“Халқ IPO”сида иштирок этишда аҳолининг барча қатламларига имконият яратиш мақсадида фуқаролар ўртасида оммалашишга улгурган ва фойдаланувчиларга қулай бўлган “E-auksion” платформасининг жорий имкониятларидан фойдаланилади.

Президентнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш зарурати алоҳида қайд этилган эди.

 Маълумот учун: Охирги икки йилда юртимизда бу соҳада катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўтган 10 йилда (2010—2019) давлат активларини сотишдан 1,2 триллион сўмлик тушум бўлган бўлса, 2022 йилнинг ўзида хусусийлаштириш ҳажми 11,3 триллион сўмга етди. Яъни сўнгги бир йилда ўн йил давомида қилинган ишлардан 10 карра кўп натижага эришилди.

Давлат раҳбарининг 2022 йил 20 декабрдаги Мурожаатномасида эса:

- фаол инвестицияларни жалб қилишда хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш зарурлиги;

- навбатдаги катта хусусийлаштириш доирасида 1 мингга яқин корхона савдога чиқарилиши;

- юртдошларимиз орасида юз минглаб мулкдорлар, акциядорлар пайдо бўлиши ва ўз омонатларини инвестиция қилиб, юқори даромадларга эришишлари учун халқчил IPO ташкиллаштирилиши таъкидланган эди.

Шунга кўра, “сот ёки тушунтир” тамойили асосида 30 мингдан ортиқ давлат иштирокидаги корхоналар ва давлат муассасалари хатловдан ўтказилди ва янги йирик хусусийлаштириш дастури шакллантирилди.

“1000+1000+40” хусусийлаштириш дастури ишлаб чиқилди. Бунда 1000 та корхонадаги улушларни, 1000 та кўчмас мулк объектини савдоларга чиқариш ва стратегик аҳамиятга эга бўлган 40 та корхонанинг улушларини IPO(АйПиО) орқали сотиш кўзда тутилган. Ушбу дастур иқтисодиётнинг барча тармоқларини қамраб олган бўлиб, давлатнинг тизимли хусусийлаштириш жараёнларини давом эттиришга бўлган қатъиятли сиёсий иродасидан далолат беради ва ортга қайтмас хусусиятга эга.

Мазкур хусусийлаштириш жараёнларининг халқ манфаатларига қаратилганлиги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади. Хусусан, “битта акция – битта лот” тамойили асосидаги “халқ IPO”си кампанияси доирасида Ўзбекистондаги энг йирик 40 та корхонанинг ўртача 2% акциялар пакети тартиб асосида ўз аҳолимиз учун очиқ ва шаффоф савдога чиқарилади.