Ўзбекистон | 12:01 / 04.08.2023
3867
3 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси Zoodpay платформаси устидан иш қўзғатди

Zoodpay микрокредитлаш корхонаси таъсисчиси ҳисобланган “Orientswiss Tashkent” МЧЖ устав фондининг 99,99 фоиз улуши БААда рўйхатдан ўтган компанияга сотилган. Мазкур битим Ўзбекистоннинг амалдаги “Рақобат тўғрисида”ги қонуни талабларига зид равишда амалга оширилган. 

Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган Zoodpay (Zoodpay МЧЖ) микрокредитлаш корхонаси таъсисчиси ҳисобланган “Orientswiss Tashkent” МЧЖ қўшма корхонаси устав фондининг 99,99 фоиз улушини Бирлашган Араб Амирликларида рўйхатдан ўтган “Zooduz Holding Limited” компаниясига сотиш бўйича битим тузилган. Мазкур битим Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг розилигини олмасдан амалга оширилгани юзасидан иш қўзғатилди.

Қайд этилишича, ушбу шартномани тузиш бўйича ҳаракатлар амалдаги “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддаси иккинчи қисми талабларига зид ҳолатда амалга оширилган.

Яъни ушбу моддага мувофиқ, қуйидаги ҳолларда монополияга қарши органнинг шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги акцияларни олиш бўйича битимларга олдиндан розилигини олиш зарур бўлади, агар:

  • бундай шахс ёки шахслар гуруҳи кўрсатилган акцияларнинг (улушларнинг) 50 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олса;
  • битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушум БҲМнинг 100 000 баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд битим иштирокчиларидан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса.

Ўрганиш жараёнида улушлари сотилаётган “Orientswiss Tashkent” МЧЖ ҚК активларининг баланс қиймати ҳамда товар айланмаси БҲМнинг 100 минг баравари миқдоридан ортиқлиги аниқланди.

“Қўмита томонидан ушбу ҳолат юзасидан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосан қонунбузилишини бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган жавобгарликни қўллаш чоралари кўрилмоқда. Шу ўринда, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек қонунчиликда белгиланган ҳолатларда, хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фонди (устав капитали)дан улуш (акция) олиш бўйича монополияга қарши органдан олдиндан розилик олиш талаб этилишини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз”, дейилади Рақобат қўмитаси хабарида.

Маълумот учун: Швейцариянинг “Orientswiss S.A.” компаниясига тегишли бўлган Zood бренди остидага экотизимга кирувчи Zoodmall маркетплейси, Zoodpay микрокредит тизими, Zoodship логистика ва етказиб бериш хизматларини кўрсатадиган рақамли платформадан Ўзбекистон, Покистон, Ироқ ва Ливан давлатларида 300 млндан ортиқ жисмоний шахс ҳамда 5 млн бизнес субъектлари фойдаланади.

Аввалроқ, Ўзбекистондаги йирик икки IT-компания – Uzum ва Click бирлашиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Рақобат қўмитаси раиси Шоҳруҳ Шораҳмедов мазкур ҳолатга муносабат билдириб, компаниялар бирлашуви фақатгина қўмита рухсати билан амалга ошиши мумкинлигини маълум қилганди.   

Мавзуга оид