Апрел ойида оққон ташхиси қўйилган Силвио Берлускони Миландаги «Сан-Раффаэле» шифохонасида 86 ёшида вафот этди. Актёр, тадбиркор, тўрт карра бош вазир, Путиннинг дўсти ва кўплаб можаролар фигуранти — қуйида Берлусконининг ҳаёт йўли эсланади. 

1950-йиллар охири ва 1960-йиллар бошида, ҳали талаба эканида Берлускони круиз лайнерларда қўшиқ куйлаб пул ишлаган. Бундан ташқари, у контрабас чалган. Янги аср бошида у Неапол қўшиқларининг икки альбоми, шунингдек, ўзининг «Милан» футбол клуби ва  Forza Italia партияси учун мадҳиялар ёзган.
Marka / Universal Images Group / Getty Images

Силвио Берлускони 1936 йилда Миланнинг қашшоқ маҳалласида дунёга келган. У диндор католиклар оиласидаги уч фарзанднинг каттаси эди. У олти ёш эканида Миланни бомбардимон қилиш бошланади - Италия нацистлар Германияси иттифоқчиси сифатида урушга қўшилганди. 1943 йилда Берлускони эвакуация бўлади, отаси ўз хавфсизлиги учун Швейцарияга яширинади ва она оиладаги ягона боқувчи она бўлиб қолади, шунинг учун католик мактабида ўқиётган Силвио дарслардан сўнг фермада ишлай бошлайди, у ерда сигирларни соғиб, картошка теради. Мактабни тамомлаганидан кейин Берлускони Милан университетининг ҳуқуқшунослик факултетига ўқишга кириб, ишлай бошлайди, хўжалик буюмлари ва чанг тозалагичлар сотади, дафн ва тўй маросимларини фотосуратга олади, круиз лайнерларда чиқиш қилиб, севги ҳақида қўшиқлар куйлайди. 1957 йилда у Immobiliare costruzioni қурилиш компаниясида иш бошлайди, 1961 йилда университетни битиради ва реклама бизнесини ҳуқуқий тартибга солиш муаммолари бўйича диплом иши учун 2 млн лира миқдорида мукофот пули олади.

Журналист Индро Монтанелли ва Силвио Берлускони. 1977 йил (Фото: Archivio Cicconi / Getty Images)

Университетни тамомлаганидан кейин Берлускони Cantieri Riuniti Milanesi (Милан қурувчилари иттифоқи) компаниясига асос солади. Ўзининг айтишича, дастлабки капитални унга ўз пенсиясини йиғиб юрган отаси, оила дўстига тегишли бўлган Rasini банки ва Швейцариянинг Лугано шаҳридаги ишончли жамғарма берган. Бундан ташқари, Берлускони лойиҳага ўз дўстлари ва қариндошларини жалб этган. Италияда бу вақтда қурилиш авж олган ва Миланнинг Алчиати кўчасида турар жойлар қуриш бўйича лойиҳалар катта фойда келтираётганди. 1963 йилда у Edilnord қурилиш фирмасини очади, бу фирма кейинги бир неча йил мобайнида Миланнинг турли туманларида қатор турар жой кварталларини, жумладан 4 минг квартирага мўлжалланган «Милан-2» мажмуасини барпо этади. Шу лойиҳа туфайли Берлускони илк бор коррупция ва ўз манфаатларини ноқонуний лобби қилишда айбланади, аммо етарли далиллар бўлмагани туфайли жавобгарликдан қутилиб қолади. 1973 йилда Берлускони Италиянинг йирик девелоперларидан бири ва мамлакатнинг энг бадавлат тадбиркорларидан бирига айланади. Ўшанда у Милан чеккасидаги Аркоре шаҳарчасида вилла сотиб олади ва бу уй унинг бутун умри давомидаги қароргоҳи бўлиб қолади.