Пригожин нима деди?

Можаронинг бу галги тўлқини Евгений Пригожиннинг Қодиров билан телефон мулоқоти ҳақида айтган гапларидан кейин бошланди. Аввалроқ Қодировнинг одамлари Адам Делимханов ва Магомед Даудов Пригожинга «стрелка уриб», қаердалигини айтса, эркакчасига гаплашиб олишларини айтиб чиқишганди.

«Ўша куни менга Рамзан қўнғироқ қилди. Гаплашиб, ҳаммасига чек қўйишга келишиб олдик», деди Пригожин Қодиров билан суҳбати ҳақида. У Қодиров одамларининг чиқишларига оммавий жавоб қайтаришни хоҳламагани, чунки Россияда ҳар қандай миллатлараро зиддиятлар чўзилиб кетишини қўшимча қилди.

«Россияда шунақа бўлиб қолди: миллий озчилик вакиллари руслар ҳақида бемалол ўз фикрларини билдирмоқда. Руслар эса уларнинг манзилига нимадир дегани учун жазосиз қолмайди. Шу сабабли менга миллатлараро низо келтириб чиқарганим учун жазо беришмасин деб жим туришга қарор қилдим», деган «Вагнер» асосчиси.

У Чеченистон раҳбарига яқин одамларнинг баёнотлари 90-йиллар риторикасини эслатиб юборишини қайд этган. Пригожинга кўра, бу низони Кремлдаги катта ўйин ўйнашни мақсад қилганлар ташкил этган бўлиши мумкин.

«Ишонинг, «Ахмат» ҳамда «Вагнер» орани очиқ қилиб олса, ғолиб ким бўлиши аниқ, лекин орада жуда кўп қон тўкилган бўларди», деган Пригожин ўз навбатида «Ахмат» батальонини ҳақорат қилмаганини айтар экан.

Пригожин бу муаммо давом этадиган бўлса, ҳеч қанақа «учрашув жойига бормаслиги», 90-йилларда бундай учрашувларга роса дуч келгани, ҳозир эса масалани катта одамлардай ҳал қилишини айтган.

Қодиров икки қисмли пост ёзди

Аввалроқ «Вагнер»га қарши Қодировнинг одамлари видеомурожаат қилганди. Пригожиннинг гапидан кейин эса Қодировнинг ўзи 3,1 миллиондан ортиқ обуначиси бор Telegram-каналида икки қисмдан иборат пост қолдирди.

«Биламан, кўпчиликни Қодиров ва Пригожин ўртасида нима бўлгани ҳақидаги савол қизиқтиряпти. Ҳаммасини тўлиқ айтиб бераман. Шунингдек, бу ҳолатда нима нотўғри экани ва қандай принципларга собит эканимни тушунтириб бераман.