Жаҳон | 20:21 / 15.07.2023
17558
14 дақиқада ўқилади

НАТО саммитида Болтиқбўйи давлатлари мудофааси муҳокама қилинди. Бу «Вагнер» туфайли

НАТО Россиядан ҳимояланиш бўйича минтақавий режаларни якунлаётган бир пайтда, шарқий Европа сиёсатчилари Беларус ва «Вагнер» ёлланма аскарлари томонидан келаётган янги таҳдид долзарблигини таъкидлаяпти.

Фото: Getty Images

2021 йилнинг кузида Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдан келган минглаб муҳожирлар Европа Иттифоқига кириш учун Полша-Беларус чегарасини ёриб ўтишга ҳаракат қилганди. Полша бу Александр Лукашенко тузуми гибрид ҳужумининг бир қисми эканини таъкидлаб, ҳарбий хизматчиларни оғир техника билан бирга чегарага олиб келганди.

Вилнюсдаги НАТО саммити бошланишидан бир неча кун олдин Полша «вазиятни беқарорлаштириш»га уринишларга тезкор жавоб бериш зарурати туфайли Беларус билан чегарага яна минглаб аскар ва 200 та техника ташлади.

НАТОнинг шарқий қанотидаги сиёсатчилар чегарага ҳужумлар такрорланиши ва улар бу сафар яхши тайёрланган ва қуролланган «Вагнер» ёлланма аскарлари томонидан содир этилиши мумкин, дея гумон қилмоқда.

Шафқатсиз «мигрантлар»

Вилнюсдаги саммитдан бир ҳафта олдин Литва ва Полша «Вагнер» ёлланма аскарлари чегарага ташланиши эҳтимоли сабаб иттифоқчи давлатлар раҳбарларига чегараларни мустаҳкамлашда ёрдам сўраб расмий хат йўллади.

Саммитда ҳам худди шу риторика давом этди.

«Тасаввур қилинг, беш минг шафқатсиз, яхши ўқитилган ёлланма аскарлар муҳожирлар йўли орқали ўтишга ҳаракат қилмоқда... Агар улар Европага ўтиб олса нима қилади?», деган Латвия бош вазири Кришянис Каринш.

Уни Полша президенти Анжей Дуда қўллаб-қувватлаган. «НАТОнинг барча форумларида ва барча икки томонлама учрашувларда биз иккита масалани кўтарамиз, булар «Вагнер» ва тактик ядро қуролларининг Беларусга жойлаштириши», деган Полша раҳбари.

Худди шу мавзуни Литва президенти Гитанас Науседа ҳам кўтарган. «Мен Байденга Беларус муаммога айланиб бораётганини аллақачон айтдим. Минтақамиздаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашмоқда», дея муаммога тўхталган у.

Норасмий суҳбатларда ғарбий ҳамкорлар елка қисиб, янги таҳдидга жавоб беришга тайёр эмасликларини тан олган, устига-устак Шарқий Европа давлатларидан бошқа ҳеч ким ҳали бу таҳдидни очиқ кўрмаяпти.

«Биз нима бўлаётганини кузатиб борамиз. Ва, албатта, Литва билан қўшни мамлакатларда содир бўлаётган воқеалар биз учун муҳим. НАТО ҳар қандай потенциал таҳдиддан ўзини ҳимоя қилишга тайёр, аммо биз ҳозирча «Вагнер»нинг Беларусга жойлаштирилишини кўрмаяпмиз», деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

Аммо алянсда ҳатто бундай маълумотлар бўлган тақдирда ҳам, бунга қандай муносабат билдириши тўлиқ аниқ эмас. Агар Каринш сценарийси амалга ошса, яъни ёлланма аскарлар «бошқарилувчи миграция»нинг бир қисмига айланса ҳам, бу НАТО учун муаммо бўлмайди.

Норасмий суҳбатларда дипломатлар миграция ҳарбий муаммо эмаслиги, яъни алянс уни ҳал қилмоқчи эмаслигини айтган. Ҳатто ушбу уюштирилувчи миграция ортида Лукашенко турган бўлса ҳам. Уларнинг таъкидлашича, бу миллий ҳукуматлар ва Европа Иттифоқининг жавобгарлик зонаси масаласи.

