Ўзбекистон | 20:32 / 14.06.2023
14016
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан Хитойга юк ташиш масофаси 1,2 минг км.га, муддати эса 10 кунгача қисқаради 

Шавкат Мирзиёев сайловолди дастуридан ўрин олган режаларини эълон қилди. 

Фото: Kun.uz

Шавкат Мирзиёев андижонлик сайловчилар билан учрашувда стратегик аҳамиятга эга бўлган «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» халқаро темирйўли мега лойиҳасига ҳам тўхталди. 

«Ҳозирги кунда, лойиҳанинг иқтисодий асослари тайёрланди, йил якунигача ҳамкор давлатлар билан бирга қурилиш бўйича амалий қадамларни қўямиз. Бу лойиҳа андижонлик тадбиркорларнинг ҳам узоғини яқин қилиб, Хитой билан юк ташиш масофасини 1,2 минг километрга, муддатини эса, 10 кунгача қисқартириш имконини беради», деди у. 

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев автомобилсозлик саноати йўналишига ҳам тўхталди. 

«Бир рақамга эътибор қилинг: Асака туманидаги саноат ишлаб чиқариш ҳажми республиканинг 9 та вилояти саноатидан юқори. Биз автомобилсозлик саноатини янада ривожлантириш учун қўшимча 1 миллиард доллар инвестиция киритамиз. Бу орқали келгуси икки йилда автомобиль ишлаб чиқаришни ҳозирги 300 минг донадан 500 минг донага олиб чиқамиз. 2030 йилга қадар эса йилига 1 миллион дона автомобиль ишлаб чиқаришга эришамиз», деди. 

Номзоднинг таълим йўналишидаги режаларига кўра, келгуси йилларда: 

- боғча етарли бўлмаган 131 та маҳаллада 1,5 мингта давлат ва хусусий боғчалар барпо этилади, 210 та боғчанинг қувватлари оширилади. Натижада, қўшимча 90 минг болажонларимиз учун мактабгача таълим имкониятини яратиб, қамров 100 фоизга етказилади;

- мактаб мавжуд бўлмаган 25 та маҳаллада жами 20 минг ўринли янги мактаблар барпо этилади. Шунингдек, 150 та мактабда қўшимча ўқув бинолари қуриш ҳисобига, 80 минг ўқувчи ўрни яратилади;

- Андижон давлат университетида 2 минг ўринли, Андижон чет тиллари институтида 1 минг ўринли, Андижон тиббиёт институтида 1 минг ўринли янги ўқув бинолари барпо этилади;

- вилоят ёшлари учун 6 та янги олийгоҳ ташкил этилиб, уларда 30 дан ортиқ янги йўналишлар очилади. Булар ҳисобидан, олий таълимда қамров ҳозирги 30 фоиздан 50 фоизга етказилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид