Ёшлар ишлари агентлиги хорижий тилларини бепул ўргатувчи лойиҳани такомиллаштирмоқда
2022 йил ноябрь ойида ташкил этилган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси хорижий тилларини бепул, содда ва креатив усулда ўргатади. Лойиҳа доирасида 13 та тил бўйича 22 турдаги тизимли ва “0”дан бошланган дарслар мажмуаси ишлаб чиқилмоқда.
Миллисекундлар ҳам муҳим аҳамият касб этадиган тезкор замонамизда дунё билан ҳамқадам бўлишдаги энг муҳим омил – шубҳасиз, коммуникация ва тил воситаси саналади. Жаҳон тилларини ўрганиш нафақат мулоқот имкониятларини оширади, балки шахснинг меҳнат бозоридаги муваффақиятини, когнитив қобилиятларини, тафаккур диапазонини ҳам кенгайтиради.
Иш берувчилар номзод учун энг зарурий кўникмаларни санаб ўтганда, доимо "бир нечта тилни билиш" қобилиятига алоҳида урғу беради. Кўпинча бу кўникма номзоднинг бошқа қобилиятлари ва ҳатто иш тажрибасиданда оғирроқ тош босади. Бошқача қилиб айтганда, дизайнер, сервис ходими, сотувчи ёки кичик бизнес эгаси бўладими - ҳар қандай соҳада кўп тиллилик кишининг профессионал мақсадларига эришишида муҳим ўрин тутади.
Бундан ташқари, янги тилни ўрганиш янги маданиятни ўрганиш демакдир. Дунё тарихи ва санъатининг аксарияти - китоблари, фильмлари, мусиқалари, бадиий асарлари ва илмий тажрибалари турли тилларда намоён бўлади. Немис тилининг нафислиги-ю, япон маданияти интригасини, араб тилининг ўзига хос оҳанги-ю, италян тилининг шеърий жозибасини, инглиз тилининг бепоёнлиги-ю, француз тилининг гўзаллигини – фақатгина мана шу тилларни ўрганиш орқали тўлақонли ҳис қилиш мумкин. Шекспир классикасини асл инглиз тилида мутолаа қилиш, Неруда шеърларини шоир она тилиси - испанчада ўқиш ёки Куросаванинг «Рашомон»ини ҳақиқий-японча версиясида томоша қилиш - барчаси фақат тил ўрганиш тақдим эта оладиган завқдир.
Умуман, тил ўрганиш орқали эришиладиган имкониятлар ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Аммо бу кўникмани шакллантириш осон кечмайди. Тил ўрганишда малакали устоз, самарали стратегия, ўрганилган билимларни мустаҳкамлаш бирламчи ҳисобланади. Аммо юртимизда тил ўргатувчи профессионал кадрлар етишмайди. Бизда асосий урғу машҳур ва оммабоп тилларга қаратилган. Кадрлар ҳам асосан инглиз тилига ихтисослашган мутахассислар. Масалан, испан ёки япон тилини ўрганишни истаган ҳаммага ҳам ўқитувчи етарли эмас. Профессионал мутахассислар эса одатда марказларда бўлади. Чекка-чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли эса шаҳарга етиб бориши қийин.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 2022 йил ноябрь ойида ташкил этилган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси хорижий тилларини бепул, содда ва креатив усулда ўргатишни мақсад қилган. Лойиҳа доирасида профессионал устозлар томонидан 13 та тил бўйича 22 турдаги тизимли ва “0”дан бошланган дарслар мажмуаси ишлаб чиқилмоқда. “Ибрат фарзандлари” билан турли тиллар бўйича билимларни қисқа муддат ичида комфорт зонадан туриб эгаллаш мумкин. Лойиҳа барча учун тенг равишда исталган жойда, исталган вақтда бепул тил ўрганиш имконини яратди.
