«Натижага тезда эришиб бўлмайди» — Украинанинг шарқдаги қарши ҳужумига раҳбарлик қилаётган генерал
Украиналик генерал Олександр Сирскийни тез-тез XXI асрнинг энг муваффақиятли қўмондони сифатида тилга олишади. Россия ҳарбий босқини бошида Киев мудофаасига айнан у бошчилик қилганди, ўтган йил сентябрида Харкив атрофидаги ғалабали қарши ҳужумни ҳам у ташкиллаштирганди. Ва мамлакат қуролли кучларининг Украина шарқидаги ҳаракатларига - бу айни вақтда Украина қуролли кучлари қарши ҳужумидаги икки асосий йўналишдан бири – Сирский қўмондонлик қилмоқда.
«Биз жуда тез натижага эришишни истаймиз, аммо бизнинг реаллигимизда бу амалда имконсиз», — дея тан олади генерал Сирский BBC мухбири Жонатан Билга берган интервюсида.
Қуйида ушбу репортаж таржимаси келтирилади.
Биз генерал Сирский билан унинг кўчма қўмондонлик пункти жойлашган махфий жойда кўришдик — бу уни позициялар бўйлаб олиб юрадиган ва ҳарбий ҳаракатлар боришини кузатиб бориш мумкин бўлган махсус жиҳозланган автомобилдир.
Машина йирик калибрли пулемёт билан қуролланган, ичкарида улкан экран бўлиб, унга жанг майдонида айланиб юрган юзлаб дронлардан реал вақт режимида тасвирлар келиб туради.
Биз биргаликда украин қўшинлари рақибдан ҳудудларни қайтариб олишга ҳаракат қилаётган Бахмут атрофида снарядлар билан илма-тешик қилинган далаларни томоша қиламиз. Мен генералдан у ўз олдига шаҳарни қайтариб олиш вазифасини қўйган-қўймаганини сўрайман. «Ҳа, албатта, — дея жавоб қайтаради у табассум билан. — Мен буни уддалашга ҳаракат қиламан».
Шу билан бирга, Сирский қарши ҳужум бошланганидан бери бир ойдан ошиқ вақт ўтган бўлса ҳам, фронтнинг кўп жабҳаларида юриш кўплар кутганидек тез кечмаётганини тан олади.
Унинг сўзларига кўра, Украина шарқида ҳам, жанубда ҳам миналанган майдонлар ва бошқа мудофаа истеҳкомларидан иборат жуда кўп тўсиқлар ўрнатилган. Россия армияси кўп истеҳкомларга эга, «шунинг учун бизнинг қарши ҳужумимиз биз хоҳлаганчалик тез олиб борилмаяпти».
Шунга қарамай, генерал Сирскийнинг фикрича, Украина шубҳасиз устунликка эга: «Мен ҳарбий раҳбариятимиз ҳамжиҳатлиги ва аскарларимизнинг бир-бирига ишончи — бизнинг армиянинг кучли томони, деб ҳисоблайман».
Бу Россия армиясининг юқори доирасидан кескин фарқланади: у ерда ички низолар бор, юқори мартабали офицерлар мунтазам равишда қўмондонликдан четлатилади.
Генерал Сирскийнинг атрофидагилар унинг собитқадамлиги, қатъияти ва ҳарбий маккорлигига қойил қолишади. Унинг учун дам олиш — спортзалдаги ҳар кунги машғулотлардир. У одатда кунига тўрт ярим соатдан ухлайди.
Украина томони Бахмут шимоли ва жанубида Россия армиясидан қарийб 30 квадрат километр ҳудудни қайтариб олганини айтмоқда.
Бахмутни қайтариб олиш генерал учун шараф масаласи ҳамдир.
«Биз Бахмутни мудофаа қилганимизда кўплаб қуролдош биродарларимизни, жангчиларимизни йўқотдик ва энди биз шунчаки уни қайтаришимиз керак».
Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр бизни Бахмутдаги Россия қўшини тезда қуршаб олинишига ишонтирди. Аммо биз шаҳардан атиги 3 км масофадаги позицияга борганимизда, Россия томонидан артиллерия зарбалари давом этаётганди.
Украина қуролли кучлари 78-бригадасининг Алекс исмли жангчисининг айтишича, вазият оғирлигича қолмоқда.
