Ўзбекистон | 14:57 / 26.06.2023
6633
5 дақиқада ўқилади

Ёшлар куни ва Olympic Day байрамига бағишланган Янги нафас халқаро оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди

Фото: Olympic Day

25 июнь куни Ўзбекистоннинг 16 та шаҳрида, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан югурувчилар иштирокида, Марказий Осиёдаги энг кенг кўламли Янги нафас оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди. Спорт байрами иккита муҳим сана – Ёшлар куни ва Халқаро Олимпия кунига бағишланган эди.

Янги нафас халқаро оммавий югуриш мусобақаси Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Миллий олимпия қўмитаси иштирокида ташкил қилинди. Тадбирнинг ташкилий ва техник тайёргарлик ишлари Ўзбекистон Республикаси Енгил атлетика федерацияси томонидан бажарилди, бош ҳамкор – Ўзбекнефтгаз АЖ.

Бутун республика бўйлаб 100 мингдан зиёд иштирокчи Янги нафас оммавий югуриш мусобақасига қўшилди. Уларнинг орасидан мамлакатнинг 120 та олийгоҳидан 17 мингга яқин талаба ўзларининг байрамларини шаҳарларнинг марказий кўчалари бўйлаб оммавий спорт югуриш мусобақасида қатнашиб нишонлади. Ҳарбий ўқув юртларининг курсантлари ва битирувчилари ҳам Ватан Қалқони ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақасида иштирок этди.

Фарғона, Наманган, Бухоро, Самарқанд, Нукусда югурувчилар иккита масофада мусобақалашди: 1 та олимпия миляси ва 3 километрга. Андижон, Гулистон, Нурафшон, Жиззах, Термиз, Навоий, Қоровулбозор, Қарши, Ғузор, Урганч шаҳарларида 3 км масофага оммавий югуриш мусобақаси ташкил этилди.

Тошкентда Янги нафас оммавий югуриш мусобақаси Ҳумо Арена мажмуасининг спорт майдончасида бўлиб ўтди. Мусобақада олти мингга яқин югурувчи иштирок этди. Оммавий югуриш мусобақасининг пойтахтдаги дастурида югурувчилар учун 3 та масофа ташкил этилди: 1 та олимпия миляси (1, 609 м), 3 километр ва 10 километр.

Янги Нафас оммавий югуриш мусобақасининг очилишида табрик сўзи билан Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов чиқиб, иштирокчиларни Ёшлар куни билан табриклади ва ёш авлод бугунги кунда соғлом ва фаол турмуш тарси йўлига турганини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон Республикаси президенти қошидаги Хавфсизлик кенгашининг котиби ва Ўзбекистон Триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов, Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Азизбек Икромов ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Бош котиби Ойбек Қосимов сўзга чиқди.

Енгил атлетика федерацияси томонидан ўтказилаётган Янги нафас ижтимоий-спорт ҳаракати Olympic Day’ни нишонлаш учун ажойиб платформага айланди. Жаҳон спорт ҳамжамияти июнь ойида Халқаро олимпия кунининг (Olympic Day) 75 йиллигини нишонлайди. Айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Халқаро олимпия қўмитасининг «Келинг ҳаракатланамиз!»/#LetsMove шиори остидаги информацион кампаниясига қўшилди. Ўзбекистоннинг 6 та шарида Янги нафас халқаро лойиҳасининг иштирокчилари, бутун дунё бўйлаб беш миллион югурувчиларни қўллаш рамзида битта олимпия милясини югуриб ўтди.

Янги нафас оммавий югуриш мусобақалари бутун республика бўйлаб 2020 йилдан бошлаб ўтказиб келинмоқда. 600 мингдан зиёд иштирокчи, миллат саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга қаратилган ижтимоий-спорт ҳаракатига қўшилишга муваффақ бўлди.

Ушбу йили Янги нафас оммавий югуриш мусобақаси ўз чегераларини кенгайтирди ва қўшни республикаларнинг Енгил атлетика федерациялари кўмагида югуриш мусобақасига Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан 300 нафарга яқин ёш спортчилар ва югуриш ҳаваскорлари қўшилиш имкониятига эга бўлди. Янги нафас қўшни республикаларнинг тилларида янги ва ёрқин оҳангга эга бўлди: «Нафаси нав», «Жаны дем», «Жаñа тинис» «Тäзе дем» ва Марказий Осиёдаги югуриш ҳаваскорлари учун энг кутилган спорт воқеаларининг бирига айланди.

«Мен Тошкентга илк маротаба келдим ва дарҳол бундай катта спорт байрамига қўшилдим, - деб гапирди финишдан сўнг тожикистонлик югурувчи Мирзодалер Муҳсинзода, - Янги нафас оммавий югуриш мусобақасининг тайёргарлиги ва ўтказилиши энг юқори даражада ташкил этилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишим керак. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Тожикистон Енгил атлетика федерацияларига, спорт югуриш ҳаваскорлари учун эшиклар ва чегараларни очадиган мана бундай ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бизнинг давлатимизда ҳам югуриш тобора оммалашиб бормоқда, ва мен энг йирик спорт клубларининг бири – DAV.Tj клубининг аъзосиман. Айниқса, мен бугун ўзимнинг 5 ва 10 км масофалик шахсий рекордимни такрорлаганим жуда ёқимли. Янги нафас халқаро оммавий югуриш мусобақасида кейинчалик ҳам иштирок этишни режалаштиряпман».

Спорт тадбирининг якунида оммавий югуриш мусобақасининг барча ғолибларига эсдалик совринлари ва совғалар топширилади. Тошкентда ғолиблар Янги нафас оммавий югуриш мусобақаси муносабати билан Миллий боғда ташкиллаштирилган кечки концерт давомида табрикланади.

Реклама