Собиқ совет давлати ўзининг қаттиққўл ва билимсиз раҳбарлари билан машҳур. Улар давлатни куч ва ёлғон билан бошқарган. Бироқ совет инсонларида СССР даврини илиқ хотирлаш, қўмсаш кайфияти сақланиб қолган, бу, шубҳасиз, жуда кучли мафкура ва пропаганданинг таъсири. СССРнинг уч Бош котиби даврида мамлакатнинг асосий идеологи ва пропаганда масъули бўлган Михаил Суслов кўпчилик томонидан «кулранг кардинал», яъни соядаги раҳбар дея аталарди.

Камбағал деҳқон ўғли — тақдир туҳфаси

СССРдаги коммунизм-марксизм ғоясининг асосий фигураларидан бири, уч нафар бош котиб — Сталин, Хрушчёв ва Брежнев даврида энг муҳим давлат лавозимларда ишлаган Михаил Суслов 1902 йил Волга дарёси бўйидаги Шаховск қишлоғида, оддий камбағал деҳқон оиласида туғилган.

Мактаб даврида қунт билан билим олган Михаил коммунистик партия зинапояларидан тезлик билан юқорилаган. У 16 ёшидаёқ Камбағаллар қўмитасига аъзо бўлган ва орадан кўп ўтмай Коммунистик партияга қўшилган. Москвадаги қатор университетларда таҳсил олган Михаил илк юқори мансабга 1931 йилда киришган. У шу йили Компартия марказий назорат комиссиясига ўтказилган ва уч йилдан сўнг СССР Халқ Комиссарлари Кенгаши ҳузуридаги Совет назорати комиссиясига ишга кирган.

Қатағон йилларида Суслов ҳам қурбонлар рўйхатига киришига бир бахя қолади. У «душман элементлар ҳокимиятга кириб келишига ёрдам бериш»да айбланган, бироқ ўз сўзларига кўра, Сталиннинг кўмаги билан қутулиб қолган.

Суслов ва Сталин

Иккинчи жаҳон уруши даврида Суслов Компартиянинг Ставропол ўлка қўмитаси биринчи котиби эди, у ҳудудда Германияга қарши партизанлик курашларини ташкиллаштиради. Кейинроқ Болтиқбўйига кўчиб ўтади ва бу ерда «ўрмон биродарлари» ҳаракати билан курашга раҳбарлик қилади.

Сусловнинг ғоявий хислатлари уни СССР Компартияси Марказий Қўмитаси котиби лавозимига олиб келади. Бу жуда катта кўтарилиш эди, чунки ушбу даврда МҚ котиблари сони жами олти нафар бўлиб, улар қаторида Сталин ҳам бор эди.

Суслов шу йили Бутуниттифоқ фалсафий мунозараларида қатнашади ва ўзини ижобий томондан кўрсатади. Шундан сўнг у Георгий Александров ўрнига Компартия МҚнинг пропаганда ва ташвиқот бошқармаси раҳбари этиб тайинланди. Яъни амалда совет давлати мафкураси раҳбарига айланади. У роппа-роса 35 йил давомида партиянинг барча тарғибот ишларига раҳбарлик қилади.