Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Volvo” премиум автомобили салони нега айнан Скандинавия қорамоллари терисидан ишланади? – “Заковат”нинг ёзги мавсум навбатдаги ўйинидан репортаж
Қирғиз қабилаларининг ўзаро келишмовчилигига чек қўйиш учун Қўқон хони уларга турли кўринишдаги тамға берган. Тамғалар қай тарзда ишлатилган? Ҳар кеча чўпонлар қиладиган қайси иш уларнинг кўзини ўткирлаштиради? – “Заковат” телеўйини ёзги мавсумининг финалида Отабек Ҳамзаев жамоаси иштирок этди.
Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга):
- Шоҳзодбек Бектурсунов – ЎзМУ магистранти;
- Ёқубжон Холматов – “Wisdom” хусусий мактаб директори;
- Абдунайим Абдушукуров - тарихчи;
- Отабек Ҳамзаев - шифокор (жамоа сардори);
- Муҳиддин Усмонов – муҳандис;
- Алишер Орифжонов – АДУ талабаси.




Отабек Ҳамзаев жамоаси 2023 йилнинг ёзги мавсум финал ўйинида иштирок этади.
Мавсум бошидаги ёрқин ўйини билан барча тажрибали рақибларини ортда қолдирган жамоа финалга қадар етиб келди. Ёш жамоанинг финалдаги ўйини барча учун бирдай қизиқ.
1-раундда ҳинд адабиёти намунаси бўлган “Ҳитападеша” асарида нимага “барча офатларнинг боши”, дея таъриф берилгани ҳақидаги савол ўйналди. Жамоа илк саволда муваффақиятли ҳаракат қилиб, раундни ўз фойдасига ҳал қилди – 1:0.
2-раундда АҚШдаги қаҳвахона ходимлари нега тунги навбатчилик вақтида полициячиларга севимли егулиги – ширин кулчани ярим баҳосига сотиб, қўшимчасига текинга қаҳва бериши ҳақида савол ўйналди. Жамоа муҳокама давомида саволнинг жавобига етиб бора олмади ва ҳисоб тенглашди– 1:1.
3-раундда хоразмликлар «ўкинчи» ҳақида савол ўйналди. Чуқур маъноли ушбу саволда билимдонлар савол мантиғига етиб бора олмади. Ҳисоб – 1:2.
4-раундда ўзбек чойхўрлик маросими ва унда зарур бўладиган буюмлар ҳақида савол ўйналди. Чойхўрлик маросимида пичоқ нимага керак бўлади, деган саволда яна билимдонларнинг омади юришмади. Телетомошабинлар ҳисобда ишончли тарзда олдинга ўтиб олди. Ҳисоб – 1:3.
5-раунд саволи чўпонлар ҳақида бўлди. Ҳар кеча чўпонлар қиладиган қайси иш уларнинг кўзини ўткирлаштиради, деган мазмундаги савол ҳам билимдонларга ноқулай келди. Ҳисоб – 1:4.
Кейинги раунд саволи бир йигит ўз отасини “эл чеккан ғамни даф этувчи зот” дея таърифлаганда унинг нима иш қилишига ишора қилгани ҳақида бўлди. Ушбу саволда жамоа, ниҳоят, иккинчи очкони олди. Ҳисоб – 2:4.
7-раундда Қўқон хонлиги давридаги қирғиз қабилалари ҳақида савол ўйналди. Қирғиз қабилаларининг ўзаро келишмовчилигига чек қўйиш учун Қўқон хони уларга турли кўринишдаги тамға бергани, бу тамғалар қай тарзда ишлатилгани ҳақидаги саволга жамоа клуб ёрдамидан фойдаланиш орқали тўғри жавоб берди. Ҳисоб – 3:4.
Кейинги раундда “Volvo” премиум автомобили салони нега айнан Скандинавия қорамоллари терисидан ишланиши ҳақида савол ўйналди. Ушбу саволга жамоа тўғри жавоб бериб, ҳисобни тенглаштирди – 4:4.
9-раундда яна уй ҳайвонлари ҳақида савол ўйналди. Швециянинг Лунд шаҳри аҳолиси нима мақсадда йилда 2-3 марта уй ҳайвонлари билан бир неча кунга сайрга чиқиб кетади, деган савол билимдонларга қийинлик қилди. Шу тариқа ҳисоб 4:5 кўринишига келди.
10-раундда машҳур ёзувчи Эрнест Ҳемингуей ва мохито ичимлиги ҳақида савол ўйналди. Билимдонлар саволга жавоб топишга ҳарчанд уринмасин, афсуски, ушбу савол финалнинг сўнгги саволи бўлиб қолди. Финал 4:6 ҳисоби билан якунланди. Ўтган мавсум финалидаги Жобир Аҳмедов жамоасининг ғалабасидан сўнг билимдонлар жамоаси яна финалда мағлубиятга учради.
