14:27 / 07.07.2023
4289

Ўзбекистонга Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Аёллар тараққиёти ташкилотига аъзо бўлиш таклифи берилди

3-7 июль кунлари бўлиб ўтаётган ҳафталик доирасида Ўзбекистонга Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Аёллар тараққиёти ташкилоти аъзоси бўлиш таклиф этилди.

Тошкентда ўтказилаётган “Янги Ўзбекистонда тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги ҳафталик доирасида “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва иқтисодий–имкониятларини кенгайтириш” мавзусида форум ташкил этилди.

Унда 25 нафардан ортиқ (Швейцария, Сингапур, Миср, Қозоғистон, Россия, Италия, Туркия, Қирғизистон ва бошқа мамлакатлар) чет эллик нуфузли меҳмонлар, Ўзбекистондаги халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, 150 нафар маҳаллий раҳбар аёллар ва фаол хотин-қизлар иштирок этишди.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Аёллар тараққиёти ташкилоти ижрочи директори Афнан ал-Шуайбий Ўзбекистонга ҳам мазкур ташкилотга аъзо бўлиш таклифини билдирди:

“Мен Саудиядан келдим. Ислом ҳамкорлик ташкилотига алоқадор аёлларни ривожлантириш ташкилоти раҳбари сифатида унга аъзо 7 та мамлакат тажрибаси билан бўлишдим.

Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга давлат раҳбари томонидан берилаётган эътибор ва имкониятлар нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки Ислом давлатлари томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ўзбекистон бу мамлакатлар орасида лидерлардан бири деб баралла айтишим мумкин.

Ҳозирда бизнинг ташкилотда 7 та Ислом мамлакатлари ишлаяпмиз ва Ўзбекистонга ҳам бизнинг ташкилотга аъзо бўлиш таклифини бердик. Биз бу ердаги тажрибаларни Ислом мамлакатларига ҳам улашишни таклиф этмоқчимиз”.

Форумда иштирок этган Туркия оила ва ижтимоий хизматлар вазир ўринбосари Ридван Дурандан Туркияда хотин-қизларни иқтисодий ва ижтимоий ҳимоялаш тажрибаси ҳақида сўрадик:

Хотин қизлар масалаларига бағишланган форумнинг ташкил этилишини мақтовга сазовор иш, албатта. "Жаннат - аёллар, оналар оёғи остида" деган муқаддас ақидага амал қиламиз.

Жамиятимизда аёллар жуда қадрланади. Ва шунинг учун ҳам бу форумнинг ташкил қилингани жуда қувонарли ҳол. Фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли ташкилотчиларга ўз ташаккуримизни билдираман.

Туркияда хотин-қизларни ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш масаласи давлатнинг олдидаги устувор масала ҳисобланади.

Ногирон, имконияти чекланган ва қарияларга, оиласида муаммолари бўлганлар, беморлар билан бир қаторда бугунги кунда аёлларга ҳам ижтимоий ёрдам беряпмиз. Уларни ўз қўл меҳнатлари билан пул топишлари учун ҳам шароитлар яратилган. Ўзлари тайёрлаган маҳсулотларини ўзлари бемалол сота оладилар. Аёлларни иш билан таъминлаш, уларнинг таълим олиши учун ҳам хотин-қизларимизга қўйилган тўсиқларни олиб ташладик. Бу имкониятлардан кейин мамлакатимизда ўғил болалар ва қизлар ўртасида олий таълим олиш коэффициенти тенглашди. Таълим ва бандлик масалаларини ҳал қилиб хотин-қизларимизга иқтисодий тарафдан кўмак беришга ҳаракат қиляпмиз”, - деди вазир ўринбосари.

Форум доирасида аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, инновация, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш борасида янги лойиҳа ва дастурларни тайёрлашга хизмат қилиши мумкин бўлган тавсиялар ишлаб чиқилади.

Top