Ўзбекистон | 11:50 / 16.06.2023
7035
3 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева АҚШ меҳнат вазири ўринбосари билан музокаралар ўтказди

Айни вақтда Халқаро меҳнат конференциясининг 111-сессиясида иштирок этиш доирасида Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси ХМТнинг ихтисослашган тузилмалари раҳбарлари ҳамда қатор мамлакатларнинг ҳукумат вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Ташрифнинг навбатдаги кунида Сенат раиси Танзила Норбоева АҚШ меҳнат вазирининг ташқи ишлар бўйича ўринбосари Теа Ли ҳамда АҚШнинг халқаро меҳнат масалалари бўйича махсус вакили Келли Фэй Родригес билан музокаралар ўтказди.

Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги меҳнат муносабатлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.

Теа Ли Ўзбекистондаги меҳнат муносабатлари соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда ХМТ билан ҳамкорликнинг ҳозирги даражасини юқори баҳолади. Ўзбекистон ХМТ ва Ташкилотга аъзо асосий давлатлар билан болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатга барҳам бериш масаласида қисқа вақт ичида конструктив ҳамкорликда катта муваффақиятларга эришганини олқишлади.

Германия меҳнат ва ижтимоий масалалар федерал вазири Хубертус Хайл билан кечган музокараларда асосий эътибор ушбу мамлакат билан  биргаликда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, бандлик дастурларини ижтимоий ҳимоя билан боғлаш ва ушбу тармоқларни рақамлаштириш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига қаратилди.

Х.Хайл икки томонлама алоқаларнинг ижобий динамикасига тўхталиб, икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очаётган меҳнат муносабатлари соҳасидаги келишувларни юқори баҳолади. Германия меҳнат жараёнларини фаоллаштириш ва бунинг учун ишончли ҳуқуқий асос яратиш орқали иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдор эканини алоҳида қайд этди.

ХМТнинг БМТдаги махсус вакили Беате Aндреес билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий бюроси ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Беате Aндреес минтақавий идоранинг Ўзбекистон билан конструктив ҳамкорлиги давом эттирилишини таъкидлади. — Мамлакатингиз қисқа вақт ичида эришилган ютуқлар туфайли минтақа давлатлари орасида илғор ўринни эгаллайди. Ташкилотимиз билан янада очиқ ҳамкорлик қилиш учун Ўзбекистонда сиёсий ирода мавжудлигини амалда ҳис қиляпмиз. Шу муносабат билан ҳамкорликни кенгайтириш масаласи ХМТ минтақавий ваколатхонасининг устувор эътиборида бўлади, — деди Б. Aндреес.

Мавзуга оид