Ўзбекистон | 12:59 / 09.06.2023
15217
5 дақиқада ўқилади
Реклама

Россия соғлиқни сақлаш вазири Самарқанд болалар хирургия марказига келди

Юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасига эътибор ортиб бормоқда. Бу юртимиз тиббиётчиларининг хорижий давлатлардаги ҳамкасблари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Фото: Самарқанд болалар хирургия маркази

3-4 июнь кунлари Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон-Россия тиббиёт форуми ҳам навбатдаги шундай халқаро анжуман бўлди.

Форум давомида Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко Самарқанд болалар хирургияси марказига ташриф буюрди. Меҳмонни ушбу 200 ўринли ихтисослашган тиббиёт маркази фаолияти билан марказ бош шифокори профессор Жамшид Шамсиев таништирди. Юқори мартабали меҳмонга марказда ўтказилаётган мураккаб юқори технологик операциялар хақида маълумот берилди. Марказнинг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги, республикамизнинг барча вилоятларидан келаётган беморларга ихтисослаштирилган малакали хирургик ёрдам кўрсатилаётганлигига юқори баҳо берилди. Марказда беморлар ва уларнинг оналари учун яратилган барча шарт-шароитлар, шу жумладан юқори сифатли 4 маҳал бепул овқатланиш, дори-дармон билан тўлиқ бепул таъминланишига амин бўлди. Бир вақтнинг ўзида марказда юқори малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш учун олиб борилаётган ишлар эътироф этилди.

Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко ушбу марказ асосчиси, таниқли олим ва устоз-хирург, узоқ йиллар давомида Самарқанд давлат медицина институти ректори лавозимида ишлаган  профессор Азамат Шамсиев билан самимий суҳбат қилиб клиника тарихи ва фаолияти ҳақида маълумот олди. Михаил Мурашко Самарқанд болалар хирургия марказининг Россиядаги 30 дан ортиқ университет клиникалари билан 35 йилдан буён мустаҳкам алоқа ўрнатганига юқори баҳо берди. Марказда ташкил қилинган талабалар илмий жамияти иштирокчилари ва ёш мутахассисларнинг 1985 йилдан буён Россиядаги илмий конференцияларга қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келаётганлигига катта баҳо берди.

Шу куннинг ўзида таниқли олим, Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош болалар хирурги, Вельтищев номидаги педиатрия ва болалар хирургияси клиник илмий текшириш институтининг директори, Россия Федерацияси Давлат Думасининг 7-чақирув депутати, профессор Дмитрий Морозов хам Самарқанд болалар хирургия марказига биринчи маротаба ташриф буюрди.

Интервью: Дмитрий Морозов – т.ф.д., профессор (Россия):

Мен кўп йиллардан бери Самарқанд болалар хирургия марказига келиш истагида бўлгандим ва ниҳоят ниятим амалга ошди. Катта қизиқиш билан марказнинг барча бўлимлар фаолияти ва даволаш жараёни билан яқиндан танишиб чиқдим. Марказда беморларни даволашда қўлланаётган мураккаб юқори технологик операциялар ҳамда талабалар ва ёш олимлар учун яратилган аъло даражадаги шароитларни кўриб мамнун бўлдим.

Бир ой олдин дунёда катта обрўга эга бўлган ELSA - Осиё лапароскопик ва эндоскопик хирурглар ассоциациясининг Биринчи баҳорги конгресси Мустақил ҳамдўстлик мамлакатлари ичида илк бор Ўзбекистонда, айнан Самарқанд шаҳрида ўтқазилиши алоҳида эътиборга сазовор. Ушбу нуфузли илмий форум Самарқанд болалар хирургияси маркази томонидан юқори даражада ташкил қилиб ўтказилганини алоҳида таъкидлайман. Конгрессда 40 дан ортиқ мамлакатлар, жумладан Сингапур, Жанубий Корея, Филиппин, Япония, Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, Буюк Британия, Германия, Россия каби дунёда таниқли, етук, юқори малакали мутахассислар ўз тажрибалари ва хирургик маҳоратлари билан, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар врачлари билан бўлишишди. Конгресс жараёнида болалар хирургияси марказининг операцион бўлимида бажарилган 10 дан зиёд юқори технологик операциялар тўғридан тўғри интернет тармоғи орқали Silk Roud Samarqand комплексига, 500 дан зиёд конгресс иштирокчиларига онлайн тарзда кўрсатилди ва шарҳланди. Албатта биз бундай юқори савияда ўтқазилган илмий тадбирдан жуда фахрландик. Келгусида Самарқанд болалар хирургияси маркази билан ҳамкорликни яна давом эттиришда манфаатдормиз.

Профессор Дмитрий Морозов ташрифи давомида ўз ёрқин ҳиссиётларини марказ бош шифокори, профессор Жамшид Шамсиевга баён этди. Шунингдек Дмитрий Морозов келгусида замонавий юқори технологик болалар хирургиясига оид янги, ўзаро ҳамкорлик йўналишлари ҳақида таклифлар киритди ва марказ ходимлари ҳамда талабалар учун маъруза қилди.

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида охирги йилларда эришилган кўплаб ютуқлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.