Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Торлот ўз миссиясига ва умуман дипломатик карьерасига якун ясаяпти. Kun.uz мухбири охирги тўрт йил давомида Ўзбекистон-Британия муносабатлари ривожига ўз ҳиссасини қўшган элчи билан суҳбатлашди.

Суҳбатда элчи Тим Торлот сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги икки томонлама муносабатларда кузатилган ўзгаришлар, савдо алоқаларини янада мустаҳкамлаш имкониятлари, таълим соҳасидаги ҳамкорлик, Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалалари, Украинадаги уруш ва бошқа кўплаб мавзуларда ўз фикрини билдирди.

— Жаноб элчи, сиз бу лавозимга тайинланганингиздан бери ўтган вақт давомида Ўзбекистонда ҳам, Буюк Британияда ҳам кўплаб ўзгаришлар кузатилди. Масалан, мамлакатингиз Европа Иттифоқини тарк этди, узоқ йиллик монарх – қиролича вафот этди ва унинг ўрнига тахтни янги қирол эгаллади, бир неча бор бош вазирингиз алмашди ва яна бошқа кўплаб ўзгаришлар бўлди. Сизнингча, буларнинг бари икки давлат ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир кўрсатди?

— Айтиб ўтишим керакки, Буюк Британия Марказий Осиёга ҳар доим муҳим минтақа сифатида қараб келган, айниқса Ўзбекистоннинг аҳамияти катта биз учун. Биз Европа мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб бу ерда ўз элчихонамизни очганмиз.

Сиз санаб ўтганга ўхшаш ўзгаришлар нафақат Буюк Британияда, балки бутун дунёда рўй берди, дейишим мумкин. Бизнинг Европа Иттифоқини тарк этишимиз шубҳасиз мунозарали масала бўлди ва бошқа давлатлар билан муносабатларимизга у ёки бу кўринишда бевосита таъсир ўтказди. Бундан асосий мақсад – Европа ҳудудидан ташқарида ҳам алоқаларимизни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий имкониятларимизни кенгайтириш бўлган. Албатта, Европа минтақасидаги давлатлар ва улар билан ягона иттифоқ биз учун муҳим, лекин биз унинг ташқарисида ҳам фаолият юритишни истадик. Хусусан, менинг дипломат сифатидаги асосий вазифаларимдан бири ҳам мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни яхшилашдан иборат.

Шу ўринда сўнги йилларда халқаро майдонда содир бўлган ўзгаришларнинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида ҳам бироз тўхталиб ўтсак. Айтиб ўтганингиздек, мен бу ерда тўрт йилдан бери фаолият юритиб келмоқдаман. Шу вақт оралиғида биз глобал пандемияни бошдан кечирдик. Бу бошқа давлатлар қатори сизнинг мамлакатингизга ҳам ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатди. Бундан ташқари, қўшни Афғонистонда ҳукумат тепасига “Толибон”нинг келиши ҳам сизларга хавфсизлик ва иқтисодий жиҳатдан янги муаммоларни келтириб чиқарди. Ўтган йили Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ва унинг ҳудудини босиб олишга уриниши эса навбатдаги иқтисодий-ижтимоий муаммоларни келтириб чиқарди.