Шундай қилиб, ёзги мавсум финали телетомошабинлар фойдасига ҳал бўлди.
Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.
1-раунд. Савол муаллифи: Элёр Абдусаматов, Яшнобод тумани, Тошкент шаҳри
Бошловчи: Ҳинд адабиёти намунаси бўлган "Ҳитападеша" асарида унга берилган таърифни эшитинг: У баъзан уялтириши мумкин, уялтирилган киши жасоратини йўқотиши мумкин, жасоратсиз хўрланади, хўрлангандан ҳамма юз ўгиради, юз ўгирилган киши умидсизланади, умидисиз ақлдан айрилади, ва ниҳоят, ақлини йўқотган ҳалок бўлади. "Ҳитападеша"да уни ҳамма офатларнинг боши дейилган.
Диққат савол: Нима ҳамма офатларнинг боши?
Жавобни Отабек Ҳамзаев беради: Камбағаллик ёкида йўқчилик.
Тўғри жавоб: Адибларимиз у ҳақида кўп ёзишган. У айб эмас, чунки илгари тўқ яшаган оила тирикчилиги ўтмай қолиши унга сабабчи бўлишини Ойбек домла ҳам айтиб ўтганлар. Маъно жиҳатидан унга яқин сўзлар кўп. Фақирлик, муҳтожлик, бечора кабилар.
Ҳисоб: 1 - 0
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
2-раунд. Савол муаллифи: Жаҳонгир Қайнаров, Сардоба тумани, Сирдарё вилояти
Бошловчи: Тунги навбатчилик вақтида АҚШдаги полициячиларнинг севимли таоми ширин кулча(пончик)лар эканини филмлар орқали яхши биламиз. Бу кулчалар ихчам, калорияли, рулда ҳам истеъмол қилиб кетиш қулайлиги учун ҳам полициячилар ёқтиришар экан. Бунинг устига қаҳвахона ходимлари уларга текин қаҳва бериб, кулчаларни ҳам ярим баҳосига беришаркан.
Диққат савол: Нега уларга бунчалик чегирмалар қилишади?
Жавобни Отабек Ҳамзаев беради: Полициячилар ухлаб қолмаслиги учун ярим баҳосига беришса керак.
Тўғри жавоб: Катта йўллар бўйидаги қаҳвахоналарда тунда ишлаш хавфли. Агар полициячининг машинаси қаҳвахона олдида турса, мижозлар буни кўриб бемалол кириб келаверади. Энг хавфсиз жой деб билишади у ерни. Сотувчилар шунинг учун полициячиларни кўпроқ ўзларида ушлаб туришни хоҳлашади.
Ҳисоб: 1 - 1
Савол муаллифи Жаҳонгир Қайнаров 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
3-раунд. Савол муаллифи: Абдурасул Мадраҳимов, Олтинкўл тумани, Андижон
Бошловчи: Хоразмликлар ўкинч билан улар ҳақида кўп гапиришади. Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон уларнинг кўнглини кўтарадиган бир мисралар ёзганки, бу мисраларда Муҳаммад Хоразмий, Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Замахшарий, Ҳофиз Хоразмийларни тилга олган.
Диққат савол: Нима мақсадда бу алломаларни тилга олган?
Жавобни Шоҳзодбек Бектурсунов беради: Бизнинг жавобимиз: Уларнинг барчаси Хоразмдан чиққан машҳур инсонлар. Улар айнан Хоразмда туғилиб, кейинчалик турли тазйиқ ва сиёсий сабаблар туфайли бошқа давлатларга кетишга мажбур бўлишган ёки олиб кетилган. Ва улар шу ерда ҳаёт кечириб, умрлари ҳам шу ёқда ўз поёнига етган, қабрлари ҳам шу ерда жойлашган. Шунинг учун шунақа ўкинч билан эсланган.
Тўғри жавоб: Бизда тоғлар йўқ, деб улар ўкинч билан эслашади. Давлатимиз раҳбари Хоразмда бўлганида Хоразмни ўз "тоғ"лари бор деб юқоридаги алломаларни тилга олганлар.
Ҳисоб: 1 - 2
Савол муаллифи Абдурасул Мадраҳимов 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
4-раунд. Савол муаллифи: Олимжон Каримов, Зангиота тумани, Тошкент вилояти
Бошловчи: Экранга эътиборингизни қаратинг.

