Сенатнинг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Муҳокама давомида вилоятда дастурлар ижроси бўйича қатор натижаларга эришиш билан бирга камчиликларга ҳам йўл қўйилгани таъкидланди.

Сурхондарё вилояти

2022 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 34,8 трлн сўмни ташкил этган ва 2017 йилга нисбатан 2,4 бараварга, шунингдек, аҳоли жон бошига 2,2 бараварга ўсган. 2022 йилда 250 млн долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Хорижий инвесторлар иштирокида 220 дан зиёд инвестиция лойиҳалари ишга туширилган, 12 мингта янги иш ўрни яратилган.

Вилоятда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 438 та маҳалладаги 543 та лойиҳа бўйича 393,7 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. “Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йилги 1-мавсумида фуқаролар томонидан илгари сурилган 9 595 та лойиҳадан 110,6 млрд сўмлик 103 та лойиҳа ғолиб деб топилган.

Бандлик дастури доирасида жорий йилнинг январь-май ойларида 196,5 минг аҳоли доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринларига жойлаштирилган.

Ўрганиш давомида айрим камчиликлар ва муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан вилоятнинг Бандихон, Бойсун, Денов, Қизириқ, Қумқўрғон, Музработ, Олтинсой, Сариосиё, Шеробод ва Шўрчи туманларини 2021–2023 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлари доирасида 12,5 трлн сўмлик 255 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилмаган.

Шунингдек, ташқи муҳандислик-коммуникация тизимларини ривожлантириш бўйича 175 та лойиҳа ҳамда ижтимоий инфратузилмаларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича 83 та лойиҳа бўйича амалий ишлар бажарилмаган.

Маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 2022 йилда қарийб 2,6 млрд сўм маблағ тегишли бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилмаган ташкилотларни сақлаб туришга йўналтирилган.

“Ташаббусли бюджет” доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан 2022 йилда ва 2023 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган назорат тадбирларида 118 та ҳолатда 8,9 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.