Жамият | 20:50 / 20.06.2023
23633
14 дақиқада ўқилади

«Санъатда педагогика етишмаяпти» — Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизов билан суҳбат

Кўпчиликка «Мафтунингман» фильмидаги Бакир Назаров роли орқали таниш актёр Турғун Азизов бу йил 89 ёшни қаршилади. У режиссёр сифатида «Қаллиқ ўйини», «Чимилдиқ», «Ўзбекча рақс», «Ҳамлет» каби ўнлаб спектаклларни ҳам саҳналаштирган. Устоз санъаткор Kun.uz’га берган интервьюсида касб танлови, ижодида тоғаси Аброр Ҳидоятовнинг ўрни, муҳаббат тарихи, санъатдаги камчиликлар ҳақида гапирди.

— Болалик пайтларим. Бир куни онам билан опам чиройли кийимларни кийиб, хурсанд бўлиб юришибди. Нимага экан, деб сўрасам, тоғанг «Отелло»га таклиф қилди, шунга кетяпмиз, дейишди. Мен ҳам бораман, дедим, улар эса ёшлик қиласан, дейишди. Жанжал қилдим, йиғладим, кейин дадам олиб боринглар, деб мени ҳам юборди. Пушкин боғининг ёнида Миллий театрнинг ёзги боғида спектакль бўлди. Бола эдим, ҳеч нарсага тушунмаганман. Лекин саҳнада бир чиройли аёлни қора одам – мени тоғам бўғиб ўлдириб қўйгани қаттиқ таъсир қилиб, хотирамда муҳрланиб қолган. 

Бир куни холамнинг қизи, Маъмура опам уйимизга келди, у театр институтида ўқирди. Институтимизда имтиҳон бўляпти, хоҳласанг, олиб борай томоша қилишга, деб айтди. У пайтда 15 ёшдан ошган эдим. Бордим. Турк ёзувчисининг асарини қўйишган экан. Менга жуда ёқди. Шу билан «актёр бўлсаммикан» деган ўй кирди менга. Уйдагиларга билдирмай, театрга бориб юрдим. Чунки актёр бўлишимга отам қарши бўлган, иқтисодчи бўлишимни истардилар. 

— Ўзбек оилаларида ота розилигисиз бирор ишни бошлаш жуда қийин. Сиз қандай қилиб отангизнинг розилигини олгансиз?

— Дадам нонуштани менсиз қилмасди. Сабаби битта ўғил эдим. Мендан олдинги фарзандлар вафот этишган. Оилада аслида 11 фарзанд бўлганмиз. Шунинг учун ҳам исмимни Турғун қўйишган. Ўша куни отам нонушта пайти «Ўғлим, мактабни битирдингиз. Энди иқтисодчи бўласизми?» деб қолди. Мен эса институтга кириш ниятим бор, лекин иқтисодга эмас, театр институтига топширмоқчиман, дедим. Шу пайт дадам оғзига олиб борган қошиғини тушириб юборди ва ойимга қараб «Сизнинг авлодингизда артист бор, шунинг учун бу ҳам тортиб кетди» дедилар. Ойим ҳам ҳазилкаш эди, «Ўлманг, хўжам, ўзингиз ҳам «артистка»ларни яхши кўрасиз-ку» деди. Дадамнинг жаҳли чиқиб, столни бир тепиб уйдан чиқиб кетди. Шундан кейин мен ҳам индамай, аттестатимни тўғри театр институтига бориб топширдим. 

Рус мактабда ўқиганим учун имтиҳонларни рус тилида топширдим. Профессор И.Радун имтиҳон олганди. Бирдан иккинчи курсга оламиз, деб қолдилар у киши. Хурсанд бўлиб Аброр тоғамга келиб айтсам, сен ўзбек тилини билмайсан, биринчи курсдан ўқишинг керак, дедилар. Институтга телефон қилиб, жияним биринчи курсдан ўқийди, олдин она тилини ўргансин, ўзбек саҳнасига чиқолмайди бу туришда, дедилар. Хафа бўлма, она тилингни билмасанг, кўзингга ёш ҳам, ҳис ҳам келмайди, театр шундай, деб айтдилар. 

