, Туркия, Эрон, Афғонистон, Япония, АҚШ, ҳамда Хива ва Қўқон хонликлари билан дипломатия алоқалари ҳақида ҳам муҳим маълумотлар бор. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланаётган тўплам араб, форс, ўзбек чиғатойи, рус ва бошқа тилларда ёзилган 9,5 мингга яқин жилддан (200 мингга яқин алоҳида ҳужжат) иборат;

- Мавлоно куллиёти  – 13-асрда яшаган буюк сўфийлардан бири ҳисобланган шоир, файласуф, олим ва илоҳиётчи Мавлоно Жалолиддин Румий асарларининг тўлиқ тўплами. Ўзбекистон ва Болгария, Германия, Эрон, Тожикистон ва Туркия томонидан тақдим этилган. Куллиёт файласуфнинг тўлиқ асарларини ўз ичига олади. Мавлононинг барча асарлари форс тилида ёзилган, бироқ уларнинг баъзиларида араб, турк ва юнон иборалари ҳам мавжуд. Улар дунё бўйлаб минглаб қўлёзма нусхалари билан кўплаб тилларга таржима қилинган. Бу асарлар Шарқ мамлакатлари халқлари тарихи ва маданиятини ўрганиш нуқтайи назаридан жуда катта илмий аҳамиятга эга.

1992 йилда ЮНЕСКО томонидан ташкил этилган “Жаҳон хотираси” реестри ҳужжатли мерос - қоғоз, аудиовизуал, рақамли ёки бошқа ҳар қандай форматдаги муҳим ва доимий қийматга эга бўлган ҳужжатлар ёки ҳужжатлар тўпламининг қайтариб бўлмайдиган йўқотилишининг олдини олиш, авайлаб асраш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган дастур ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур реестрга киритилган тўпламларнинг умумий сони 494 тани ташкил этади.

Мавзуга оид