Спорт | 16:05 / 21.06.2023
31073
10 дақиқада ўқилади

Ёзнинг асосий турнири. Ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати бошланмоқда

U21 жамоалари ўртасидаги турнир Гуржистон ва Руминия майдонларида ўтказилади. Қуйида асосий фаворитлар, номдор футболчилар ва фактлар ҳақида.

Фото: Getty Images

Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ортидан Евро U21 турнири старт олмоқда. Бу турнирда икки йил олдин бошланган саралаш босқичидан ўтган 16 жамоа иштирок этади. Шу туфайли Евро U21 одатий қоидалар бўйича кечади: жамоалар учун 23 ёшли футболчилар ҳам ўйнаши мумкин: 2000 йил 1 январидан кейин туғилган барча футболчилар. Бу эса турнирда қатор мегаталантлар, масалан, Италия ёшлар жамоасига заявка қилинган Сандро Тонали каби футболчиларни кўриш имкониятини беради.

Бугун биринчи тур доирасида тўрт ўйин бўлиб ўтади: Белгия—Нидерландия, Украина—Хорватия, Гуржистон—Португалия, Руминия—Испания.

Франция — асосий фаворитми?

Франция U21 жамоаси футболчилари ўртоқлик учрашуви вақтида
Фото: GARETH COPLEY/GETTY IMAGES

Аргумент — улар турнирнинг энг қимматбаҳо таркибига эга: Transfermarkt бу таркибни қарийб 416 млн еврога баҳолаган. Бу таркиб катталар ўртасидаги жамоалар орасида ҳам ўнликка киради.

Асосий юлдузлар: Райан Шерки («Лион»), Майкл Олисе («Кристал Пэлас»), Брэдли Баркола («Лион»), Куадио Коне («Боруссия» М), Энцо Ле Фе («Лорян») — ва булар бир қисми. Франция совринга эга чиқиш учун жиддий кураш олиб боради.

Аслида бу футболчиларнинг кўпчилиги ниманидир исботлашига ҳожат йўқ — улар аллақачон асосий жамоада ҳам ўйнаб кўришган. Аммо бу турнирдаги яхши иштирок топ-клубга ўтиш учун имконият бўлиши мумкин. Масалан, Коне ва Кефрен Тюрамни  «Ливерпул» кузатмоқда, Эле Ваига эса Европанинг ярми кўзини тиккан.

Германия чемпионликни ҳимоя қилиш учун келмоқда

Янн Аурел Биссекк. Фото: NURPHOTO VIA GETTY IMAGES

2021 йилда немислар финалда Испанияни енгган ва учинчи бор шу турнир ғолиби бўлишганди. Бу Еврода қаторасига тўртинчи бор финалга чиққан ҳолда рекорд ўрнатиш имконияти бор.

Франция билан таққослаганда, заявкадан у қадар кўп юлдузли футболчилар ўрин олмаган, аммо ўйинини кузатиб бориш керак бўлганлар топилади. Масалан, Юссуф Мукоко («Боруссия» Д) ва «Брентфорд» клуби тарихидаги энг қимматбаҳо харид бўлган (у «Фрайбург»дан 25 млн евро эвазига трансфер қилинди) Кевин Шаде.

Яна бир қизиқарли ном — 22 ёшли марказий ҳимоячи Янн Аурел Биссекк: Фабрицио Романо маълумотига кўра, у 7 млн евро эвазига Даниянинг «Орхус» клубидан «Интер»га ўтмоқда. Унда дастлаб кўзга ташланадиган жиҳат — улкан бўйи — 196 см. Ҳа, Янн ҳавода тўп учун курашда жуда зўр.

Испания — анъанавий фаворит! Требл учун имкон бор

Испания U21 жамоаси футболчилари ўртоқлик учрашувидаги ғалабани нишонлашмоқда
Фото: ANGEL MARTINEZ/GETTY IMAGES

2019 йилда испанлар Луис де ла Фуэнте билан чемпион бўлишган, энди эса бошқа мураббий билан турнирга келишди: де ла Фуэнте энди асосий жамоага устозлик қилмоқда ва ёшлар жамоасида унинг ўрнини Санти Дения эгаллаган. Янги коучда бир авлод билан требл қилиш имконияти бор: у 2017 йилда U17 жамоаси билан, 2019 йилда U19 жамоаси билан Европа чемпионатларида ғолиб бўлганди, ўша футболчилар эндиликда ҳозирги турнирга келган жамоа ўзагини ташкил этади.

Испанлар таркибида баланс мавжуд: Абел Руис («Брага»), Арнау Тенас («Барса Атлетик»), Уго Гилямон («Валенсия») ва Хуан Миранда («Бетис») каби катталар футболида фаолият бошлаганига анча бўлганлар ҳам, якунланган мавсумда кашфиётга айланганлар ҳам бор: Габриэл Вейга («Селта»), Алекс Баэна («Вилярреал»), Аймар Орос («Осасуна») ва Арнау Мартинес («Жирона»).

Дарвозабон Тенаснинг таркибга чақирилиши можаро келтириб чиқарди, чунки уни Сегундага чиқиш учун кечадиган муҳим ўйин олдидан олиб қўйишди. «Барселона» ўринбосарлари Арнаусиз ўйнаб, «Реал Кастиля»га мағлуб бўлишди.

Англиялик юлдузлар бу асрдаги илк совринни олишга ҳаракат қилишади

Англия U21 жамоаси футболчилари
Фото: MIKE HEWITT/GETTY IMAGES

Бу ўринда ҳам It's coming home ибораси мос тушади: ёшлар жамоаси ҳам 1980-йиллардан буён йирик турнирларда ғолиб бўлмаган. Лекин Англия ёшлари қаторасига тўққизинчи бор Европа чемпионатига ташриф буюришди.

