Кўпинча бу муносабатлар ҳақиқатан ҳам драматик кечган ва сиёсий детектив ҳикояни эслатган, ундаги персонажлар орасида нафақат Украина, балки Ғарб давлатлари раҳбарлари ҳамда Киев ва Шимолий Атлантика иттифоқи ўртасидаги яқинлашувга доимий равишда қарши турадиган Кремл ҳам бор эди.

BBC нашри Украинанинг НАТО томон қанчалик узоқ йўл босиб ўтганини эслади ва уни аллақачон блокка аъзо бўлган бошқа мамлакатларнинг аъзолик йўли билан солиштирди.

Биринчи қадамлар ва қўшилиш бўйича баёнотлар

Украина ва НАТО ўртасидаги муносабатлар амалда Украина мустақил давлатга айланиши биланоқ бошланган. Украинанинг биринчи президенти Леонид Кравчук 1992 йилда алянснинг Брюсселдаги штаб-квартирасига ташриф буюрган, 1994 йилда эса Украина постсовет давлатлари орасида биринчи бўлиб «Тинчлик йўлида ҳамкорлик» ташаббуси доирасида НАТО билан шартнома имзолаган.

Украина президенти Леонид Кучма аввалига мамлакатни НАТО аъзоси қилиш мақсадини қўйганди, аммо кейин бу ғоядан воз кечади. Фото: Getty Images

Леонид Кучма президентлиги даврида ҳам ҳамкорлик ривожланади — 1997 йилда «НАТО ва Украина ўртасидаги махсус ҳамкорлик тўғрисида Хартия» имзоланади, шунингдек алянс билан ҳамкорликнинг турли дастурлари ҳам ишлаб чиқилади.

НАТOнинг шарққа томон кенгайишининг иккинчи тўлқини бошида, 2004 йилда Украина мамлакатнинг нейтрал, блокларга қўшилмаслик мақомини рад этишни назарда тутувчи стратегияни тасдиқлайди. Шунингдек, давлатнинг ҳарбий доктринасига Евро-Атлантика интеграциясини давом эттириш ва НАТOга қўшилиш тўғрисидаги бандлар киритилади.

Аслида айнан мана шу даврда Украина ҳукумати биринчи марта алянсга аъзо бўлиш ниятини эълон қилади.

Аммо бу мақсад президент Леонид Кучма журналист Георгий Гонгадзенинг ўлдирилишига алоқадорликда айбланган «кассетали можаро»дан кейин янграганди. Шунингдек, Украина ҳукуматига нисбатан БМТнинг Ироққа қарши санкциялар режимини бузганлик (хусусан, «Колчуга» радиоэлектрон разведка станцияларини Бағдодга етказиб бериш) айби ҳам илгари сурилади.

Натижада, Россиянинг ёрдамига таянувчи Украинанинг ўша пайтдаги президенти Кучма халқаро изоляцияга тушиб қолади, уни мамлакат аҳолиси ҳам жиддий қўллаб-қувватламайди. Шунинг учун, бу вақтдаги НАТО раҳбарлари Леонид Кучманинг қадамларига унчалик эътибор қаратмайди.