АҚШ Украина узра Россия ракеталарини уриб туширишдан бош тортганига изоҳ берди
Қўшма Штатлар Украинага ёрдам беришда давом этади, аммо Полша ёки Руминиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарининг учирилиши урушга «бошқа турдаги аралашув» бўлади, деди Пентагон спикери.
Вашингтон Украинани ўз суверен ҳудудини қайтариб олиш учун курашда қўллаб-қувватлайди, бироқ АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар қўшинлари Украина ҳудудида жанг қилмаслигига ваъда берди. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингх 3 октябр, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди. У Украина президенти Володимир Зеленскийнинг НАТО кучларини Россия ракеталари ва учувчисиз учоқларини АҚШ иттифоқчиси Исроил ҳудуди узра душман ракеталари ва учувчисиз учоқларини уриб туширганидек, ўз мамлакати ҳудуди узра уриб туширишга чақириғи ҳақидаги саволга шундай жавоб берди.
Россия ракеталари Полша ёки Руминияда жойлашган ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилиши АҚШ қўшинларининг Украина ҳудудида (boots on the ground) иштироки сифатида баҳоланадими, деган аниқ саволга жавобан Америка мудофаа идораси матбуот котиби шундай деди: «Бу (АҚШ Россиянинг Украинага қарши урушига) бошқача тарзда аралашув бўларди, бизда ҳозирда Украина ўз шаҳарларини, аҳолисини муваффақиятли ҳимоя қила оляпти, деган тасаввур бор. Биз унинг инфратузилмасига Россия ҳаво ҳужумларидан ҳимояланиш учун зарур бўлган ёрдамни беришга тайёрмиз».
Украинадаги уруш ва Яқин Шарқда Исроил иштирокидаги можаро «икки бошқа манзара ва бутунлай бошқа жанг майдонлари», дея таъкидлади Сингх.
Унинг қўшимча қилишича, Пентагон раҳбари Ллойд Остин 3 октябр куни Украина мудофаа вазири Рустем Умеров билан телефон орқали гаплашган ва улар фронтдаги вазият ривожи, Украина Қуролли кучларининг жорий операциялари ва уларнинг эҳтиёжларини муҳокама қилган. Вашингтонга кўра, украиналиклар «ўз ҳудудларини қайтариб олишда давом этиш учун ҳаво мудофааси ёки бошқа имкониятлардан жуда муваффақиятли фойдаланишмоқда», деди Сабрина Сингх.
Столтенберг: Украинадаги тинчлик АҚШ кафолатларини ўз ичига олиши керак
Украинадаги урушни тугатиш бўйича ҳар қандай музокаралар бу давлат учун Ғарб ва биринчи навбатда АҚШ томонидан хавфсизлик кафолатларини ўз ичига олиши керак, деди 1 октябр куни НАТО бош котиби лавозимини тарк этган Йенс Столтенберг. Украинада Ғарб кафолатларисиз тинчлик ўрнатиш Россиянинг харитадаги ҳеч қандай чизиққа риоя қилмаслигига олиб келади, деди Столтенберг кеча, мудофаа алянси бошқарувидаги сўнгги кунида Reuters агентлигига.
«Ҳар қандай чизиқ келишилганида – хоҳ халқаро миқёсда тан олинган чегара бўладими, хоҳ бошқа ўт очишни тўхтатиш чизиғи бўладими, биз уруш шу ерда тугашига мутлақо амин бўлишимиз керак», деди у. Сиёсатчи 2014 йилда Россия агрессияси бошланганидан сўнг Украина шарқида ўт очишни тўхтатиш бўйича олдинги келишувларни эслади, Россия бу агрессияга чек қўймай, яна ҳужумга ўтди.
Столтенбергнинг сўзларига кўра, Ғарб Россия президенти Владимир Путиннинг Украинага нисбатан позициясини ўзгартира олмайди. «Аммо менимча, агар биз урушни давом эттириш нархи шунчалик юқори эканлигини кўрсатсак, унинг ҳисоб-китобларини ўзгартиришимиз мумкин, шунинг учун у ўтириб, Украинани суверен мустақил давлат сифатида қабул қилгани маъқул», — дея таъкидлади у.
Мавзуга оид
14:35 / 04.11.2024
АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади
13:10 / 04.11.2024
Тайбэй: Тайванлик иккинчи кўнгилли Украина учун жангларда ҳалок бўлди
11:10 / 04.11.2024
CNN: АҚШ сайловлари Путинни Киев билан мулоқотга ундамайди
09:50 / 04.11.2024