14:21 / 25.07.2023
5778

Литва Украина ғалласи экспорти учун ўз портларини таклиф қилди

Литва вазирларининг таъкидлашича, Болтиқбўйи портлари орқали йилига 25 миллион тонна Украина донини ташиш мумкин.

Фото: Reuters

Литва Россия «ғалла битими»ни узайтиришдан бош тортгач, Европа Иттифоқига Украина ғалласини экспорт қилиш учун Болтиқ денгизидаги портларидан фойдаланишни таклиф қилди. Бу ҳақда Литва вазирларининг Еврокомиссияга йўллаган мактубига таяниб, 24 июль, душанба куни AFP агентлиги хабар берди.

Мактубда айтилишича, Болтиқбўйи портлари орқали йилига 25 миллион тонна ғалла ташилиши мумкин, бу эса уларни «Украина товарлари, жумладан, ғалла транзити учун ишончли альтернатив вариантга» айлантиради. Бундан ташқари, Литва вазирлари Европа комиссиясини Украина ва Полша чегараси орқали қуруқлик орқали ғалла ташишга қўйилган чекловларни бекор қилишга чақирди. 

Аввалроқ Клайпеда денгиз порти бош директори Алгис Латакас Литванинг асосий порти 10 миллион тоннагача Украина донини ташиши мумкинлигини, бироқ уни Болтиқ денгизига етказиб бериш муаммоси сақланиб қолаётганини айтган эди. 

Бир кун аввал Украина президенти Володимир Зеленский Европа Иттифоқи мамлакатлари тегишли чекловлар муддати тугайдиган 15 сентябрдан кейин Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуруқлик орқали экспорт қилишни тўсиб қўйишини номақбул деб атади. «Биз Еврокомиссия билан келишувга ишонамиз, лекин биз ҳар қандай сценарийга тайёрланяпмиз», деб ёзган президент ва Киев «ҳаммага маъқул келадиган ечим топиш учун барча манфаатдор томонлар билан алоқада» эканини қўшимча қилди. 

Top