Ўзбекистон | 16:23 / 05.07.2023
31289
9 дақиқада ўқилади

Миср фиръавнларининг хизматчилари нега кийимига асал суртиб юрган? – “Заковат”нинг ёзги мавсумдаги илк ўйинидан репортаж

“Аввал икки кўзингни катта оч, кейин бир кўзингни юм” деган ўзбек ҳикматида қай маъно яширин? Иккинчи жаҳон уруши вақтида Минск аҳолиси нега катта пойабзал кийиб юрган? – “Заковат” телеўйини ёзги мавсумининг илк ўйинида янги жамоа иштирок этди.

Фото: Заковат

2023 йилнинг ёзги мавсуми биринчи ўйинида Отабек Ҳамзаев жамоаси иштирок этади. Индивидуал кастинг орқали турли ҳудудларидаги билимдонлардан ташкил этилган жамоа аъзолари (чапдан ўнгга):

Анвар Наимов - Шифокор;

Алишер Орифжонов - АДУ талабаси;

Муҳиддин Усмонов - Муҳандис;

Отабек Ҳамзаев - Шифокор (жамоа сардори);

Шаҳзодбек Бектурсунов - ЎзМУ магистранти;

Ёқубжон Холматов - "Wisdom" хусусий мактаби директори.

Ўйинни суратга олиш жараёнидан лавҳалар

1-раунд саволи Иккинчи жаҳон уруши вақтида Минск аҳолиси нега катта пойабзал кийиб юргани ҳақида бўлди. Ҳали ўйинга киришиб улгурмаган жамоа ушбу саволга жавоб топа олмади. Ҳисоб телетомошабинлар фойдасига очилди – 0:1.

Жамоа аъзоси Анвар Наимов

2-раундда жамоа ўзига келиб олди. Аввал кўзларни очиб, кейин битта кўзни юмишга чақириладиган ўзбек ҳикмати қайси жараёнга аталгани ҳақидаги савол чиройли тарзда топилди. Ўйинда ҳисоб тенглашди – 1:1.

Жамоа аъзоси Ёқубжон Ҳолматов
Жамоа аъзоси Шоҳзодбек Бектурсунов

3-раунд саволи “Ленфильм” студиясида турли хил буюмлар билан тўлган махсус хона ҳақида бўлди. Ушбу саволга телеўйинда етарлича тажрибага эга бўлган Муҳиддин Усмонов осонлик билан жавоб топиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди – 2:1.

Жамоа аъзоси Муҳиддин Усмонов

Навбатдаги раунд саволи Япония поездларидаги қўл ювиш мосламаси ҳақида бўлди. Ушбу саволга иқтидорли билимдон Алишер Орифжонов муддатидан олдин жавоб берди ва ҳисобни ишончли кўринишга келтирди – 3:1.

5-раундда қадимги Миср фиръавнлари ҳақидаги блиц саволлари ўйналди. Блицнинг биринчи ва иккинчи саволларини осонлик билан топган жамоа учинчи саволда бироз қийналди. Бироқ жамоа сардори Отабек Ҳамзаев тўғри вариантни танлай олди ва жамоасини йирик ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ҳисоб – 4:1.

Жамоа сардори Отабек Ҳамзаев

Кейинги раундда АҚШ Конгресси олдидаги қорбўрон ўйини ҳақидаги қизиқарли савол ўйналди. Ушбу саволда жамоанинг етакчи билимдонларидан бири Алишер Орифжонов яна ўзини кўрсатди ҳисобни 5:1 кўринишига келтирди.

Жамоа аъзоси Алишер Орифжонов

7-раундда АҚШдаги банк қурилиши учун узоқ штатдан 80 минг дона ғиштнинг арзон ва осон усулда ташилгани ҳақидаги савол тушди. Ҳал қилувчи лаҳзада ўзини йўқотиб қўймаган жамоа анча йирик ҳисобдаги ғалабани расмийлаштирди – 6:1.

Янги ташкил топган жамоа дебют ўйинини бу қадар йирик ҳисоб билан бошлашини жамоадагиларнинг ўзлари ҳам кутмаган бўлса керак. Ажойиб ўйин. Бу натижа билан жамоа бир оёғи билан финалда дейиш мумкин. Бундай ҳисоб қолган барча жамоаларга финалга чиқиш учун ва-банк қилишдан бошқа йўл қолдирмайди.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

1-раунд. Савол муаллифи: Ҳувайдо Холиқова, Наманган вилояти, Чуст тумани

Бошловчи: Беларуслик "Нобел" мукофоти соҳибаси Светлана Алексиевич, уруш ҳақида кўп романлар ёзган. Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги фронт орти ҳаётини ёритган бир романида Минск аҳолиси уруш маҳалида катта ўлчамдаги пойабзал кийиб юргани айтилади.

Диққат савол: аниқ айтинг, бу пойабзаллар нима учун керак бўлган?

Жавобни Муҳиддин Усмонов беради: саволда уруш вақти дейилди, ўша вақтда уйларда шароит яхши бўлмаган ва совуқ бўлган бўлиши мумкин. Кенгроқ оёқ кийимга ёш болалари бўлса, солиб юрган бўлиши мумкин, иссиқроқ юриши учун.

Тўғри жавоб: Минск шаҳри доимги бомбардимонлар остида қолган шаҳар ҳисобланади. Шунақа пайтда сигнал бўлади, сирена чалинади, ҳамма кўчага қочиши керак бўлади, ҳамма кийимини кияди енгил-елпи, оёғига эса кийиш учун энгашиб ўтирмайди, пойабзални илади, кўчага чиқиб кетади.

