Жаҳон | 09:57 / 30.05.2023
6316
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига бағишланган видеомулоқот бўлиб ўтди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигида танқидий ва таҳлилий руҳда кечган мазкур тадбирда оналар ва болалар саломатлигини асраш борасидаги муҳим масалалар атрофлича муҳокама этилди.

ССВ матбуот хизмати маълумот беришича, бугунги кунда ушбу соҳада мамлакатда Республика перинатал маркази, Республика скрининг ва репродуктив саломатлик марказлари ҳамда уларнинг ҳудудлардаги филиаллари, Республика ихтисослашган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, шаҳар ва туманларда 400 дан зиёд туғуруқ ва болалар муассасалари хизмат кўрсатиб келмоқда. 

Вазир ўз маърузасида сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда айнан туғуруқ комплекслари фаолияти бўйича кўплаб салбий фикрлар тарқалаётганига урғу бериб, интернет тармоғи фаолларининг тизимдаги оғир нуқталарни кўрсатиб бераётгани учун уларга миннатдорлик билдирди.

«Давлатимиз томонидан дори-дармон ва сарфлов материаллари учун етарли миқдорда маблағ ажратилаётган бир пайтда нега ҳомиладорларга ёки унинг қариндошлари қўлига дори-дармон рўйхати ёзиб берилмоқда, деб ўзимизга савол беришимиз керак. Туғуруқ комплекси раҳбарининг ўзи коррупциянинг тепасида бўлса, ҳаммани бир кўзда кўрмаса, таниш-билишчилик қилса, унда нима бўлади, муассасада носоғлом муҳит шаклланиб, жамоа парокандаликка учрайди. Аксарият муассасалар фаолияти юзасидан келиб чиққан шикоятларнинг негизида шу омилларни кўряпмиз», деди вазир ўз нутқида.

Шунингдек, мулоқотда туғуруқларнинг аксарияти «кесарча кесиш» орқали амалга оширилаётгани, бу операцияларни айрим муассасаларда фақат бир мутахассис ўтказиб, бошқа ёш ва маҳоратли шифокорларга имконият берилмаслиги, бунга эса муассаса раҳбарининг аралашуви сабаб бўлаётгани кескин танқид қилинди.

Онлайн йиғилишда Қашқадарё вилояти мисолида аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни вояга етказиш, туғиш ёшидаги аёлларни соғломлаштириш йўналиши бўйича ўтказилган ўрганиш хулосаси муҳокама қилиниб, муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида сўз юритилди.

Видеомулоқотда кўтарилган яна бир муҳим йўналиш — тиббиётнинг барча соҳалари ходимлари учун зарур бўлган этика-деонтология масалалари бўлди. Бемор мурожаат қилиб келганда «сени нотўғри даволабди, хато операция қилибди, энди мен тўғрилайман» деган носоғлом қараш билан курашиш зарурати ҳақида тўхталиб ўтилди.

Жумладан, беморлар ва уларнинг қариндошлари билан мулоқот қилишда халқаро тажрибада кенг қўлланадиган «фронт-офис» тушунчаси ҳақида сўз юритилди. 

Яъни, бунда муассасанинг регистратура ва қабул бўлимлари ходимлари учун коммуникатив стандартлар, бемор ҳолатининг ёмонлашуви ёки яқинларининг норозилигига сабаб бўлувчи ҳаракатлардан тийилишда амал қилиш лозим бўлган меъёрлар ҳақида маълумот берилди.

Йиғилиш якунида фаолияти бўйича кўп эътироз келиб тушаётган муассасалар раҳбарлари кескин танқид қилиниб, камчиликка йўл қўйган масъуллар қатъий огоҳлантирилди.

Мавзуга оид