Ўзбекистон | 20:53 / 13.07.2023
9021
2 дақиқада ўқилади

Вахта усулида ишлашни ташкил этиш тартиби белгиланди 

Вахта усули - бу ишчиларнинг доимий яшаш жойидан ташқарида, доимий яшаш жойига ҳар куни қайтишини таъминлашнинг иложи бўлмаганда меҳнат жараёнини амалга ошириш махсус шакли. 

Ҳукумат қарори билан «Вахта усулида ишлашни ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги намунавий низом тасдиқланди. 

Унга кўра, вахта усулида ишлашни қуйидаги ҳолатларда қўллаш мумкин: 

- ўрмон хўжалиги, геология-қидирув, алоқа ва темирйўл транспорти ташкилотларида;

- қурилиш-монтаж, шунингдек, реконструкция-таъмирлаш ишларини амалга ошираётган қурилиш ташкилотларида;

- энергетика объектларидан фойдаланишда (эксплуатация қилишда);

- нефть ва газ саноати объектларида, шу жумладан, қувур ўтказувчи, хизмат кўрсатувчи ва таъмирлаш ишларини бажарувчи ташкилотлар ҳамда қувур транспорти ташкилотларида;

- рангли ва қимматбаҳо металлар, кўмир ва бошқа табиий бойликлар конларини ўзлаштиришда;

- вахта усули қўлланган ташкилотлар ходимларига хизмат кўрсатаётган тиббий, савдо ва умумий овқатланиш, транспорт ташкилотларида;

- автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда бошқа ташкилотларда. 

Вахта усулида ишларни ташкил этиш билан боғлиқ барча харажатлар иш берувчи ҳисобидан амалга оширилади. 

Вахта усулида бажариладиган ишларга қуйидагилар жалб қилиниши мумкин эмас:

- 18 ёшгача бўлган ходимлар;

- ҳомиладор аёллар;

- 3 ёшгача бўлган фарзандини тарбиялаётган ота-онадан бири (васий);

- тиббий хулосага мувофиқ вахта усулидаги ишларни бажаришига қарши кўрсатмалар бўлган шахслар. 

Иш берувчи томонидан вахта усулида ишлайдиган ходимлар транспорт, савдо-маиший хизматлар ҳамда кунига уч маҳал иссиқ овқат билан марказлашган ҳолда таъминланади ва уларнинг овқатланиши учун санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига жавоб берадиган шароитлар яратилади. 

Бунда ҳисобга олинган давр учун ҳар кунги иш вақтининг максимал давомийлиги 12 соатдан ошмаслиги керак. 

Вахта усулида ишлаётган ходимларга меҳнат таътили вахта сменаси оралиғидаги дам олиш вақтида берилиши мумкин эмас. 

Мавзуга оид