Биринчи курсдан Тошхўжа Хўжаев қўлида ўқиганман. Улар русийзабон эканимни билгач, бир рус драматургининг пьесасини бериб, ҳар куни 10-12 бетдан ўзбекчага таржима қилиб қўйишимни айтдилар. Мана шундай қилиб менга ўзбек тилини ўргатган одам Тошхўжа Хўжаев бўлади. Бу одамдан умрбод қарздорман.

— Ўқиш пайтида ҳам, театрга ўтганингиздан кейин ҳам бош ролларни ўйнагансиз. Аброр Ҳидоятовнинг жияни бўлганингиз устунлик берганми ёки ҳар доим ўзингизни исботлашингизга тўғри келганми?

— У пайтларда янги маданият, янги йўналишлар кириб келаётганди. Мен олдингилардек, тоғамдек ўйнасам, шунчаки нусхалаган бўлардим. Актёрлик маҳоратим ўсмай ҳам қоларди. Тоғам даврида «Отелло»ни поэтик ўйнашарди, биз эса бошқача қилганмиз. Замонавийлаштирардик. Актёр давр фарзанди, бир неча ўн йилдан кейин саҳна ҳаёти ҳам ўзгариб боради, замонга яқинлашади. 

— Тошхўжа Хўжаев нега сизга катта-катта ролларни ишониб топширган?

— Менинг дунёқарашимда романтика бўлгани учун бўлса керак. Биринчи марта Монсерра ролини берган эди. У ролда деярли сўз йўқ эди. Шундан кейин секин-секин бошқа ролларни ҳам ишониб беришган. Театрда Тўти Юсупова билан кўп ролларни бирга ўйнаганмиз. Рихси Иброҳимова билан ҳам кўп роллар ижро этганмиз. Диплом спектаклимда ҳам бирга ўйнаган, мен 4-курс бўлсам, у 1-курс эди. Бундан ташқари, театрда партнёрларим Яйра Абдуллаева, Эркли Маликбоева, Зебо Солиева, Римма Аҳмедовалар бўлган. Римма Аҳмедова билан асосан телевидениеда партнёр бўлганмиз. 

Айтганимдек, Монсеррадан кейин менга романтик ролларни бера бошлашди. Отеллони ҳам ўйнадим. Москвадан Рубен Симонов келиб «Отелло»ни саҳналаштирганмиз. Мендан кейин Ёқуб Аҳмедов ўйнаган. Биз ва биздан олдинги авлод рус театр мактабидан дарс олган. 

Саҳнада бўлаётганлар худди ҳаётда бўлаётгандай бўлиши керак. Ҳолатга кириш бор, кўздан ёш чиқади, ёш чиққач, товуш ўзгаради — шундагина томошабинга тез етиб боради. «Кечинма санъати» усталари Аброр Ҳидоятов ва Шукур Бурҳонов бўлган. Икки мактабнинг бирлаштирувчиси Олим Хўжаев эди.

— Сизни кўпчилик «Мафтунингман» фильмидаги Бакир Назаров роли орқали танийди. Бу ролга қандай тасдиқлангансиз, эслайсизми?

— «Мафтунингман»дан олдин ҳам иккита фильмда ўйнагандим. Латиф Файзиевнинг киносида бойвачча йигит ролини ўйнагандим. Лекин бунинг учун Тошхўжа Хўжаевдан роса гап эшитганман, шундан сўнг кинода ҳам танлаб-танлаб ўйнайдиган бўлдим. 

Бир куни трамвайда бир киши «Театрда ишлайсан-а, репетициядан кейин киностудияга кир, гап бор» деб тушиб кетди. Ўша куни театрдан чиқаётгандим Шукур акам [Шукур Бурҳонов назарда тутилмоқда] тўхтатиб домино ўйнаймиз деб қолди. Бир режиссёр чақирган, ўша ерга бораман, деб айтдим. «Ҳа, у Йўлдош Аъзамов. «Мафтунингман» деган кино оляпти экан. Қўшиқ айтадиган актёрлар керакмиш, сен айтолмайсан-ку, барибир ўтолмайсан... Борсанг боравер, барибир ўтмайсан», дедилар. Ёши катта одам чақирди, бир ўтай-чи, деб кетдим мен. 