Таркибда юлдузлардан муаммо йўқ: Леви Колвилл («Челси»), Жейкоб Рэмси («Астон Вилла»), Нони Мадуэке («Челси»), Эмил Смит-Роу («Арсенал») ва Ҳарви Эллиотт («Ливерпул»). Ли Карсли шогирдлари номлар борасида Франциядан қолишмайди.

Чемпионшипда тўп сурувчи футболчилар ҳам бор – масалан, бир неча йилдан буён «Норвич»нинг асосий таркиби аъзоси бўлган Максимилиан Ааронс. Бу турнирда ўзини кўрсатиш орқали у кучлироқ жамоага ўтиши мумкин.

Сирли тойчоқ —  Исроил

Дор Тургеман ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида
Фото: EURASIA SPORT IMAGES/GETTY IMAGES

Исроил сўнгги йилларда яхши таассурот қолдирмоқда. Ўтган йили U19 бўйича Европа чемпионатида кумуш медалларни қўлга киритишганди, бу йил эса — ёшлар ўртасидаги жаҳон биринчилигида бронза.

U20 бўйича ЖЧ якунланиши биланоқ таркибнинг беш нафар футболчиси Европа чемпионатига йўл олди — ўша жамоа етакчилари: Дор Тургеман («Маккаби» Тел-Авив), Томер Царфати («Маккаби» Нетания), Рой Ревиво («Ҳапоэл» Иерусалим), Став Лемкин («Ҳапоэл» Тел-Авив) ва Анан Ҳалайли («Маккаби» Ҳайфа). Уларга клуби жаҳон чемпионатига юбормаган — Оскар Глух қўшилади — у жамоа етакчиси ҳисобланади. Ўтган йили ҳавбек U19 жамоасини Евро финалига олиб чиққанди, қишда эса уни «Залцбург» ўз сафига қўшиб олди. Жамоа бу турнирда ҳам катта шов-шув кўтариши мумкин.

Юлдузлардан кимлар турнирни ўтказиб юборади?

Хвича Кварацхелия. Фото: MB MEDIA/GETTY IMAGES

Гуржистонлик мухлисларнинг кумирлари Хвича Кварацхелия ва Жорж Микаутадзе ҳам мамлакат мезбонлигидаги турнирда иштирок этиши кутилаётганди. Улар кенгайтирилган заявкадан ўрин олишганди, аммо якунда уларнинг иккиси ҳам тиғиз мавсум туфайли (улар асосий жамоа билан Евро-2024 саралашида ҳам қатнашмоқда) таркибдан тушиб қолди.

Жароҳат туфайли франциялик ўнг қанот ҳимоячиси Саша Боэ турнирни ўтказиб юборишга мажбур. У «Галатасарой»да порлади ва турнир туфайли топ-чемпионатлардан бирига йўл олиши мумкин эди. Шунингдек, белгиялик истеъдодли таянч яримҳимоячи Артур Вермерен (маҳаллий чемпионатда мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилган) ва Ромео Лавиа ҳам жароҳат туфайли турнирга кела олмади. Худди шу сабаб мухлислар германиялик Ансгар Кнауфф ва Португалия жамоаси сардори, «Арсенал» аъзоси Фабиу Виейрани ўйинларда кўришмайди.

«Селтик» эса Лиэл Абадуни Исроил жамоаси ихтиёрига қўйиб юборишни истамади. Жамоа ушбу вингерни ёзда трансфер қилмоқчи ва шунинг учун унинг жароҳат олишини истамайди. ПСВ вингери Жоан Бакайоко ҳам турнирга келмади: уни Белгиянинг асосий жамоасига жалб этишган, Евро U21 турнирига эса чақиришмади.

Энг қизиқарли ҳолатлар — Мойзе Кин («Ювентус») ва Жереми Фримпонг («Байер») билан кузатилди. Уларнинг биринчиси Италиянинг турнир учун заявкасидан ўрин олганди, аммо кейинроқ уни Вилфред Нионтога алмаштиришди. Италия нашрларига кўра, Мойзе шунчаки Евро U21 турнирида иштирок этишдан бош тортган. Форвард эса ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда бу маълумотни рад этиб чиқди.

Фримпонг Еврода ўйнашдан бош тортди ва умуман Нидерландия ёшлар жамоасида ўйнамоқчи эмас. Сабаби — Роналд Куман уни асосий жамоага чақирмаганидан хафа бўлган.

Гуруҳ босқичининг энг қизиқарли баҳслари

Еврода U21 жамоалари тўрт гуруҳга ажралган, плей-оффга ҳар бир гуруҳдан иккитадан жамоа чиқади. Кейин – чоракфинал, яримфинал ва финал. А квартети — «ўлим гуруҳи». Ундан Португалия, Белгия, Нидерландия ва Гуржистон ўрин олган. Гуржистонликлар аутсайдер бўлиб кўринмоқда, аммо уларни эрта ҳисобдан чиқариш керак эмас – улар уйда ўйнашади. Гуруҳдаги бошқа жамоаларнинг ўзаро ўйинлари шиддатли кечиши шубҳасиз:

  • 1-тур: Белгия — Нидерландия, 21 июн;
  • 2-тур: Португалия — Нидерландия, 24 июн;
  • 3-тур: Португалия — Белгия, 27 июн.

Қолган квартетларда асосий ўйинлар яққол фаворитлар ўртасида кечади:

  • D гуруҳи, 1-тур: Франция — Италия, 22 июн;
  • B гуруҳи, 2-тур: Испания — Хорватия, 24 июн;
  • C гуруҳи, 3-тур: Англия — Германия, 28 июн.