Бундан ташқари, юридик нуқтайи назардан, «Вагнер»ни энди Россия армиясининг бир қисми деб ҳисоблаш керакми ёки йўқми, бу ҳам аниқ эмас. Ҳатто агар алоқа аниқ бўлса ҳам, ёлланма аскар-муҳожирларнинг гибрид ҳужуми Россия томонидан ҳужум сифатида баҳоланиши номаълум. Бошқача қилиб айтадиган бўлса, «Вагнер» НАТО шартномасининг 5-моддаси ишга тушишига сабаб бўлиши эҳтимоли кам.

Аммо НАТО ҳали жавоб бермаган бўлса ҳам, Шарқий Европа ўз ҳудудига қанча қўшин ва қандай техникалар жойлаштирилиши кераклиги ҳақидаги мунозараларда барибир янги «зот» картага эга бўлди. Таҳдидлар қанчалик кўп бўлса, мустаҳкамлашга эҳтиёж ҳам шунчалик кўпроқ бўлади.

Болтиқбўйи мамлакатларида халқаро ҳарбий ёрдамга бўлган иштаҳа ҳар доим юқори бўлган: бу биринчидан, ўз ресурсларининг етишмаслиги, иккинчидан, ҳаракатларини олдиндан айтиб бўлмайдиган ўта тажовузкор қўшнилар билан умумий чегаралар мавжудлиги туфайлидир. Савол туғилади — Болтиқбўйи мамлакатлари нималарни олмаган ва эҳтимолий тажовуз юз берганда уларга нима керак бўлади?

Ҳатто уриниб ҳам кўрмасликлари учун тийиб туриш

Сўнгги тўққиз йилдан бери алянс шарқий қанотда амалга ошираётган барча ислоҳотлар — жуда шартли равишда икки қисмга бўлинади: мудофаа ва тийиб туриш.

Болтиқбўйи давлатлари ҳаво кенгликларида НАТО бўйича иттифоқчилар Британия ва Германия самолётлари навбатчилик қилади. Фото: ROYAL AIRE FORCE

Иккинчи қисм билан ҳаммаси оддий: гап 2017 йилдан бери Болтиқбўйи мамлакатлари ва Полшада жойлашган халқаро контингент ҳақида кетмоқда. Унинг мақсади жанг қилишдан кўпроқ, Россияга ушбу мамлакатларга ҳужум содир бўлган тақдирда фақатгина маҳаллий қўшинлар билан ҳисоблашиш керак эмаслигини кўрсатишдир. Мана шу тийиб туриш концепцияси.

Шарқий Европада Буюк Британия (Эстонияда), Канада (Латвияда), Германия (Литвада) ва АҚШнинг (Полшада) нисбатан кам миқдордаги техникаларга эга ҳарбий бўлинмалари жойлашган.

Уруш бошлангунига қадар ҳар бир халқаро гуруҳ мингга яқин кишидан иборат бўлган, уруш бошланиши биланоқ эса расмий музокараларсиз контингент сони икки баравар кўпайтирилди.

2022 йилги Мадрид саммитида Шарқий Европа етакчилари янада жиддийроқ қадамни, яъни контингентни дивизия даражасигача кўпайтиришни (20 000) талаб қилди. Ҳамкорлар эса уни бригада даражасига (5000) оширишга келишиб олди, аммо бу бригада жисмоний жиҳатдан Шарқий Европада жойлашиши шарт бўлмаслиги белгиланди. Расмий келишувларга кўра, улар ўз мамлакатида «захирага олинган» бўлиши мумкин.

Орадан бир йил ўтгач, Вилнюс саммитида вазиятга ниҳоят аниқлик киритилди: Канада Латвияга яна 2000 кишилик қўшин юборади (Leopard 2 танклари билан бирга), Германия Литвадаги ҳарбий гуруҳи сонини 4000 кишигача кўпайтиради, Буюк Британия эса ҳамма нарсани ҳозирги даражасида қолдириб, Эстония учун «захира» бригадаси шакллантиради ва бу бригада ўз ҳудудида туради.

Яъни тийиб туриш ва қўшимча контингент бўйича, Болтиқбўйи мамлакатлари ва Полша бир йил олдин Мадридда келишиб олинган ҳамма нарсага эга бўлди. Ўшандан бери Болтиқбўйи давлатлари раҳбарларининг ҳарбий хизматчилар сонини кўпайтириш бўйича янги чақириқлари янграмади.

Сувалки коридори ортиқ муаммо эмасми?