Ҳисоб: 0 - 1

Савол муаллифи Ҳувайдо Холиқова 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

2-раунд. Савол муаллифи: Турсунхон Мамажонова, Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани

Бошловчи: Бир ўзбек иборасини тушунтириш учун мен айтган ҳаракатларни бажаришингиз керак. Кўзингизни очинг, энди биттасини юминг.

Диққат савол: Бу ҳаракатни бажариш қачон сўралади бу иборада?

Жавобни Отабек Ҳамзаев беради: турмуш қуришдан олдин кўзингни каттароқ очгин, турмуш қургандан кейин баъзи бир айбларига кўз юмилар деган мақсадда бу ибора айтилган бўлиши мумкин.

Тўғри жавоб: иборани тўлиқ ўқийман: Эй йигит, уйланишдан олдин кўзингни каттароқ оч, келинни яхшилаб ўрган. Кейин эса келиннинг камчиликларига кўзингни юм.

Ҳисоб: 1 - 1

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

3-раунд. Савол муаллифи: Феруз Усмонов, Тошкент шаҳри Миробод тумани

Бошловчи: марҳамат, эътиборингизни экранга қаратинг.

Ушбу сурат “Ленфилм” студиясида суратга туширилган.

Диққат савол: Хонадаги предметларга қараб айтинг-чи, улар нима билан шуғулланишади?

Жавобни Муҳиддин Усмонов беради: фикримизча, бу ерда турли деталлар, бу хонадаги одамлар филмларга овоз ёзиш билан шуғулланишади, нафақат инсон овози, балки ташқи овозларни ёзиш билан ҳам шуғулланишади.

Тўғри жавоб: кўриб турибсиз, бу ерда ҳамма нарса бор, эски нарсалар. Фақат микрофон етишмаяпти. Микрофон ўрнатилиб, филмларга овозлар ёзиб олинади.

Ҳисоб 2 - 1

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

4-раунд. Савол муаллифи: Саидакбар Мақсудов, Тошкент шаҳри

Бошловчи: суратга эътиборингизни қаратинг.

Япониядаги поездлардаги қўл ювиш мосламаси. Икки хил жўмракдан икки хил сув тушади. Биттасидан тоза ичимлик суви тушса, иккинчисидан қўл ювиш учун техник сув тушади. Қўлювгичнинг ўнг томонида узун тешикча бор.

Диққат савол: Японлар бу тешикчадан нима мақсадда фойдаланади?

Жавобни муддатидан аввал Алишер Орифжонов беради: ҳозирги кунда замонавий тараққиётда телефонлар оммалашиб кетган. Қўл ювишдан олдин айнан уяли телефонини ўша жойга солиб қўяди.

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

Ҳисоб: 3 - 1

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

5-раунд. Блиц саволлари. Саволлар муаллифи: Фаррух Азимов, Бойсун тумани

Мавзу: Қадимги Миср фиръавнлари

1-савол

Бошловчи: Қадимги Миср фиръавнларини шунчалик аяшганки, ҳатто атрофида юрувчи хизматкорлар кийимига асал суртиб қўйишган?

Диққат савол: Нега?

Жавобни Шоҳзодбек Бектурсунов беради: ёнида асал суртилган хизматкорлар фиръавнни турли ҳашаротлардан: пашша, чивинлардан ҳимоя қилиб туради, яъни ўзига жалб қилиб туради ва улар фиръавнга йўлиқмайди.

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

2-савол

Бошловчи: Қадимги Миср фиръавнларида ғалати одатлар бўлган

Диққат савол: Фиръавн кўп ҳолларда уйланиш пайтида оила эҳтиёжидан келиб чиқиб кимларга уйланишган?

Жавобни Шоҳзодбек Бектурсунов беради: бизнинг жавобимиз шундан иборатки, ҳукмдорлар ўз наслини сақлаб қолиш учун ўзининг туғишган опа-сингиллари билан турмуш қурган.

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

3-савол

Бошловчи: эрамиздан аввалги 31-йилда Сезарион фиръавнлиги вақтида расман Миср давлати тугатилади.

Диққат савол: шундан кейин Миср қандай атала бошланган?

Жавобни Алишер Орифжонов беради: Рим провинцияси деб аталган.

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

Ҳисоб 4 - 1

Билимдонлар жамоаси 1 миллион пул мукофотини қўлга киритди.

6-раунд. Савол муаллифи: Фурқат Исматов, Навоий вилояти Зарафшон шаҳри

Бошловчи: экранга қарашингизни сўраймиз.

Бу сурат ОАВда "Жанг" сарлавҳаси билан тасвирланган.

Диққат савол: қандай жанг деб номланган?

Жавобни Алишер Орифжонов беради: Бу суратда кўриб турганимиздек, орқасида Капитолий биноси турибди. Балки бу сурат демократлар ва республикачилар ўртасидаги жанг ёки уларнинг рамзи бўлган "филлар" ва "эшаклар" ўртасидаги жанг деб номланган.

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

Ҳисоб 5 - 1

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

7-раунд. Савол муаллифи: Абдуҳошим Турғунбоев, Наманган вилояти

Бошловчи: 1916 йилда АҚШдаги бир банк қурилишига 80 мингта ғишт жуда узоқ штатдан олиб келинган. Арзон усулда.

Диққат савол: банкка ғиштлар қандай олиб келинган?

Жавобни Алишер Орифжонов беради: Бу йилда ҳар бир ғишт доналаб почта орқали олиб келинган. Бу юклаб олиб келишдан арзонроқ тушган.

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

Ҳисоб 6 - 1

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Фото: Заковат

Энг яхши савол муаллифи - Абдуҳошим Турғунбоев

Абдуҳошим Турғунбоев 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Фото: Заковат

Ўйиннинг энг фаол билимдони - Алишер Орифжонов

Алишер Орифжонов 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид