Мактаблардаги таълим сифати: ўқувчиларга малакали муаллим, яхши шароит ва интерактив дарсликлар керак
Мактаб таълими чуқур ислоҳотларга муҳтожлиги аён. Ўзгаришларнинг мевасини кўриш учун ҳали яна 8-10 йил керак бўлади. Хўш, 10 йилдан кейин кўзланган натижага эришиш учун бугун нималар қилиш керак?
Имтиҳонлар тугаб, умумтаълим мактаблари таътилга чиқди. Айни пайтда мактабларда янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш, таъмирлаш ишлари кетмоқда. Лекин бугун мактабдаги таъмирлаш ҳақида фикрлашмоқчи эмасмиз. Мактабларни барча талабларга жавоб берадиган қилиб таъмирлаганимиз билан токи таълим сифати ўзгармас, малакали ўқитувчилар, сифатли ўқув дастурлари ва замонавий дарсликлар билан таъминланмас экан, кўзланган натижаларга эришмай қолиб кетаверамиз
Мактаблардаги абгор шароитлар
Яқинда Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги 9-ўрта мактабнинг аҳволини ўз кўзи билан кўрган Президент администрацияси ижро этувчи аппарати коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири Саида Мирзиёева шундай деди:
«Афсуски, чекка ҳудудлардаги айрим мактабларимизнинг аҳволи ниҳоятда аянчли. Бу ерда энг бирламчи шароитлар ҳам йўқлиги, коммуникация, мактаб жиҳозлари, ҳаттоки ўқувчилар учун жой етарли эмаслигини кўриш мен учун оғриқли бўлди».
Юртимизда туғилишлар сони ҳамон юқори. Йилдан йилга 1-синфга қабул қилинаётган ўқувчилар сони ортиб бормоқда. Ҳозир юртимизда 10 мингдан зиёд мактаблар фаолият кўрсатмоқда. Уларга ҳар йили 700 мингдан зиёд ўқувчи 1-синфга қабул қилинади.
«Баъзи мактабларда битта синфда 40 нафаргача ўқувчи ўтиргани ҳам бор гап. Ҳали яна кўплаб ўқувчи ўринлари барпо этилиши керак. Бу оғир жараён. Лекин бу муаммоларни ҳал этмасликнинг иложи йўқ, ўқувчиларга шароит яратмасдан туриб, таълим сифати ҳақида гапириш бефойда», — дея таъкидлади С.Мирзиёева.
Бу ерда икки дилемма бор. Мактабларимиз барча шароитга эга бўлиб, яхшилаб таъмирдан чиқарилгани, қўшимча синфхоналар барпо этилиб, эскича фикрлашдан холи, замонавий таълим бера оладиган малакали педагог-кадрлар билан таъминланмаса шунча қилинган ишлар абас кетади.
Шароит керак, аммо таълим сифати иккиламчи эмас
Мактаб таълимига чуқур ислоҳотлар даркор. Ишларни мувозанатни сақлаган ҳолда, параллел равишда олиб бориш керак: мактабларнинг тўлиқ таъмирланиши, уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланиши, зарур ўқув-лаборатория ускуналари билан таъминлангани ҳолда, янги таълим дастурини жорий этиш, ўқитувчилар савияси ҳам ошириб борилиши лозим.
Энг аввало мактабларда муҳитни яхшилаш керак. Масалан, исталган мактабга кирсангиз синфлар ва коридорлар турли-туман, кераксиз тарғибот воситаларига тўлдириб ташланган. Мактабларда имкон қадар шиорбозликдан воз кечиш керак. Мактаблар одмигина, мафкурадан холи, тушунарли нарсалар билан жиҳозланиши лозим.
Бизнинг ёшлигимизда фанлар ўқув кабинетларида ўтиларди. Ҳозир бу усулда дарс беришда амалда воз кечиб юборилган. Тан олиш керак, кўплаб мактабларда ҳозир буни таъминлаш ҳам қийин. Чунки ўқувчи сони кўпайгани сабабли мактаблар ўқувчиларни иккинчи, ҳаттоки, айрим жойларда учинчи сменаларда ўқитишга мажбур. Синфларда ҳам бизнинг ёшлигимиздагидек 25-28 ўқувчи эмас, 45-50 нафардан ўқувчи ўқимоқда. Кўрпага қараб оёқ узатиш керак: бу шароитда кабинет тизими ўзини оқламайди.
Аммо 45 дақиқалик дарс мобайнида 45 нафар ўқувчига сифатли таълим бериш, уларнинг билим даражасини текшириб кўриш амалда имконсиз. Мактабларда таълим сифатини ошириш учун синфхоналарни кўпайтириш, битта синфда ўқувчилар сонини максимум 30 нафар қилиб белгилаш лозим. Мўлжални шунга қараб олавериш керак.
9-синфгача умумий таълим бериб, 10-11-синфларда ўқувчиларни билим, кўникмалари ва қизиқишларига қараб маълум бир йўналишда чуқурлаштириб ўқитишни йўлга қўйиш керак.
Авваллари мактабларни битирган ўқувчилар 9-синфдан сўнг лицей ёки касб-ҳунар коллежларига ўқишга киришарди. Бу усулдан негадир воз кечилди. Ҳали ҳам кеч эмас, эски тажрибадан фойдаланиб, бирор фан бўйича етарли билим ололмаган ёшларни 10-11-синфларда ўқитиб вақтини совурмасдан, касб-ҳунар мактабларига йўналтириб, ҳунар ўргатишни ҳам йўлга қўйиш керак.
10-11-синфлар учун мактабларда кимё-биология лабораториялари, физика-математика, тарих ва география учун жиҳозланган синфлар керак. Албатта, 10 мингдан ошиқ умумтаълим мактаблари учун география ва тарих фанлари учун қоғоз хариталар ясашнинг имкони бордир, физика, кимё, биология каби фанларни янада тушунарли қилиб ўтиш учун лаборатория намуналари ясаб бўлмайди.
Ўзимнинг ўқувчилик давримдан мисол қиладиган бўлсам, физика дарсида оптика, электр механикаси мавзуларини тушунтириш учун лаборатория ускуналари, кимё дарсида кимёвий реагентлар бўларди, реакциялар ўтказарди. Биология дарсида биология кабинетимиз инсоннинг скелети, турли жониворларнинг шишага солинган намуналари бўларди.
Ҳозир 10 мингта мактаб учун бундай намуналар тайёрлашнинг амалда имкони йўқ. Вазиятдан чиқишнинг усули бор.
Замонавий ўқитиш тизимига ўтиш керак
Яқинда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази таъсис этилди ва унинг раҳбарлари таништирилди.
Ушбу марказ мактаб дарсликларини пухта, халқаро таълим стандартларига мос равишда ишлаб чиқариш учун масъул бўлади. Аммо дарслик деганда фақат босма усули билан чоп этиладиган мактаб китобларини тушунмаслигимиз керак.
Мактаб ўқувчилари учун дарсликлар тайёрлашга катта урғу қаратилиши лозим. Мактабда ўқитиладиган тарих, география, математика, геометрия, адабиёт, чет тили, физика, кимё, биология ва бошқа фанлардан ҳар бир мавзу бўйича видеодарсликлар тайёрланиши керак.
Мактабларга доска ёнида улкан интерактив мониторлар ўрнатилиб, видеодарсликлар слайд кўринишида намойиш этилиши лозим. Мактаб синфхоналарини интерактив доскалар билан таъминлаш, уларнинг бенуқсон фаолият кўрсатишини таъминлаш керак бўлади.
(Албатта, бунинг учун мактаблар электр энергияси билан ҳам узлуксиз таъминланиши керак. Ўқитиш фақат кундуз куни бўлар экан, давлатнинг ўзи мактабларни муқобил энергия манбаи — қуёш панеллари билан таъминлашни ўз гарданига олиши лозим. Маҳаллий ҳокимларга буюриб бўлмайди бу ишни — улар ўқитувчиларнинг маошига чанг солишади).
Интерактив дарслик қандай тайёрланади?
Нима демоқчи бўлаётганимни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Айтайлик, кимёвий реакциялар қандай бўлиши битта лаборатория иши мисолида пухта съёмка қилиниб, мавзуга оид видеодарс тайёрланади. Албатта, видеодарслик академик тилда эмас, мактаб ўқувчиси учун тушунарли бўлган тилда тайёрланиши керак.
Бунинг учун ушбу дарсни ўз фанининг етук мутахассиси махсус съёмка павильонида ўтиб беради. Дарс сифатли съёмка қилинади. Монтаж жараёнида керакли титрлар ва бошқа ёзувлар, суратлар, иллюстрациялар туширилади.
Мултимедиа кўринишида ясалган ана шундай видеодарсликлар 10 мингдан зиёд мактабга электрон кўринишда тарқатилади. Бу катта харажат ҳам талаб қилмайди ва тарқатиш ҳам осон. Балким Tas-IXʼда махсус серверлар ташкил қилинар, ҳаттоки Youtube’да ҳам канал очиб, жойлаштириш мумкин.
Боз устига, уйига борган болалар учун ҳам дарсни яна бир қур томоша қилиб, мавзуни такрорлашига қулай бўлади. Бу ҳолатда дарсни ўзлаштиришда ота-оналарнинг ҳам ёрдами ва иштироки кучаяди.
Бу айниқса физика, кимё, биология, математика каби мураккаб фанларни пухта ўзлаштиришда ёрдам беради. Чунки минг эшитгани билан жараённи ўз кўзи билан кўриб тушунган бола фанни яхшироқ ўзлаштириши аниқ.