Ислоҳотларнинг ушбу очиқ тийиб туриш қисмига қўшимча равишда, асосан махфий сақланадиган мудофаа қисми ҳам мавжуд. Вилнюс саммитида НАТО давлатларининг сиёсий раҳбарияти Болтиқбўйи давлатлари раҳбарлари кутган минтақавий мудофаа режаларини маъқуллади.

Учта минтақавий режа мавжуд: шимол, марказ ва жануб. Болтиқбўйи марказга киритилган. Ҳар бир режа бешта соҳани қамраб олади: ҳаво, қуруқлик, денгиз, фазо ва кибермакон.

Аслида, бу ҳужжатлар — 2018 йилда Қримнинг аннексия қилинишига жавоб сифатида бошланган ҳарбий режалаштиришнинг охирги босқичидир. 2019 йилда НАТОнинг ҳарбий стратегияси, кейин эса яна бир қатор бошқа ҳужжатлар пайдо бўлди.

Ва фақат эндигина НАТО энг кенг қамровли даражага етиб келди, бунда алянс мамлакатлари, масалан, география, табиий хусусиятлар ва ландшафтни ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир аниқ мамлакатни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган техникалар ва контингент рўйхатини кўриб чиқади.

Ушбу даражада география ва логистикани ҳисобга олган ҳолда ким техника, одамлар ва ресурслар билан таъминлай олиши тушунарли бўлади. Ва бу ерда Болтиқбўйи мамлакатлари учун уларнинг шимолий қўшнилари Финландия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши айниқса муҳим аҳамият касб этади.

«Энди бизнинг хавфсизлигимиз фақат Сувалки коридорини ҳимоя қилишга боғлиқ эмас. Ёрдам бошқа томондан ҳам келиши мумкин», деди Эстония бош вазири Кая Каллас.

Сувалки коридори Литва ва Полша ўртасидаги чегаранинг нисбатан кичик чизиғи бўлиб, унинг ғарбида Калининград, шарқида эса Беларус жойлашган. Агар агрессор қўшнилар томонидан мувофиқлаштирилган ҳаракатлар юз берса, ушбу чизиқ блоклаб қўйилиши мумкин, бу эса Болтиқбўйи мамлакатларини НАТОнинг қолган давлатларидан узиб қўяди.

Скандинавияликлар алянсга қўшилгандан сўнг, боши берк кўча сценарийси амалга ошиши даргумон — назарий жиҳатдан, Болтиқбўйига финнлар ва шведлар ёрдамга келади. Лекин бунинг учун Финландия ёки бошқа исталган НАТО давлати, биринчидан, қўшниларига нима ва қанча миқдорда керак бўлишини билиши, иккинчидан, бу ёрдамни кўрсатишга олдиндан рози бўлиши лозим.

Айнан шунинг учун минтақавий режалар ҳам Вилнюс саммити чоғида эришилган кучли сиёсий қўллаб-қувватловни талаб қилади.

Ким бошқаради?

Қўмондонлик тузилмасини мувофиқлаштириш янада кўпроқ сиёсий ёрдамни талаб этади. Минтақавий режалар — бу нафақат совуқ урушдан кейин шарқий қанотни мудофаа қилишнинг биринчи батафсил режалари, балки миллий ва НАТО режаларини бирлаштиришга қаратилган илк уринишдир.

Миллий ва НАТО режаларини бирлаштириш инқироз ҳолатида ресурсларнинг қандайдир марказий бошқарувини назарда тутади, яъни мамлакатлар ўз армиялари устидан назоратнинг бир қисмини қурбон қилиши керак.

«Вилнюс саммитидан сўнг ҳақиқий иш бошланади, чунки Вилнюсда (НАТО мамлакатлари) раҳбарлари қуролли кучлар тузилиши, қўмондонлик ва назоратни ташкил этиш бўйича ҳужжатларга имзо чекади», деган НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари адмирал Роб Бауэр саммитдан бир ҳафта олдин ўтказилган матбуот анжуманида.

Эстонияда НАТОнинг 2023 йил баҳоридаги ҳарбий машғулотларидан

Ҳужжатларни қабул қилган томонлар, потенциал ҳимояланган давлатлардан инфратузилмани ривожлантириш ва мудофаага сармоя киритиш талаб этилади. НАТО мамлакатларида мудофаа харажатлари учун асосий мезон — ЯИМнинг 2 фоизини ташкил қилади.

