Жаҳон | 22:05 / 05.10.2024
5952
2 дақиқада ўқилади

Швеция ўз ҳарбийларини Латвияга юборади

Швеция армиясининг НАТО доирасидаги биринчи операцияси доирасида зирҳли техника ва юзлаб аскарлари Латвияга юборилади.

Фото: Swedish Armed Forces

Бир неча ойдан кейин 600 нафарга яқин швециялик ҳарбий Латвияга йўл олади. Улар Канада раҳбарлиги остидаги бригада таркибида фаолият юритаётган НАТО қуруқликдаги қўшинларига бориб қўшилади.

Қайд этилишича, Швеция армиясининг НАТО доирасидаги биринчи операцияси доирасида кейинги йилнинг январида зирҳли техника ва юзлаб аскарлар Латвияга юборилади. Шведлар баталонига раҳбарлик қилаётган подполковник Ҳенрик Росдаалнинг сўзларига кўра, асосий мақсад — Россияни тўхтатиб туришга ўз ҳиссасини қўшишдир.

«Агар биз Россия ҳаракатни бошлайдиган вақтга қадар етиб борсак, турли хатарларга дуч келамиз», — дейди у. Росдаалнинг қўшимча қилишича, Латвияга юбориладиган ҳарбийларни саралаш ишлари ҳозирда деярли якунланган.

Латвия мудофаа вазири Андрис Спрудснинг маълум қилишича, швед баталони Болтиқ минтақасида Россияни тутиб туриш бўйича НАТОнинг қўшма саъй-ҳаракатларида қўшимча муҳим куч ҳисобланади.

«Россия — бу экзистенциал таҳдид ва биз турли сценарийларга тайёр туришимиз керак, швед миссияси эса биз алянс сифатида ҳар қандай хатарга қарши жавоб қайтаришга тайёр эканимизни кўрсатиб қўяди», — дейди у.

Аввалроқ Финландия Россия чегарасидан 200 километрдан камроқ масофада жойлашган Миккели шаҳрида НАТО қўмондонлик базаси яратилишини эълон қилганди. Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши фонида Финландия 2023 йилда НАТОга қўшилди ва шу билан 75 йиллик бетарафлик даврини тугатди. Натижада альянснинг Россия билан умумий чегараси икки баробарга ортиб, 2600 километрга етди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид