Ўзбекистон очиқ маълумотлар рейтингида 30-ўринга кўтарилди
Шу жумладан, маълумотлар тўлиқлиги кўрсаткичлари бўйича 46-ўринда, маълумотлар очиқлиги бўйича 25-ўринда қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Open Data Inventory (ODIN) очиқ маълумотлар рейтингида 195 та мамлакат орасида 70 балл билан 30-ўринга кўтарилди, ҳамда Марказий Осиёда 1-ўринни сақлаб қолди. Бу ҳақда Open Data Watch ҳисоботида маълумот берилди.
Open Data Inventory (ODIN) – мамлакатнинг расмий статистикаси қанчалик тўлиқ экани ва ундаги маълумотлар халқаро очиқлик стандартларига мос келишини баҳолайди.
Ўзбекистон 2022 йилги очиқ маълумотлар инвентаризациясида умумий 70 балл тўплаб, 30-ўринни эгаллади. Шу жумладан, маълумотлар тўлиқлиги кўрсаткичлари бўйича 46-ўринда (Марказий Осиёда 2-ўрин) ва маълумотлар очиқлиги бўйича 25-ўринда (Марказий Осиёда 1-ўрин) қайд этилди.
Статистика агентлиги ушбу рейтингни юритувчи Open Data Watch ташкилоти билан 2019 йилдан бошлаб ҳамкорлик қилмоқда.
ODIN рейтингида энг юқори кўрсаткичга Сингапур, Польша ва Дания эришган. Энг паст кўрсаткичлар Жанубий Судан, Ҳаити ва Туркманистонда қайд этилган.