Барча Болтиқбўйи мамлакатлари ва Полша бу чизиқни анча олдин кесиб ўтган. Полша мудофаа харажатларига аллақачон ЯИМнинг тахминан 4 фоизини сарфлайди, Латвия эса энг камида янги ҳарбий полигон қуриш ва харидлар орқали кейинги йил 3 фоизга чиқишга ваъда берган.

Бауэрнинг сўзларига кўра, янги режаларга мослашишнинг бутун жараёни йиллаб давом этади.

«Бу одамларни ёллаш, машқ қилдириш ва ўқитиш. Бу қайта жиҳозлаш ва қуриш, ускуналар сотиб олиш. Ва биз яна (ҳарбий) ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳақида гапиряпмиз», дея қўшимча қилган адмирал Бауэр.

Параллел равишда Мадрид саммитида НАТО қуролли кучларининг янги модели тасдиқланганди, унга кўра тезкор ҳаракат қилувчи кучлар контингенти сони 40 мингдан 300 мингга оширилади.

Бу кучлар Европага (Болтиқбўйи мамлакатлари ташқарисида) жойлаштирилади ва хавф туғилганда муаммоли ҳудудга кўчирилади. Тахминларга кўра, 100 минг аскар ўн кун ичида, 200 минг ҳарбий эса 10-30 кун ичида керакли нуқтага етиб келади.

Яъни мудофаа қисми бўйича Болтиқбўйи мамлакатларида ҳамма нарса деярли бор. Энг камида ваъдалар ва кафолатлар даражасида.

Ҳаво мудофааси етарли эмасми?

Вилнюс саммити дастурининг алоҳида пункти Литва, Латвия ва Эстония ўртасида ҳаводаги ҳамкорлик тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши бўлди. Декларация иттифоқчиларни Болтиқбўйи ҳудудидаги алянс ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини янгилаш амалиётини кучайтиришга чақиради.

Ҳаво ҳимояси — минтақа мудофаасининг муаммоли қисми. Ҳозиргача қайд этилган энг кучли тизим узоқ масофали Patriot бўлиб, у саммит ўтказилаётган вақтда Германиядан экипажи билан бирга Вилнюсга келган.

Эстонияда ўзининг қисқа масофали Mistral тизимлари, Литвада ўрта масофали NASAMS ва Полшанинг қисқа масофали «Гром» тизимлари мавжуд. Бундан ташқари, Латвия ва Эстония биргаликда Iris-Т ўрта масофали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олишни режалаштирмоқда.

«Бугун биз иттифоқчиларимиз бизни ўзимизда йўқ бўлган куч билан таъминлашига ишонамиз. Лекин биз уларни босқичма-босқич ўзимизнинг воситаларга алмаштирамиз. Биз қадам-бақадам илдамламоқдамиз ва қадамлар тезлашмоқда», дея ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳақидаги саволга жавоб берган Латвия бош вазири Кришянис Каринш.

НАТО саммити арафасида Вилнюс аэропортига жойлаштирилган Patriot тизимлари

Худди ўша NASAMS тизимлари Испания экипажлари билан биргаликда Латвия ва Эстонияда алмашиш асосида жойлашган. Лекин ҳозирча улар бу ерда узоқ вақт қолишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Ва ҳеч ким кейинги смена келишини аниқ билмайди.

Ушбу алмашишлар кафолати — айнан Болтиқбўйи мамлакатлари эришишни истаётган нарса. Иттифоқчиларга босимнинг бир мурвати Вилнюсда имзоланган декларация ва аввалги келишувлардир. Иккинчиси эса, катта эҳтимол билан аллақачон Беларусда жойлашган «Вагнер» ёлланма аскарлари томонидан келаётган янги таҳдид ҳақидаги кучли риторика.

Бу мантиқий боғлиқлик Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергиснинг саммит арафасида Парижга ташрифи чоғида янграган. У Франциядан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларида ёрдам беришни сўраган.

«(Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари) қандайдир «Вагнер» ва Россия армияси хаёлига Болтиқбўйи мамлакатлари чегараларини кесиб ўтиш фикри келмаслиги учун бизнинг тийиб туриш стратегиямизнинг бир қисми сифатида ишлатилиши мумкин», деган Ландсбергис Парижда.

Мавзуга оид