Бордим. Йўлдош ака секин менга қараб чиқиб, кийинтириб, сўзини беринглар, деди. Қизнинг оёғини босадиган жойимдан синов қилишди. Ашула айтолмасам ҳам ўша ролга ўтиб кетдим. Кинодаги мен айтадиган қўшиқни Насим Ҳошимов айтган.

— Нега театрни афзал кўрдингиз, киноларда давом этмадингиз?

— Кинода режиссёрлар қайсидир актёрни ўша ролда кўрса, таклиф қилади. Театрда бу нарса йўқ. Ижодий жамоадан актёрларни олишади ролга. Кинода ҳаётида саҳна кўрмаган одамларни ҳам кинога олишаверади, имконият кўпроқ бу борада кинода. Актёрнинг камчилиги чиройли ракурсдан олинган кадрлар билан билинмай кетади. Кинода ҳам 30 дан ортиқ роль ижро этганман, таклифлар бўлган кейин ҳам. 

— Ўзингизни машҳур инсон сифатида қачон ҳис қилгансиз?

— «Мафтунингман» фильмидаги ролимдан кейин. Анча катта ролларни ҳам ўйнаганман кейин. Латиф Файзиев, Йўлдош Аъзамовнинг киноларида кўп ўйнаганман. Лекин ҳамма жойда «Мафтунингман» фильми айтилади. Қаерга борсам «Мафтунингман» келди дейишади. Миллийлиги туфайлими халқ меҳрини қозонган. 

— Режиссёрликка қўл уришга нима мажбур қилган ёки ундаган?

— 17 та режиссёрлик ишим бор. Академик Мамажон Раҳмонов театр институтига таклиф қилгач, ўша ерда дарс бера бошладим. Институтда талабаларни актёр сифатида шакллантириш учун қилган ҳаракатларим режиссёрлик қилишимга сабаб бўлган. Талабаларни ўқитишда унча қийинчилик бўлмаган. Етарли тажрибага эга актёр эдим. Кириш имтиҳонларида курсимга истеъдодли болаларни танлаб олишга эътибор берардим. Дарс машғулотларида индивидуал шуғулланишга ҳаракат қилардим. Чунки улар менинг «мактабим»ни давом эттиришади.

— Сиз ўқитган талабалар орасида машҳур актёрлар кўп. Бугунги кунда Ўзбек миллий академик драма театри ижодий жамоасининг 50 фоизини Турғун Азизовнинг шогирдлари ташкил этади дейишади. Сиз турли йилларда ўқитган бўлишингизга қарамай шогирдларингиз жуда аҳил, қаерда бўлса бир-бирининг ёнини олишиб, ҳимоя қилишаркан. Педагоглик сирингиз нимада? 

— Талабага фарзанд сифатида қаралса, муҳаббат, боғлиқлик келаверади. Устоз талабани ўзига ўхшатиб, нусхасини яратиши керакмас, балки унинг қалбини уйғотиши керак. Шунда актёр ҳолатга киролади. Мен уларга мана бундай қил деб уришмаганман, қаттиқ гапирмаганман бирор марта. Ҳозирги кунда ҳам шогирдларимни ҳимоя қиламан, ишларига фикр билдираман. Бирор яхши бўлмаган иш қилаётган бўлса, «Нега бундай қиляпсан, унақа қилма, сен билан бирга менам шарманда бўламан» дейман. Мана шу «менам шарманда бўламан» дейишим уларга кўпроқ таъсир қилади. Уришиб, қаттиқ гапиришдан фойда йўқ. Фақат меҳр билан бўлиши керак. Лекин шогирдларимдан қатъий талаб ҳам қилардим. Қўполлик орқали талабани ўзидан бездиради одам. Безган талаба актёр бўлиш ҳақида эмас, тезроқ институтни битириб кетиш ҳақида ўйлай бошлайди. 

— Шогирдларингиз ўқишни битиргандан кейин ҳам улар учун жон куйдиргансиз. Роллар бергансиз, эътибор қилгансиз, театрга жалб қилгансиз. Ўқитдим, энди ўзлари ўрнини топсин десангиз ҳам бўлади-ку? 

