ЕИ Киевга нисбатан узоқ муддатли мажбуриятларни кўриб чиқишни бошлайди
Европа Иттифоқи Украинага нисбатан узоқ муддатли мажбуриятларни муҳокама қилишни бошлайди. Улар қўллаб-қувватлаш қатъийлиги ҳақида сиёсий сигнал бўлиши керак, дея хабар берди Брюссел.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 20 июль куни бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи Ташқи ишлар кенгашида илк бор Украина хавфсизлигини таъминлаш бўйича узоқ муддатли мажбуриятлар бўйича таклифларни тақдим этади. Бу ҳақда 18 июль, сешанба куни Брюсселда Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмий вакили маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ЕИнинг асосий вазифаси - Украина олдидаги мажбуриятларни ўрта ва узоқ муддатда «кўпроқ олдиндан тахмин қила олишга эришиш».
Украинага Европа Иттифоқидан ҳарбий ёрдам Европа тинчлик жамғармаси (ЕТЖ) орқали кўрсатилишда давом этади, бироқ Боррел унинг доирасида алоҳида Украина мудофаа фондини яратишни таклиф қилади. Бунинг учун жамғарма ҳажмини сезиларли даражада ошириш керак, бироқ аниқ миқдорлар ҳозирча айтилмаган, чунки бунинг учун мураккаб ҳисоб-китоблар ва Европа Иттифоқи аъзолари билан муҳокамалар зарур, деб тушунтирди юқори мартабали амалдор. «Украина учун ЕТЖ ажратган пул тез орада тугайди, шунинг учун биз келажак ҳақида гапиришимиз керак», деди у.
ЕИ кенгаши аввалроқ ЕТЖни яна 3,5 миллиард еврога тўлдиришга рози бўлган, аммо бу маблағлар фақат Украина учун мўлжалланмаган. DW манбасига кўра, ЕТЖ доирасида алоҳида жамғарма яратиш масаласи, эҳтимол, август ойининг охиригача Европа Иттифоқи вазирлари даражасида муҳокама қилинади. «Гап бизнинг келажакдаги хавфсизлик бўйича мажбуриятларимизни кафолатлаш учун ЕТЖга катта бюджет ажратиш ҳақида кетяпти», деди у.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган Украинадаги ўз миссиясини жонлантиришга «тайёр». Брюсселнинг яна бир режаси - украиналик ҳарбийларни тайёрлашни Европа Иттифоқи давлатлари ҳудудидан Украинанинг ўзига ўтказиш.
Брюсселга кўра, Европа Иттифоқи Украинани узоқ муддатли қўллаб-қувватлашнинг барча жиҳатлари бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олишга тайёр – нафақат ҳарбий ёрдам, балки молиявий, дипломатик, шунингдек, унинг ЕИга кириши жараёнида ҳам. Бу Европа Иттифоқининг Украинага содиқлиги қатъий ва кенг қамровли эканлиги ҳақида дунёга сиёсий сигнал бўлиши керак.
Мавзуга оид
07:50 / 19.11.2024
ЕИ Гуржистон ҳукуматига ажратилган 121 млн еврони қайтариб олди
11:37 / 15.11.2024
ЕИ биринчи марта қуролни биргаликда сотиб олишни молиялаштиради
08:08 / 14.11.2024
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
12:17 / 13.11.2024