Савол муаллифи шундай ёзади: ёшлигимда хонадонларда патнис устида самовар олдида чойнак, пиёла, пичоқ, болта турарди. Чойхўрлик олдидан албатта шу предметларни олиб келиб олишарди. Беш-ўн чоғлик кишилар чойни қайнатиб, дамлаб иссиқ-иссиқ қуйиб ичишарди. Болта билан ўтин майдалашиб, оловни гуруллатишарди. Пичоқ билан эса...
Диққат савол: Йирик ўзбекча чойхўрликда пичоқнинг нима вазифаси бўлган?
Жавобни Алишер Орифжонов беради: 2та вариант бўлди: бири тўйдан олдин "сабзи тўғрар" деган маросим бор, шунда фойдаланилади; иккинчиси, балки, Қурбон ҳайити бўлса, қўй сўярмикан деб ўйладик.
Тўғри жавоб: Қадимги ўзбеклар чойхўрлик қилган пайтда катта-катта бўлак каллақанд ейишган, каллақандни эса шу пичоқда майдалашган.
Ҳисоб: 1 - 3
Савол муаллифи Олимжон Каримов 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
5-раунд. Савол муаллифи: Жаҳонгирмирзо Абдуллаев, Чортоқ тумани, Наманган вилояти
Бошловчи: Тиббиёт ходимлари ҳар йили икки марта чўпонлар орасида тиббий назорат ўтказиб туришади. 70-80га чиққан кекса чўпонларда ҳам кўзлари равшанлиги, тиниқлиги окулистларни доимо ҳайрон қолдирган. Текширувлар ўтказиб унинг тагига етишган, албатта. Бунга очиқ ҳаво ёки узоқларга термилиш асосий сабаб деб топилмаган. Бунга уларнинг ҳар оқшом қиладиган бир ишлари сабаб бўлган.
Диққат савол: Нима уларнинг кўзларини ўткирлаштириб турган?
Жавобни Муҳиддин Усмонов беради: Ўйлашимизча, маълум бир нуқтага доимий қараб туриш кўзга фойдали бўлса керак. Юлдуз санаган деб ўйладик.
Тўғри жавоб: Улар қаерда яшашади, қир-адирларда. Қир - адирлар эса гиёҳлар ва янтоқларга тўла. Чўпонлар ҳар оқшом гулхан ёқиб атрофида ўтиришади. Янтоқнинг тутуни эса уларнинг кўзини даволайверади.
Ҳисоб: 1 - 4
Савол муаллифи Жаҳонгирмирзо Абдуллаев 8 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
6-раунд. Савол муаллифи: Фазлиддин Ҳусейнов, Гулистон шаҳри, Сирдарё вилояти
Бошловчи: Абдулла Орипов "Жаннатга йўл" асарида шундай парча ёзганлар: ота-онасини қидириб юрган бир йигит йўлда бир мўйсафидни кўриб қолади. Чол ундан кимни қидираётганини сўрайди, ота-онамни дейди йигит, шунда чол отанг ким бўлган деб савол беради йигитга. Шунда йигит "эл чеккан ғамни даф этувчи зот" эди деб жавоб беради. Шунда чол йигитни синаш учун, отанг даф қилолмаганларни мен даф қилардим дейди.
Диққат савол: Сиз йигитнинг отасини ва мўйсафиднинг касбини айтинг.
Жавобни Ёқубжон Холматов беради: отаси табиб бўлган, халқни дардига даво топган. Агар тополмаса, қолгани гўрковнинг иши.
Тўғри жавоб: Жавоб тўғри
Ҳисоб: 2 - 4
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
7-раунд. Савол муаллифи: Суннат Алиқулов, Зомин тумани, Жиззах вилояти
Бошловчи: Қирғизистон ҳудуди ҳам бир пайтлар Қўқон ҳудудига қараган. Қирғиз қабилалари ўртасида келишмовчилик юзага келади. Қўқон хони ҳузурига ҳар бир қабиланинг элбошиларини чақириб, ҳар бир элбошига биттадан тамға беради. Айримларига ойсимон, қиличсимон, ёй шаклидаги. Шундан кейин келишмовчилик бартараф этилади.
Диққат савол: Келишмовчиликлар нимадан келиб чиққан?
Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланади.
Жавобни Алишер Орифжонов беради: Келишмовчилик сабаби, улар чорва молларини ажрата олмаган, сеники-меники бўлиб қолган ўртада. Чорва молларига тамға босиш учун мана шундай шаклдаги тамға берган ва улар ўз чорваларини шу тамғалардан ажратиб олган.