— Бу менинг санъатга бўлган муносабатимдан. Шогирдларимда санъатга нисбатан муҳаббат шаклланиши, ўз касбини севиши керак, шунинг учун уларга ёрдам берганман. Улар санъатда «яшаб» кета олишига ишониши, кўнгли совиб қолмаслиги керак эди. Бу нарса менга Тошхўжа Хўжаевдан ўтган, чунки у киши ҳам биз, шогирдларга ўта меҳрибон, отадек эдилар. 

— Бугунги натижаларингизда рафиқангиз Роза Азизованинг қанчалик ҳиссаси бор?

— Аёлим ҳам Москвада театршунослик бўйича ўқиган. 10-синф пайтимизда ўқишни битиргач, қаерда ишламоқчисиз, деб сўраганда, билмасдан КГБнинг биносини кўрсатганман. У ерда жадидчиларни – улуғларимизни ўлдиришган, умуман ёмон нарсалар бўлган. Шундан кейин мен билан гаплашмай қўйди. Институтга кириб, 3-курс пайтимизда Москвага олиб боришган ва ўша ерда яна учрашиб қолганмиз. 

Бу орада Москвада Тошхўжа Хўжаевнинг устозининг курсига кирганмиз. Ўша ерда Тўти Юсупова билан «Ваня тоға» спектаклидан парча қўйиб берганмиз. Кейин профессор эртага бизнинг талабалар билан чиқиш қиласизлар, деди. У ерда ўзбек тилида ижро этиб берганмиз саҳнани. Парда ёпилиб қайта чиқдик ҳамки жимлик эди залда. Яхши чиқмабди-да деб ўйладик. Кейин бирдан гулдурос қарсак чалинди. Буни қарангки, яхши ижро этилса, тилнинг аҳамияти йўқ экан санъатда. 

Эслайман…Тўти Юсупованинг тўйидан совуқ кунда юк машинада қайтганмиз. Қарасам Роза совуққотиб турган экан. Устимдагини ечиб унга кийдириб қўйганман. Ўшанда уни яқиндан ҳис қилдим. Қарорим қатъийлашди. Кейин тўйимиз бўлди.

Роза санъатшунос бўлгани учун Наби Раҳимов билан Сора Эшонтўраева «Кулгили трагедия» (Оптимистик трагедия) спектаклини танқид қилиб мақола чиқарган. Чунки улар қариб қолишган эди анча, ижро этган ролларига ёши тўғри келмасди. Наби акам менга ёмон қараганди ўшанда. Анча пайтгача гина сақлаб юрдилар. Сора опам индамай қўйдилар. 

Шу бўлди-ю Роза санъатшуносликни ташлаб кетди. Қишлоқ хўжалиги институтига ишга кириб, рус тили ва адабиётидан дарс берди. Профессор бўлди ўша ерда. Кафедра мудири бўлиб ишлади. Қандли диабетдан вафот этди...

— Бугун ҳам ижод ичидасиз. Бугунги кундаги кино ва театрдаги ҳолатга нима дея оласиз? Нима етишмаяпти? 

— Яхши томонга ўзгаришлар катта. Лекин, менимча, санъатда педагогика етишмаяпти. Тажрибали устозлар ўтиб кетяпти. Ёки биз бизга берилган «мактаб»ни ўзимиздан кейингиларга етарлича етказиб беролмадикми?..

— Актёрликка энди кириб келаётган ёшларга қандай тавсиялар берасиз? Яхши актёр қандай бўлиши керак?

— Шу касбни танладими, виждонан меҳнат қилиши керак. Ўз устида ишлаш лозим, олифтагарчиликни йиғиштириш қўйиб. Мен ҳеч қачон бу касбдан ташқари бирор тадбир ё тўйларга бормаганман. Тўйларда сўзга чиқадиган бўлсам, биров чўнтагимга пул солса, ўша ердаги тўйни олган санъаткорларга берганман. Бирор марта тўйдан пул олиб чиқмаганман. Театрдан, дубляждан, телевидениедан оладиган маошим ўзимга етган. Телевидениеда 220 та, театрда 81 та роль ўйнаганман. Театрда ўзим истаган барча ролларни ижро этдим. Бу масалада тўқман. 17 та режиссёрлик асарим ҳам бор. Ҳозир битта «Ўзбекча рақс» номли режиссёрлик асарим театрларда қўйиляпти. 

Мақсуда Абдуқаюмова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид