Syndsvenskan нашрига берган интервюсида Биллстрём «Қуръоннинг ёқилиши мамлакатнинг ижобий имижига салбий таъсир ўтказиши мумкин», деган.
Вазирнинг сўзларига кўра, ҳукумат мамлакат обрў-эътиборини қутқариб қолиш учун бор ҳаракатларни аямайди.
«Агар Швецияни кейинчалик ҳам исломофобияда айблайдиган бўлишса, узоқ муддатли истиқболда бу мамлакатнинг дунёдаги ижобий имижига акс таъсир кўрсатади.
Бу воқеа Швециянинг НАТОга аъзо бўлишида қандай оқибатлар келтириб чиқаришини олдиндан айтиш қийин. Лекин мана шу ҳолатда ҳам ҳукумат сўз эркинлигини ҳимоя қилиши ҳам муҳим вазифа ҳисобланади», — деган қироллик дипломатияси раҳбари.
Аввалроқ Швеция ТИВ Қурбон ҳайитининг илк кунида Стокҳолмда Қуръоннинг ёқилишини қоралаб расмий баёнот берган эди.
Бу воқеа юзасидан Швеция ҳукуматини танқид остига олиб, бир қатор давлатлар, жумладан, Туркия, Ироқ, Эрон, Покистон, Индонезия, Афғонистон, АҚШ ва Россия қарши чиқиш қилди.
«Швецияда Қуръонга нисбатан қабиҳ ҳужум барчамизни ғазаблантирди. Бу исломофобия билан суғорилган, негизи нафрат бўлган жиноятдир. Эркинлик бунақа бўлмайди», — деган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған.
Стокҳолмдаги воқеага эътироз сифатида Эрон пойтахти Теҳрондаги Швеция элчихонаси рўпарасида намоз вақтларида Қуръон овоз кучайтиргичларда жонли ўқиб турилган. Ироқда эса Швеция элчихонаси жойлашган кўчада норозилик намойишлари ўтказилди.
Ислом ҳамкорлиги ташкилоти ҳам Швециядаги воқеадан сўнг ташкилотга аъзо давлатларни «Қуръон нусхаларининг келгусида таҳқирланишининг олдини олиш учун биргаликдаги жамоавий чоралар кўриш»га чақирди.
Ташкилот бош котиби Ҳуссайн Иброҳим Тоҳо «фавқулодда чақирилган йиғилиш» чоғида «Қуръонни таҳқирлаш — шунчаки исломофобиянинг оддий кўриниши саналмаслиги ҳақида аниқ сигнал жўнатиш» заруриятини таъкидлаган.
«Биз халқаро ҳамжамиятга ҳар қандай диний тоқатсизлик ва нафрат пропагандасини аниқ тақиқловчи халқаро ҳуқуқни кечиктирмасдан қўллаш кераклигини доимо эслатиб туришимиз керак», — деган Тоҳо.














