23:35 / 11.11.2023
12434

Араб давлатлари Лигаси Ғазода урушни тўхтатиш талаби тўғрисидаги декларацияни қабул қилди

Араб давлатлари лигаси (AL) ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIC) Ар-Риёзда ўтказилган қўшма саммит якунлари бўйича декларацияни имзолади.

Унда БМТ Хавфсизлик Кенгашидан «Исроилнинг Ғазо секторидаги тажовузини тўхтатиш учун мажбурий қарор қабул қилиш» талаби бор.

«Биз Исроилнинг Ғазо секторига бўлган тажовузини ва Исроил томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар, болалар, аёллар ва журналистларнинг ўлдирилиши, шунингдек, тиббиёт ходимларига қилинган ҳужумларни қоралаймиз», дейилади ҳужжатда.

Араб-Ислом саммити иштирокчилари, шунингдек, Исроилнинг кимёвий қурол қўллагани бўйича текширув ўтказишни талаб қилиб, барча давлатларни «Фаластин халқига қарши истилочи маъмурият қўллаган қуролларни экспорт қилишни тўхтатишга» чақирди.

«Ғазо секторига тажовуз қилиш катта ҳарбий жиноят ҳисобланади. Ғазодаги урушни тўхтатиш учун зудлик билан халқаро чоралар кўриш керак», дейилади баёнотда.

Араб давлатлари Лигаси ва ИҲТ давлатлари раҳбарлари «барча маҳбуслар ва тинч аҳолини озод қилиш зарурлигини» таъкидладилар, шунингдек, «Ғазо блокадасини тўхтатиш ва инсонпарварлик, озиқ-овқат, тиббий ёрдам ва ёқилғи импортини таъминлашни» талаб қилишди. Шу билан бирга, иштирокчилар «фаластинликларни Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ёки Қуддусга мажбуран кўчиришга қаратилган ҳар қандай уринишларни» рад этишди.

Top