Жаҳон | 22:56 / 31.07.2023
27461
4 дақиқада ўқилади

АҚШ сенатори Ўзбекистонга қарши Жексон-Веник тузатмасини бекор қилишга чақирди 

1974 йилда коммунистик блок мамлакатларига қарши жорий этилган савдо чекловлари ҳамон бир қатор давлатлар учун амал қилмоқда. 

Фото: AP

2013 йилдан бери Коннектикут штатидан кичик сенатор сифатида фаолият юритаётган Крис Мерфи АҚШ Конгрессини Марказий Осиёнинг учта давлати: Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга нисбатан жорий этилган Жексон-Веник тузатмасини бекор қилишга чақирди. Мерфи ушбу тузатма Қўшма Штатларнинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётганини айтди. 

«Афсуски, йўлимизда анахронистик қонун тўсқинлик қилмоқда. 1974 йилда АҚШ Жексон-Веник тузатмасини қабул қилди, унда АҚШ совет яҳудийлари ва бошқа озчиликларнинг эмиграция ҳуқуқларини чекловчи давлатлар билан савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган эди. Бу Совет Иттифоқида, жумладан Марказий Осиёда таъқибга учраётган гуруҳларга нисбатан муносабатни яхшилашга мажбурлаш учун фойдали восита бўлди. Совет Иттифоқи аллақачон тугаб кетди, аммо совуқ уруш даврининг бу сарқити Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан муносабатларимизни чеклашда давом этмоқда», деб ёзди Крис Мерфи. 

Унинг қўшимча қилишича, Марказий Осиёнинг баъзи давлатлари қувғинди бўлгани учун эмас, балки инерция ва эътибордан четда қолгани учун 1970-йилларда ботиб қолган. 

«Қўшни Россия ва Хитой томонидан Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон каби давлатларга катта таъсир кўрсатилаётган бир пайтда АҚШ узоқ вақтдан бери чеккада қолмоқда», деди у. 

Қўшма Штатларнинг минтақадаги иштирокини чуқурлаштиришнинг эҳтимолий афзалликлари ҳақида Мерфи шундай деб ёзди: «Ўзининг стратегик жойлашувидан ташқари, Марказий Осиё углеводородлар ва ноёб фойдали қазилмалар каби муҳим ресурсларга бой. АҚШ фойдали қазилмалар учун пойгада кечикмоқда, аммо Байден маъмурияти хавфсизликни таъминлаш ва таъминот занжирларини кенгайтириш учун жиддий чораларни кўрди. Йиллик ялпи ички маҳсулоти 280 миллиард долларга тенг бўлган ушбу мамлакатлар билан доимий савдо алоқаларини ривожлантириш Қўшма Штатларга бизнеснинг ўз бозорларига киришини кенгайтириш, савдо ва инвестицияларни ривожлантириб, ўсиш учун имкониятлар яратади. Марказий Осиё давлатлари Россия ва Хитойга иқтисодий қарамлигини камайтирган ҳолда ўз иқтисодиётини диверсификация қилиши, иш ўринлари яратиши ва аҳолисининг турмуш даражасини ошириши мумкин». 

Мерфи сўзларига кўра, АҚШ Марказий Осиё билан муносабатларини қайта кўриб чиқиш имкониятига эга ва Конгресс минтақадаги стратегик ва иқтисодий манфаатларини илгари суриш учун пайтдан фойдаланиб қолиши керак. 

2023 йил февраль ойида АҚШ Конгрессига Ўзбекистонга нисбатан «Жексон-Веник» тузатмаларини қўллашни тугатиш тўғрисида қонун лойиҳаси киритилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Лойиҳанинг тақдири нима бўлгани маълум эмас. 

«Жексон-Веник тузатиши» (Jackson–Vanik amendment) – 1974 йилда конгрессмен Генри Жексон ва Чарлз Веник таклифи билан АҚШ «Савдо тўғрисида»ги қонунига киритилган ўзгартириш. 

Унга кўра, эмиграцияга оид ва бошқа турдаги инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиб келаётган асосан коммунистик блок давлатларига нисбатан дискриминацион тариф ва божлар жорий этилган. 2000-2012 йилларда бу чекловдан Қирғизистон, Грузия, Украина, Арманистон, Молдова ва Россия чиқариб ташланган. 

Ушбу тузатма расман бекор қилинмаган ва ҳозирда қатор давлатлар, жумладан, Озарбойжон, Беларус, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонга нисбатан қўлланмоқда. 

Мавзуга оид