“Ибрат фарзандлари” қисқа вақт ичида YouTubeʼда қарийб 320 мингдан ортиқ ўрганувчига эга бўлди. Саҳифада эълон қилинган дарсларнинг умумий кўришлар сони 12 миллиондан ошди. Рақамлардан кўриниб турибдики, мамлакатимизда ёшлар ўртасида чет тилини ривожлантириш муҳим ва бу йўналишда бепул онлайн дарсларга талаб юқори.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги истеъдодли ёшларга, молиявий томондан имконияти чекланган, лекин чет тилларини ўрганишга иштиёқи баланд ўқувчиларга ҳам хорижий тилларни ўргатиш, уларнинг тиллар бўйича саводхонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
“Ибрат фарзандлари”нинг яна бир яхши томони — дарслар бир неча йилдан кейин ҳам ўз актуаллигини йўқотмайди. Тил ўрганишни мақсад қилган исталган ўқувчи YouTubeʼдаги онлайн дарсларни исталган вақтда кўриб, ўрганиши мумкин. Лекин, YouTube имкониятлари чекланган, ушбу видеоплатформада ўрганувчилар прогрессини кузатиш, улар билан қайта алоқа қилишнинг иложи йўқ.
Шу боис лойиҳа ўрганувчиларига янада қулайлик яратиш мақсадида “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида “Ibrat Academy” иловаси ишлаб чиқилди. Унда ўрганувчилар нафақат видеодарслар кўриши, балки ўзининг тил даражасини доимий текшириб бориши, билимини мустаҳкамлайдиган синов-машқларини бажариши, сўз бойлигини интерактив усулда ошириши мумкин.
Ўрганувчи дастлаб иловани юклаб олиб, унда шахсий профил яратиши лозим. Сўнг ўзи қизиққан тилига обуна бўлиб, “Placement Test” орқали тил бўйича даражасини аниқлаши мумкин бўлади. Бу орқали илова фойдаланувчининг тил юзасидан билимига мос даражадаги дарслар ва синов-машқларини тавсия этади.
Яна бир қулай жиҳати, иловани онлайн ҳам, офлайн ҳам ишлатиш мумкин. Иловада тармоқдан узилган ҳолда ишлаш учун видеодарсликлар, файллар ва мавзуга оид машқ материалларини юклаб олиш функцияси мавжуд.
Шубҳасиз, ҳар қандай тилда эркинликка эришишнинг ягона йўли бу – сўз бойлиги. Фойдаланувчининг бу борадаги ривожини таъминлаш учун “Ibrat Academy”да сўзлар ва иборалардан иборат ўзбек тилидаги луғат мавжуд. Луғатда 100 мингдан ортиқ сўз ва ибораларни топиш ва уларни 8 турдаги машқлар ёрдамида ўрганиш мумкин.
Шунингдек, иловада республика миқёсидаги “Пешқадамлар жадвали” ҳам узлуксиз равишда бериб борилади. Энг яхши ўрганувчилар эса муносиб тақдирланади.
Кутилмаган совғаларга эга бўлиш учун иловани юклаб олиш, фаол фойдаланувчи бўлиш, лойиҳани кузатиб бориш ва илованинг пешқадам ўрганувчилари ўртасида ўтказиладиган якуний танловда ғолиб бўлиш талаб этилади.
Илованинг кейинги «update»ларида сунъий интеллект функцияси ҳам қўшилиши кутилмоқда. Бу иловада ҳар бир фойдаланувчи билан индивидуал ёндашувда ишлаш имконини яратади. Яъни сунъий интеллект функцияси ўрганувчининг топшириқларини текширади, у билан мулоқот қилади, хато ва камчиликлари юзасидан фидбек ва тавсиялар беради.
Иловадан фойдаланишда ёш чегараси йўқ. “Ibrat Academy” ёрдамидан барча тил ихлосмандлари содда, самарали ва энг муҳими бепул усулда ўзбек тилида инглиз, рус, француз ва бошқа кўплаб тилларни ўргана олади.
Бугун тил ўрганишда янги давр бошланди. Сиз ҳам ушбу интеллектуал ҳаракатга қўшилинг, чунки бу лойиҳа дунё маданиятлари ўртасида кўприк яратади, коммуникация имкониятларини ривожлантиради ва барчага дунёнинг исталган бурчагида равон мулоқот қилиш имконини тақдим этади!
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, лойиҳадан кўзланган мақсад фақат тил ўргатиш эмас. Лойиҳадан кўзланган энг асосий мақсад – ўзбекистонлик глобал лидерларни тайёрлаш!
Иловани юклаб олиш:
APP Store | Play Market
Рисолат МАХСИМОВА тайёрлади