Жаҳон | 20:47 / 20.06.2023
13125
8 дақиқада ўқилади

Блинкеннинг ташрифи: мулоқот тикланди, аммо келишмовчилик ҳамон мавжуд

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Пекинга амалга оширилган икки кунлик ташрифи якунлари бўйича брифингда Хитой вакиллари билан ўтказган музокараларни самарали деб атади. Аммо қанчалик самарали бўлгани ҳақида ҳозирча нимадир деб бўлмайди.

Фото: Reuters

Блинкеннинг айтишича, Хитойга томонлар қайси масалада ҳамфикр, қайси борада фикрлар хилма-хил эканини аниқлаштириб олиш учун борган ва бу вазифа уддаланган. Блинкен икки давлат ўртасидаги мулоқот доимий бўлиши кераклигини таъкидлади.

АҚШ давлат котиби ташриф давомида Хитой томони билан глобал муаммолар бўйича «фаол мулоқот ўтказгани», хусусан, «Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган агрессив уруши»ни муҳокама қилганини айтди. У аввал кўп марта таъкидлагани каби Хитой билан рақобат можарога айланиб кетмаслиги кераклигини такрорлади.

Блинкеннинг сўзларига кўра, АҚШ Хитойнинг Украинадаги урушни тўхтатишга БМТ низомлари доирасида амалга оширадиган ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. АҚШ давлат котиби Қора денгиздаги ғалла келишувини узоқ муддатга чўзишни ҳам таклиф қилди.

Блинкеннинг брифингда айтган энг муҳим гапи барибир Украинадаги уруш мавзусида бўлди. Унинг сўзларига кўра, Хитой Украианага босқинни давом эттираётган Россияга ўлим келтирувчи қуроллар етказиб бермасликни ваъда қилган. «Бу жуда муҳим ваъда бўлиб, Хитойда у ҳақда охирги вақтларда кўп гапиришмоқда. Хитой бу мажбуриятларини нафақат Вашингтон, балки бошқа давлатлар олдида ҳам таъкидламоқда», деди Блинкен. Унинг айтишича, Хитой Россияга қурол етказиб бермаётгани ҳақиқат ва АҚШда бу фактни инкор этадиган ҳеч қандай далил йўқ.

Фото: EPA

Аммо Блинкен америкаликлар ҳамон Хитой компанияларининг ҳаракатидан хавотирда эканини яширмади ва Хитой томонини бу борада сергакликка чақирди. АҚШ давлат котибининг айтишича, Хитой компаниялари етказиб берадиган маҳсулотлар орқали Россия Украинадаги ҳарбий қудратини яхшилаб олиши мумкин.

Блинкен АҚШнинг «Ягона Хитой» сиёсати борасидаги узоқ йиллик қарашлари ўзгармагани, АҚШ ҳамон Тайван мустақиллигини тан олмаслигини эслатди. «АҚШ Тайван мустақиллигини қўлламайди», деди Блинкен. Ўз навбатида, мамлакат статус-кво ўзгаришсиз қолиши керак деб ҳисоблашини айтди. АҚШ ҳудудда фақат битта – Хитой ҳукумати мавжуд эканини тан олади, аммо иккита сиёсий тизим тинч-тотув яшашини истайди.

Блинкен Хитой раиси Си Жинпинг билан учрашувда мамлакат ҳарбий кемаларининг Тайван бўғозидаги провокацион ҳаракатлари Америкада хавотир уйғотаётганини ҳам айтган. Блинкен Тайван атрофидаги кескинлик бутун дунёга таъсир қиладиган иқтисодий инқироз келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлаган.

Дипломат Си Жинпингни АҚШ Хитойнинг иқтисодий ривожланишини чеклашга уринмаётганига ишонтиришга ҳаракат қилган. «Бу қарашни фактларнинг ўзи инкор қилади», деган Блинкен бунга мисол сифатида ўзаро савдо айланмаси ошганини келтирар экан.

АҚШ давлат котибига кўра, Хитойнинг иқтисодий ўсиши АҚШ учун ҳам фойдали. «Аммо баъзи муайян технологиялар азбаройи миллий хавфсизлигимизни таъминлаш учун ҳам ҳимояланиши керак», деб қўшимча қилди америкалик дипломат.

Мураккаб ташриф

АҚШ бош дипломатининг Хитойга ташрифидан кўп нарса кутиш керак эмасди. Чунки охирги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар яхши эмас. Блинкеннинг ўзи ҳам ташриф олдидан икки томоннинг муносабатлари турбулент ҳолатида эканини айтди.

Икки томон ҳам муносабатлар барқарорлашиши кераклигини таъкидлаб келаётганди. Америка томони юқори даражада дипломатик учрашув ўтказилганининг ўзини узоқ вақтдан буён давом этаётган совуқ муносабатлардан кейин яхшигина ўсиш деб ҳисобламоқда.

Ван И билан учрашувда АҚШ манзилига «Хитой таҳдидини шишириб кўрсатиш» бўйича айбловлар янгради. Фото: Getty Images

BBC нашрининг Хитойдаги мухбири Стивен Макдонеллнинг айтишича, Хитой раиси Си Жинпинг Энтони Блинкенни қабул қилгани унинг ҳукумати АҚШ билан муносабатларни яхшилашни исташидан далолат.

Дипломатик протоколга кўра, Хитой раиси фақат меҳмон давлат раҳбарлари билан учрашув ўтказади. Аммо икки давлатнинг охирги вақтлардаги совуқ муносабати рамзий маънодаги ҳаракатларни талаб қилар, Блинкеннинг Хитойга ташрифи вақтида Си томонидан мана шу қадам ташланди дейиш мумкин.

Таҳлил

BBC'нинг Шимолий Америкадаги мухбири Энтони Зуркер

АҚШ томони мулоқот тикланганини яхши натижа сифатида қайд этаётган бўлса ҳам, улар икки давлат ўртасида ҳал қилиш қийин бўлган масалалар борлигини ҳам тан олишмоқда. Энг жиддий муаммо, шубҳасиз, Тайван. Айнан мана шу муаммо ортидан сўз уруши қурол урушига айланиб кетиши мумкин. Хитой ташқи сиёсати бўйича ҳал қилувчи сиёсатчилардан бири Ван И америкалик дипломат ташрифи вақтида бу борада ҳеч қанақа муроса бўлиши мумкин эмаслигини дангал айтди.

Кейинги масала Хитойнинг худди АҚШ каби глобал ўйинчига ва минтақавий кучга айланиб бораётганидир. Жо Байденнинг таъбири билан айтганда, АҚШнинг демократия ва автократия ўртасидаги курашда ҳал қилувчи томон сифатида халқаро масалалар бўйича ўз қарашлари бор.

АҚШ ўзаро муносабатларда Хитойни яккалаш ёки тийиб туришга эмас, келиб чиқиши мумкин бўлган можаро рискини пасайтиришга ҳаракат қилишини таъкидлайди. Аммо Хитой АҚШнинг минтақадаги бошқа давлатлар Австралия, Япония, Жанубий Корея, Филиппин ва Ҳиндистон билан алоқаларни чуқурлаштираётганини айнан тийиб турувчи ҳаракат деб қарамоқда.

Дипломатик майдонда нима дейилаётгани бошқа масала. Амалда вазият бироз бошқача. Масалан, Байден администрацияси иқтисодий фронтда давлатнинг миллиардлаб доллар ёрдами билан АҚШ компютер чиплари ишлаб чиқариш секторини рағбатлантиришга эътиборни кучайтирмоқда. Шунингдек, АҚШ Хитойга илғор компютерларни экспорт қилишни тақиқлаб қўйган. Хитой икки давлат ўртасидаги савдо урушида «отилган биринчи ўқ» деб биладиган Трамп жорий қилган божлар ҳам ўзгаришсиз турибди. Америкаликлар ўз навбатида буни Хитой улардаги асосий соҳаларни субсидиялаштираётганига жавоб сифатида қарашмоқда.

Дипломатик майдонда Байден ва бошқа америкалик расмийлар Хитойни рақиб эмас, рақобатчи деб билишини ҳар қанча такрорлашмасин, бу борада мувозанатни ушлаш осон бўлмайди. Чунки ҳарбий соҳада ҳам, иқтисодий жабҳада ҳам рақобат тобора кескинлашиб бормоқда. Шундай экан, икки давлат муносабатларни барқарорлаштириш истагида бўлса ҳам, уларнинг манфаатлари вазиятни барибир можаро томон бураётгандек. Бундай келишмовчиликлар қандай бартараф этилиши эса ҳар икки томон келажакдан нима кутаётганига боғлиқ.

Блинкен Хитойга ташрифи давомида Коммунистик партиядаги халқаро муносабатлар бўйича бош мулозим Ван И билан ҳам учрашди. У икки томонлама муносабатлар совуқлашганида очиқчасига АҚШни айблаб, Байден администрацияси «Хитой таҳдиди» ҳақида бўрттириб гапиришни бас қилиши кераклигини таъкидлади.

АҚШ давлат котиби хитойлик ҳамкасби Син Ган билан саккиз соат давомида тушлик устида гаплашди. Бу режа қилинганидан ҳам бир соат кўпроқ. Икки давлат бош дипломати Хитой ташқи ишлар вазири Син Ганнинг қачондир АҚШга боришига келишиб олган. Улар океан ортидаги музокараларда икки давлат ўртасидаги тижорий парвозлар сонини оширишни муҳокама қилиши мумкин.

Журналистлар учун кечки вақтда ўтказилган матбуот анжуманида Блинкен Вашингтон ўзаро мулоқотни тиклаш орқали асосий мақсадга эришганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу бўлажак музокаралар учун асос бўлишини маълум қилди. Блинкенга кўра, учрашувлар жуда очиқ ва дангал ўтган. Икки томон музокараларда очиқчасига хилма-хил фикрларни билдирган бўлса-да, учрашувлар «ҳеч қандай сюрпризларсиз ўтган».

Мавзуга оид