Байден АҚШ компанияларининг Хитой технология соҳасига сармоясини чеклайди
Президент Байден молия вазирига АҚШ компанияларига Хитой технологик компанияларига сармоя киритишни тақиқлаш ёки чеклаш ваколатини берди. Чекловлар яримўтказгичлар ва микроэлектроника, квант ахборот технологиялари ва сунъий интеллект тизимлари каби соҳаларга таъсир қилади. Хусусан, чип ишлаб чиқариш технологияларига сармоя киритиш тақиқланади.
Президент Жо Байден АҚШ компанияларининг Хитой технология соҳасига сармоя киритишини чекловчи фармонни имзолади. Буйруқ АҚШ молия вазирига Хитой компанияларига микрочип ва яримўтказгичлар ишлаб чиқариш, квант ахборот технологиялари ва баъзи сунъий интеллект тизимлари каби соҳаларга сармоя киритишни тартибга солиш ваколатини беради. Хусусан, у чиплар каби нозик технологияларга сармоя киритишни тақиқлайди ва технология секторининг бошқа сегментларига инвестицияларни ҳукумат билан мувофиқлаштиришни талаб қилади, деб хабар беради Reuters.
Байден маъмуриятининг таъкидлашича, чекловлар учта соҳанинг «тор йўналишлари» учун қўлланади. Бу буйруқ Хитойга ХХР ҳарбий модернизациясини қўллаб-қувватловчи ва АҚШ миллий хавфсизлигига путур етказиши мумкин бўлган технологияларни ишлаб чиқишда ёрдам беришнинг олдини олишга қаратилган. Чекловлар хусусий капитал, венчур капитали, қўшма корхоналар ва янги лойиҳаларга сармоя киритишга қаратилган. Қоидалар фақат келажакдаги инвестицияларга таъсир қилади, дея баёнот берди АҚШ Молия вазирлиги.
У АҚШ компанияларидан Хитой компанияларига йўналтирилган операцияларни ошкор этишни талаб қилади. Молия вазирлиги раҳбари баъзи операцияларни тақиқлаши ва инвесторлардан ҳукуматни бошқа инвестициялар бўйича режалари ҳақида хабардор қилишни талаб этиши мумкин. АҚШ Молия вазирлиги «айрим битимлар, шу жумладан оммавий сотиладиган воситалар билан потенциал битимлар ва АҚШ компанияларидан шуъба корхоналарга ўтказмалар» учун истиснолар бўлишини билдирди.
Компьютер чиплари ва улар воситалари учун дастурий таъминотни ишлаб чиқувчи Хитой компанияларига сармоя киритишга энг қаттиқ чекловлар қўйилади. АҚШ, Япония ва Нидерландия бу соҳаларда ҳукмронлик қилмоқда, Хитой ҳукумати эса маҳаллий муқобил вариантларни ишлаб чиқиш устида ишламоқда. Оқ уйнинг таъкидлашича, Байден иттифоқчилар билан режа бўйича маслаҳатлашган ва G7 давлатларининг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган. Вашингтондаги Хитой элчихонаси бу чорадан «ҳафсаласи пир бўлганини» таъкидлади.
Ушбу чора 2024 йилда кучга кириши кутилмоқда, деди фармон билан таниш бўлган шахс. Ундан олдин у 45 кунлик даврни ўз ичига олган ҳолда жамоатчилик муҳокамасидан ўтади. Аввалроқ Байден Конгрессга йўллаган мактубида Хитой каби давлатлар «ҳарбий, разведка, кузатув ёки кибер имкониятлар учун муҳим бўлган нозик технологиялар ва маҳсулотларда» сезиларли олға силжиши таҳдиди туфайли миллий фавқулодда ҳолат эълон қилаётганини айтган эди.
Хитой Байденнинг буйруғидан «жиддий хавотирда» эканлигини ва жавоб қайтариш ҳуқуқини сақлаб қолганини маълум қилди. Хитой Савдо вазирлиги баёнотида айтилишича, ҳужжат корхоналарнинг нормал ишлаши ва қарор қабул қилишига таъсир кўрсатади, халқаро иқтисодиёт ва савдо тартибини бузади. Савдо вазирлиги раҳбари Америка Қўшма Штатлари бозор иқтисодиёти қонунлари ва адолатли рақобат тамойилини ҳурмат қилишига ҳамда глобал савдо ва жаҳон иқтисодиётини тиклаш йўлида сунъий тўсиқлар яратишдан тийилишига умид билдирди.
Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котибининг таъкидлашича, Оқ уй Хитойнинг чекловлар режаси юзасидан «бир неча бор чуқур ташвиш билдирганига» эътибор бермаган. Унинг сўзларига кўра, Хитойда 70 мингдан ортиқ АҚШ компаниялари бизнес юритмоқда. Чекловлар ҳам Хитой, ҳам Америка бизнесига зарар етказади, нормал ҳамкорликка халақит беради ва инвесторларнинг АҚШга ишончини пасайтиради, деди агентлик суҳбатдоши.
АҚШ яримўтказгичлар саноати ассоциациясининг таъкидлашича, фармон «АҚШ чипс ишлаб чиқарувчиларига тенг шароитда рақобатлашиш ва асосий глобал бозорларга, жумладан, Хитойга киришга» имкон беради. PitchBook маълумотларига кўра, АҚШнинг Хитойга венчур инвестициялари 2022 йилда 9,7 миллиард долларгача (2021 йилдаги 32,9 миллиард доллардан) камайди. 2023 йилда америкалик инвесторлар Хитойнинг технологик стартапларига атиги 1,2 миллиард доллар сармоя киритди.