10:30 / 08.07.2023
7901

Литва, Полша ва Латвия НАТОга Минск таҳдидлари ҳақида шикоят қилди

Россия тактик ядро қуролларининг Беларусда жойлаштирилиши ҳамда Пригожин ва «Вагнер» ХҲК жангчиларининг кутилаётган кўчирилиши минтақа хавфсизлигига салбий таъсир қилади, деди Науседа, Дуда ва Левитс.

Фото: BNS

Литва, Полша ва Латвия президентлари Гитанас Науседа, Анжей Дуда ва Эгилс Левитс НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳамда альянс давлат ва ҳукумат раҳбарларига мактуб йўллаб, уларни Беларусдаги вазият ривожланиши билан боғлиқ таҳдидларга қарши чоралар кўришга чақирди. Мурожаат ҳақидаги маълумот 7 июль, жума куни Литва раҳбари матбуот хизмати томонидан тарқатилди. 

Мактуб муаллифлари таъкидлашича, Москва ва Минск ўртасидаги «борган сари яқинроқ ҳарбий интеграция минтақа ва бутун Евроатлантика маконининг хавфсизлигини» ёмонлаштирди. Бу, хусусан, Беларусда тактик ядровий қуролларни жойлаштиришга тегишли. Бу қадам Россия-НАТО асосий актини очиқдан-очиқ бузиш ва «бу ҳужжат энди амалда эмаслигини» тасдиқлайди, деб ҳисоблайди уч давлат раҳбарлари.

Науседа, Дуда ва Левитс шунингдек, россиялик ёлланма аскарларнинг «Вагнер» ва Евгений Пригожиннинг Беларусга кўчирилиши ушбу мамлакатда «сиёсий барқарорлик учун хавф» туғдиришини ва бунинг натижасида «анъанавий режим ядро қуроллари устидан назоратни йўқотиши мумкин», деб таъкидлади.

Мурожаат муаллифларининг фикрича, Беларус учинчи давлатлардан Европа Иттифоқига ноқонуний муҳожирларнинг оммавий миграцияси янги тўлқинини ҳам ташкил қилиши мумкин. Беларус халқи НАТОдан демократик, барқарор ва гуллаб-яшнаган, «забт этилмаган ва фуқаролик низоларида фойдаланилмаган» Беларус иттифоқ учун муҳим эканлиги ҳақида аниқ хабарга муҳтож, дейилади мактубда. 

Иттифоқчиларнинг курси ядровий тўсиқни қайта кўриб чиқиш, Беларусдан келиб чиқадиган одатий таҳдидларга мослашиш, шарқий қанотдаги армия захираларини тўлдириш, мудофаа харажатларини ЯИМ икки фоизидан кўпроқ ошириш, харажатларни НАТО устуворликларига мослаштириш, иттифоқчиларнинг гибрид таҳдидларга чидамлилигини оширишни ўз ичига олиши керак, дейилади Литва, Полша ва Латвия президентларининг қўшма мактубида. 

Александр Лукашенко 6 июль куни «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси Беларусда жойлаштирилса, ундан мамлакатни ҳимоя қилиш учун фойдаланиш мумкинлигини айтди. «Мен бу жангчиларнинг маълум сонини жойлаштирганимиздан мутлақо хавотирда эмасман ва ташвишланмайман», деди Лукашенко. У агар бу содир бўладиган бўлса, «муайян шартларда юз беришини» таъкидлади. «Асосий шарт шуки, агар биз ушбу бўлинмадан давлат мудофааси учун фойдаланишимиз керак бўлса, у бир зумда исталган йўналишда фаоллашади», - дея қўшимча қилди Беларус раҳбари. 

Top