Жаҳон | 20:27 / 21.06.2023
18796
3 дақиқада ўқилади

Россиялик чекувчилар Алишер Усмонов компаниясига ҳар бир қути сигарет учун пул тўлашга мажбур бўлади

Россияда тамаки маҳсулотлари учун рақамли акциз жорий қилинмоқда. Ундан тушадиган маблағни Алишер Усмоновга қисман тегишли бўлган компания олади. 

Фото: Getty Images

Россия Молия вазирлиги тамаки ва таркибида никотин бўлган маҳсулотларнинг қоғоз акциз солиғидан воз кечишга тайёрланмоқда. Унинг ўрнини рақамли акциз солиғи эгаллайди, деб ёзди ТАСС. 

«Тамаки маҳсулотларини махсус (федерал) белгилар билан маркалашдан воз кечиш режалаштирилмоқда», дейилади бюджет ва молия бозорлари қўмитасига топширилган ҳужжатларда. 

Тамаки учун рақамли акциз солиғига ўтиш 2024 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилиши керак. 2023 йилнинг майидан 2024 йилнинг июлигача Россияда бундай маркировкадан фойдаланиш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширилади.  

Молия вазири ўринбосари Алексей Сазанов сўзларига кўра, янги тизим тамаки маҳсулотлари муомалага киритилганда солиқ мажбуриятларини автоматик равишда ҳисоблаш имконини беради. 

Россияда 2019 йилдан бошлаб Илғор технологияларни ривожлантириш маркази (Центр развития перспективных технологий (ЦРПТ) товарларни рақамли маркалаш бўйича ягона оператор ҳисобланади.  

Компаниянинг 50 фоизи миллиардер Алишер Усмоновнинг USM ҳолдингига тегишли. Шунингдек, унинг 25 фоиз акциясига Александр Галицкийнинг «Ростех» ва «Элвис-Плюс Групп» компаниялари эгалик қилади. ЦРПТ давлат-хусусий шериклик асосида ишлайди. 

Маркалаш жараёнида ҳар бир маҳсулот Data Matrix кодини олади. У маҳсулотни ишлаб чиқаришдан тортиб то утилизация қилишгача кузатиш имконини беради. Код нархи 0,5 рублни ташкил қилади. 

2019 йилда, этикетка энди жорий қилинган пайтда, ЦРПТ даромади 2,7 миллиард рублни ташкил этган бўлса, 2020 йилда у икки баравар кўпайиб, 7,1 миллиард рублга етди. 

Шундан кейин, Россия ҳукумати мўйна, дори-дармон, пойабзал, камералар, шиналар, айрим истеъмол товарлари, сут маҳсулотлари ва ичимлик суви учун мажбурий маркалашни жорий қилди. 

Маркалаш товарларнинг нархини оширди, чунки ишлаб чиқарувчилар ЦРПТ кодини маҳсулот пакетига жойлаштириш учун қиммат ускуналар сотиб олишга мажбур бўлди. 2024 йилгача Россияда товарларни узлуксиз маркалаш тизимини жорий этиш режалаштирилган. Бунинг мақсади сифатсиз маҳсулотлар ва қалбаки маҳсулотлар тарқалишига қарши курашиш экани айтилмоқда. 

Маркалаш бу - ноаниқ бенефициарларга эга бўлган корхоналарни билвосита солиққа тортишдир, деди Интернет-омбудсман Дмитрий Мариничев. Унинг сўзларига кўра, давлат-хусусий шериклик схемаси коррупцияга олиб келиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид