Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда водород ишлаб чиқарилиши ва соҳа кадрлари тайёрланиши мумкин
Водород ишлаб чиқариш бўйича технологик жараёнларни иқтисодий баҳолаш орқали асосланган илмий-тажриба тадқиқотлари ўтказиш режалаштирилмоқда.
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон–Япония Ёшлар Инновацион Маркази (UJICY), Япониянинг Кюшу университети (KU) ҳамда Карбон-нейтрал энергия тадқиқотлари Халқаро институти (I2CNER) олимлари ҳамкорлигида ишлаб чиқиладиган лойиҳа «SATREPS – Япония ва ривожланаётган мамлакатлар тадқиқотчилари томонидан глобал муаммоларни халқаро ҳамкорликда тадқиқ қилиш дастури» ғолиби бўлди.
Энергетика вазирлиги хабарига кўра, лойиҳада Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Навоий Давлат кончилик ва технологиялар университети ҳамкорлик қилувчи ташкилот сифатида иштирок этмоқда.
SATREPS – Япония Ҳукуматининг глобал муаммоларни ҳал қилишга қаратилган халқаро қўшма тадқиқотларни илгари суриш учун Япония фан ва технологиялар агентлиги (JST) ҳамда Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан молиялаштириладиган дастуридир.
Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистонда водород ишлаб чиқариш бўйича технологик жараёнларни иқтисодий баҳолаш орқали асосланган илмий-тажриба тадқиқотлари ўтказиш ва водород энергетикаси соҳасида кадрлар тайёрлашдан иборатдир.
Ҳозирги вақтда тўртта энг замонавий технологиялар соҳасида дастлабки тадқиқотлар бошланган:
- тугалланган нефть қудуқларидан фойдаланган ҳолда водород ишлаб чиқариш;
- Ўзбекистон иқлим шароитида замонавий перовскит қуёш батареяларини ривожлантириш;
- буғ электролизи асосида водород ишлаб чиқариш;
- фотокаталитик услубда водород ишлаб чиқариш.
Лойиҳа беш йил давом этади ҳамда тадқиқот фаолияти, тажриба асбоб-ускуналарни харид қилиш ва ўзбекистонлик ёш олимларни ўқитиш учун 500 миллион Япония иенаси (3,5 миллион АҚШ доллари) ажратилади.