У шу куни тонгда келиб тушиб портлаган россияликлар снаряди ҳосил қилган ўрани кўрсатади. Снаряд у турган хандақдан бир неча метр нарига тушган. Кўп ўтмай биз ҳам ертўлага қараб югуришимизга тўғри келди.
Портлашлардан узоқда, ерости бункерида Бахмутни эгаллаш ҳаракатлари мувофиқлаштирилмоқда.
Икки ой муқаддам, бу ерда сўнгги бор бўлганимда, украин қўшини чекинаётган ва қуршовга тушиш хавфи остида турганди. Бугун вазият тубдан ўзгарган.
57-бригада командири полковник Олекандр Бакулиннинг айтишича, энди Россия армиясида муаммолар пайдо бўлган.
У душманни камситишни хоҳламаслиги, аммо Россиянинг мунтазам қисмларини май ойида Бахмутни эгаллашга муваффақ бўлган Евгений Пригожиннинг ёлланма жангчилари билан таққослаб бўлмаслигини айтади.
Полковникнинг сўзларига кўра, вагнерчилар «жуда ноқулай рақиб» бўлган, улар «ўлдириш учун ўлдиришган».
Шу туфайли энди, Бакулиннинг айтишича, «агар саъй-ҳаракатлар амалга оширилса, Бахмутни қуршаб олиш мумкин». У шунингдек, ҳарбий мантиққа зид ўлароқ, қарши ҳужум вақтидаги қурбонлар сони шаҳар мудофааси вақтидагидан кам бўлаётганини таъкидлайди.
Бундан ташқари, секин бўлса ҳам олдинга силжиш руҳий кўтаринкилик келтиради, шунинг учун «йўқотишларни бошдан кечириш» ҳам осонроқ.
Шарқий фронтда украин ҳарбийлари сони уруш бошидан буён илк бор россияликларники билан тенглашди — 160 минг атрофида.
Аммо Россия артиллерия бобидаги устунликни сақлаб қолмоқда.
Эҳтимол, бу динамика Америка кенг майдонга зарар етказа оладиган кассетали ўқ-дориларни етказиб бериши билан ўзгарар?
Бундай ўқ-дорилар дунёнинг кўплаб мамлакатларида тақиқланган (фақат АҚШ, Украина ёки Россияда эмас), аммо полковник Бакулиннинг тасдиқлашича, улар «душман пиёдаларига максимал даражада зарар етказиш учун» зарурдир.
«Пиёдалар қанча кўп ҳалок бўлса, уларнинг Россиядаги қариндошлари ўз ҳукуматига „нега?“ деган саволни қўя бошлайди», — деб ҳисоблайди у. Ва шундай қўшимча қилади: «Мен кассетали ўқ-дорилар жанг майдонидаги барча муаммоларимизни ҳал қилади деб айта олмайман».
Бакулин бу жуда баҳсли қурол эканини тан олади, шу билан бирга шуни таъкидлайди: «Аммо агар уларни россияликлар қўлламаганида, балки, виждонимиз бизга ҳам буни қилишга йўл қўймаган бўларди».
Генерал Сирский америкаликларнинг кассетали ўқ-дорилари аллақачон Украинага етиб келгани ва яқин кунларда фойдаланиши мумкинлигини айтади.
Биз Бахмут яқинидаги позицияларда АҚШ етказиб берган ва шундай кассетали ўқ-дориларни қўллаш мумкин бўлган M777 гаубицаларини кўрдик.
Олександр Сирскийнинг сўзларига кўра, Бахмутнинг озод этилиши фақат рамзий маънога эга бўлмайди. Унинг ишонч билдиришича, Бахмут стратегик нуқтайи назардан ҳам аҳамиятли бўлиб, регионнинг муҳим шаҳарларига кириш эшиги бўлиб қолмоқда.
Шу билан бирга «одамларимиз ғалабани кутмоқда, — дейди генерал — уларга кичик бўлса ҳам ғалаба керак».
Мавзуга оид
22:05 / 19.11.2024
Энди бизда ATACMS бор, ундан фойдаланамиз — Зеленский
20:58 / 19.11.2024
Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
18:44 / 19.11.2024
Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
16:15 / 19.11.2024