Жаҳон | 10:49 / 10.07.2023
6997
4 дақиқада ўқилади

АҚШ молия вазири: Вашингтон иқтисодий муносабатларда Хитойдан узоқлашиш ниятида эмас 

Жанет Йеллен Хитойга ташрифини самарали деб атади ҳамда Вашингтон ва Пекин келишмовчиликларни «аниқ ва тўғридан тўғри» муҳокама қилиши мумкинлигини таъкидлади.

Фото: EPA/ТАСС

Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасида жиддий келишмовчиликлар мавжуд, бироқ мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланмоқда, деди АҚШ молия вазири Жанет Йеллен 9 июль, якшанба куни Хитойга тўрт кунлик сафари якунлари бўйича Пекинда ўтказилган матбуот анжуманида. АҚШ Молия вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, Хитойнинг юқори мартабали вакиллари билан 10 соатга яқин икки томонлама учрашувлар «тўғридан тўғри, мазмунли ва самарали» бўлган. 

«Ҳеч қандай ташриф бир кечада муаммоларимизни ҳал қилмайди. Лекин бу сафар барқарор ва самарали алоқа каналини яратишга ёрдам беради деб умид қиламан», деди расмий. Унинг сўзларига кўра, сафардан мақсад Хитойнинг янги иқтисодий жамоаси билан алоқаларни ўрнатиш ва чуқурлаштириш, тушунмовчиликлар хавфини камайтириш ҳамда мамлакатларнинг иқлим ўзгариши ва қарз инқирози каби соҳаларда ҳамкорлик қилишига йўл очишдир. 

Вашингтон иқтисодий муносабатларда Хитойдан узоқлашиш ниятида эмас, дейди Йеллен. Бундай ҳаракат «ҳар икки давлат учун фалокатли ва дунё учун беқарорлик» бўлади, дея қўшимча қилди АҚШ молия вазири. Аммо шу билан бирга, Вашингтон «очиқ, эркин ва адолатли иқтисодиёт»ни кўришни хоҳлайди ва келишмовчиликлар ҳақида «аниқ ва тўғридан тўғри» хабар қилиниши керак, деди у. 

Ташриф давомида Йеллен Пекиндаги суҳбатдошлари билан Украина урушини ҳам муҳокама қилди. АҚШ Молия вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, у Хитой ташкилотлари томонидан урушда Россияга моддий ёрдам кўрсатиш ва Москвага нисбатан киритилган санкциялардан қочишга йўл қўйилмаслиги лозимлигини таъкидлади. 

Охирги ойларда Пекин АҚШ вакилларининг Тайван билан мулоқоти туфайли неча бор норозилигини билдирган. 2022 йил август ойида Хитой ўз провинцияси деб ҳисоблаган оролга ўша пайтда АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг спикери бўлган Нэнси Пелоси ташриф буюрди. Бундан ташқари, Вашингтон Тайванга қурол сотади, аммо у «ягона Хитой сиёсати»га мувофиқ расмий дипломатик алоқаларни фақат Пекин билан олиб боради. 

Май ойи охирида Қўшма Штатлар Хитойни Жануби-Хитой денгизи узра Американинг RC-135 самолёти «олдидан» учиб ўтган қирувчининг агрессив манёврини уюштирганликда айблади. Шу билан бирга, ХХР АҚШнинг Сингапурда бўлиб ўтган «Шангри-Ла мулоқоти» хавфсизлик форуми доирасида икки давлат мудофаа вазирлари учрашувини ўтказиш ҳақидаги илтимосини рад этди. Бироқ июнь ойи ўрталарида Хитой раҳбари Си Жинпинг кутилмаганда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашди. 

Вашингтон ҳам бир неча бор Пекинни жосусликда айблаган. Бунинг энг сўнгги сабабларидан бири февраль ойи бошида АҚШ ҳудудида топилган Хитой аэростати бўлди. АҚШ Мудофаа вазирлиги қурилма суратга ва видеотасвирга олиш имконини берувчи ускуналар билан жиҳозланганини таъкидлади, АҚШ президенти Жо Байден воқеа туфайли Хитой раҳбарини «диктаторлар»га тенглаштирди. Бироқ июнь ойи охирида Пентагон ўз позициясига аниқлик киритиб, ҳаво шари разведка маълумотларини тўпламаганини билдирди. 

Мавзуга оид