Тарих, география каби фанларни-ку интерактив усулда ўта қизиқарли фанга айлантириш мумкин. Чунки бу фанларни ўқитаётган барча ўқитувчиларни ҳам маҳоратли деб бўлмайди. Маҳоратсиз ўқитувчининг оғзаки тушунтириши билан фанга меҳр уйғотиш қийин (шундай ҳолатда мусиқа дарси қандай ўтиши мумкинлигини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Умуман мусиқа дарслиги қоғозда чоп этилмаслиги керак, фақат интерактив бўлиши лозим).
Сифатли интерактив дарсликлар бўлса мактабдаги фан ўқитувчиси шунчаки модератор вазифасини бажаради. Дарс мавзусини кўр-кўрона ёдлаб олиш эмас, бирор мавзу юзасидан фикр шакллантириб, баҳс-мунозара уюштириш мумкин. Боз устига, ўша интрактив дарсликнинг ўрталарида ўтилаётган мавзуни мустаҳкамлаш учун ана шундай ўйинлар, тестлар, викториналар қистириб ўтиб кетиш жоиз.
Шу ўринда яна бир таклиф: мактаб дарсликларидаги мавзуларга оид кичик-кичик фактларни Youtube, Instagram ва TikTok каби ижтимоий тармоқлар орқали айлантиришни ҳам йўлга қўйиш керак. Ўқувчиларимиз ижтимоий тармоқларга, гаджетларга қизиқишади. Барибир ўша ижтимоий тармоқларга киришади. Бир тийинга қиммат майнавозчилик саҳналарини томоша қилишяпти. Тайёр платформалардан уларнинг билимларини мустаҳкамлаш учун фойдаланиш мумкин.
Масалан, «Сув нега оқишини биласизми?», «Ёмғир қандай ёғади?», «Симоб нега суюқ?», «Амир Темурнинг нечта фарзанди бўлган?», «Ўзбекистон байроғидаги ранглар нимани англатади?», «Жадидлар ким?» мавзусида 1-2 дақиқалик қисқа роликларни жуда чиройли ва тушунарли кўринишда тарқатиш мумкин. Исталган дарс мавзусидан камида 3-4 та қизиқарли ролик чиқарса бўлади. Бундай роликларни тайёрлашга иқтидорли ўқувчиларнинг ўзини ва таниқли ёшларни ҳам жалб қилиш мумкин.
Ислоҳотлар мевасини узоқ кутамиз
Фикримни мухтасар қиладиган бўлсам, бу борада чуқур изланиб, мутахассисларни жалб қилиб, ҳар бир фан учун ишчи гуруҳ тузиб, хорижнинг энг илғор тажрибаларидан фойдаланган ҳолда махсус дастур тузиб олиниши керак. Бу ишларни бир кунда, бир ҳафтада ёки бир йилда ҳам йўлга қўйиб бўлмайди, албатта. Йўлга қўйилганда ҳам, у эртаси куниёқ ёки келгуси йилиёқ мевасини бера қолмайди. Бу — аниқ.
Мактабларда таълим тизимини ривожлантиришнинг ДОЛЗАРБ БЕШ ЙИЛЛИГИ эълон қилиниб, биринчи йўналишда янги мактаблар қуриш, борларини яхшилаб таъмирлаш, зарурият мавжуд жойларда қўшимча синфхоналар қуриш, уларни муқобил энергия манбаига ўтказиш, иситиш тизимини созлаш, моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, интерактив доскалар билан тўлиқ таъминлаш каби ишлар билан шуғулланиш керак. Бунга параллел равишда иккинчи йўналишда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, замонавий таълим дастури ишлаб чиқиш, сифатли дарслик китоблари ва интерактив дарсликлар ишлаб чиқишни йўлга қўйиш керак.
Шунда президентимиз Ш.Мирзиёев узоқ йиллардан буён таъкидлаб келаётган, сўнгги сайловолди учрашувларидан бирида айтгани — ўқитувчиларнинг ойлик маошларини оширишга ҳам ўз-ўзидан эришамиз. Фанни яхши ўқитаётган ўқувчиларнинг сараги саракка, пучаги пучакка ажралиб қолади ва ўз устида ишлаётган, натижа кўрсатаётган етук ўқитувчиларнинг маоши ҳам йўл-йўлакай ошади.
Тан олиш керак, бу ислоҳотнинг мевасини кўриш учун узоқ йиллар керак бўлади. Ҳозир кўпчилик учун буларнинг ҳаммаси мавҳумдек, мавжуд тизим осон ва тушунарлидек кўринади. Лекин ақл билан иш тутилса, бу ишлар, албатта, ўзининг ижобий мевасини беради. Буни тарих кўп бора исботлаган.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Мавзуга оид
13:56 / 22.11.2024
Ўзбекистонда ҳар етти ўқувчидан камида биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди, нега?
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
11:43 / 20.11.2024
2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади
20:51 / 18.11.2024