Тўғри жавоб: Жавоб тўғри
Ҳисоб: 3 - 4
Савол муаллифи Суннат Алиқулов 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
8-раунд. Савол муаллифи: Саидакбар Мақсудов, Тошкент шаҳри
Бошловчи: Савол Волво премиум автомобили салони ҳақида. Бу классдаги автомобил салони табиий қорамол терисидан безатилади. Қорамоллар ҳам танланади. Биринчидан, салон ичига фақат эркак қорамол териси урилади. Урғочи қорамол териси кенгайиб, торайиб деформацияга учрайди ва мустаҳкамлигини йўқотаркан.
Диққат савол: Иккинчи мажбурий талаб борки, унга кўра, қорамоллар Скандинавиядан бўлиши керак. Нега?
Жавобни Абдунайим Абдушукуров беради. Скандинавия мамлакатларида ҳар хил ҳашаротлар буқани чақмайди, яъни терига зарар етмайди. Ҳашаротларнинг йўқлиги сабаби эса совуқ бўлгани учун яшаши қийин.
Тўғри жавоб: Иссиқ давлатлардаги қорамоллар терисида майда-майда тешиклар бўлади. Бу у ерда уларни сўналар ва каналар чақишидан ҳосил бўлади. Скандинавияда эса улар йўқ.
Ҳисоб: 4 - 4
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
9-раунд. Савол муаллифи: Гулмурод Эшонқулов, Бишкент, Қашқадарё вилояти
Бошловчи: Швециянинг Лунд шаҳри аҳолиси бошқа шаҳар аҳолисидан кўнгилчанроқ экан. Улар йилда 2-3 марта уйдаги жонзотлари билан сайрга чиқиб кетишаркан.
Диққат савол: Нима мақсадда чиқишади?
Жавобни Муҳиддин Усмонов беради: Кўнгилчан халқ дейилди, балки уй ҳайвонларига раҳми келгандир. Ўша сайрда юрган вақтда мабодо эгасидан безиб кетган бўлса, қочиб кетса уй ҳайвони уни эркинликка кетишига рухсат бериш учун йилда 2-3 марта сайрга чиқиб келгандир.
Тўғри жавоб: Улар жуда кўнгли бўш одам, яъни раҳмдил. Айниқса, улар уйдаги жонзотларни яхши кўришади. Улар жонзотларнинг ҳуркишини, қўрқишини хоҳлашмайди. Улар қўрқмасин деб байрамларда шаҳар ташқарисига олиб кетишади. Кемпингларга олиб бориб, ўша ерда байрамларни бирга нишонлаб қайтишади. Ҳар йили байрамларда бўладиган мушакбозликлардан уларни ҳимоя қилишади.
Ҳисоб: 4 - 5
Савол муаллифи Гулмурод Эшонқулов 10 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
10-раунд. Савол муаллифи: Зарифа Аҳмедова, Жиззах шаҳри
Бошловчи: Гаванадаги Ла де Бодегуита дел Медио тамаддихонасида Эрнест Ҳемингуей дастхати қўйилган ёзув бор. Унда шу тамаддихонада мохито ичимлиги зўр тайёрланади, менинг энг севимли ичимлигим деб ёзиб қўйилган.
Диққат савол: Улар қаердан бу фикрга келишган? Нега унинг бу фикрини бу ерга илиб қўйишган? Агар Ҳемингуейнинг ўзи бўлганда бу фикрни инкор қилган бўларди.
Жавобни Алишер Орифжонов беради: Балки Ҳемингуей умуман мохито ичимлигини ичиб кўрмагандир ёки мохито ичимлиги умуман эшитмагандир. Балки уни давридан кейин чиққандир мохито ичимлиги.
Тўғри жавоб: Сезган бўлсангиз, бу реклама слоганига ўхшаган нарса. У ерда Ҳемингуей бўлган деб, дастхати билан катта қилиб деворга ёпиштириб қўйишган. Одамлар кўриб, "О, Эрнест Ҳемингуей келган экан" дейиши учун. Аммо Ҳемингуей бўлганида ёки уни яхши биладиган инсонлар бўлганида буни яхшигина инкор қилишарди. Чунки мохито ичимлигига шакар солинади, ширин ичимлик у. Ҳемингуей эса қанд касали билан касалланган эди.
Ҳисоб: 4 - 6
Савол муаллифи Зарифа Аҳмедова 12 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи - Абдурасул Мадраҳимов, Хоразм "тоғлари" ҳақидаги савол билан.
Абдурасул Мадраҳимов 50 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
21:21 / 18.12.2025
Интеллектуал олимпиада ўйинлари ғолиблари тақдирланди
11:41 / 24.10.2025
Саида Мирзиёева “Zakovat-Gambit” ғолибларини табриклади
21:03 / 21.08.2025
Саида Мирзиёева Қирғизистонда ўтган “Заковат” турнири ғолибларини табриклади
20:27 / 18.08.2025