Иқтисодиёт | 07:50 / 16.08.2023
24902
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистондан прогноз: Ўзбекистон иқтисодиётида жадал ривожланиш суръатлари сақлаб қолинади

Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари томонидан Ўзбекистон иқтисодиётининг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги ўсиш кўрсаткичларига бағишланган туркум мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Иқтисодий мавзуга ихтисослашган етакчи The Economic Times газетаси 2023 йилнинг дастлабки 6 ойида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 5,6 фоизга ўсганини таъкидлаган.

Газета шарҳловчиси Дипанжан Рой Чаудҳури Ўзбекистонда инфляция секинлашишда давом этаётгани ва 6 ой якунларига кўра сўнгги 5 йилдаги энг паст кўрсаткич бўлганини урғулаган.

Асосий капиталга инвестициялар қарийб 8 фоизга ошгани, марказлаштирилмаган инвестициялардаги ўсиш суръати 8,7 фоизни ташкил этгани, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишда эса 21 фоиз даражасидаги юксалиш қайд этилгани баён қилинган.

Инвестициялар таркибида марказлаштирилган инвестициялар улуши камайгани ва аксинча марказлаштирилмаган инвестициялар улуши мос равишда ошгани таъкидланган.

Нашр инвестицияларда ишлаб чиқариш саноатига йўналтирилган инвестицияларнинг улуши ўсгани, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари изчил ошаётгани ва бошқа асосий кўрсаткичлар ҳақида батафсил жадвал ва рақамларни келтирган.

Муаллиф Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси ҳам қарийб 20 фоизга кўпайганига алоҳида эътибор қаратган.

«Умуман олганда, биринчи ярим йилликнинг асосий тенденциялари макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётга салбий омилларнинг таъсирини камайтириш, иқтисодиёт тармоқларининг ижобий ўсиш динамикасини қўллаб-қувватлаш, инвестиция фаоллигини кучайтиришдан иборат бўлди. Ўзбекистон иқтисодиётида йил охиригача барқарорлик ва жадал ривожланиш суръатлари сақлаб қолиниши кутилмоқда», - деб фикр юритган газета шарҳловчиси.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид