Жаҳон | 14:54 / 29.08.2023
20079
4 дақиқада ўқилади

Украина мудофаа вазирлиги Полша компанияси билан тузилган келишувларда алданиб қолгани маълум бўлди

Таниқли бўлмаган, урушгача йиллик даромади бир неча юз минг атрофида бўлган бу компания ўнлаб миллион евролик шартномаларни қўлга киритган, лекин буюртмаларни ўз вақтида етказиб бермаган ёки шартларни умуман бажармаган.

Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Pre

Украина мудофаа вазирлиги 2022 йилда Полшанинг Alfa компанияси билан қурол ва жиҳозлар етказиб бериш бўйича қатор шартномалар тузган, аммо компания бу шартномаларнинг кўпини бажармаган. Шунга қарамай, улар билан янги шартномалар тузиш давом этган, дея ёзади «Украинская правда».

Мазкур компания билан 20 минг дубулға (шлем), 20 минг зирҳли нимча ва 40 мингта зирҳли плитка (зирҳли нимчанинг асосий элементлари) етказиб бериш бўйича илк шартнома 2022 йил апрелида тузилган. Украина мудофаа вазирлиги Полша компаниясига маҳсулотларни май ойида етказиб бериши учун олдиндан 100 фоизлик тўлов сифатида тахминан 24,5 миллион евро ўтказиб берган. Alfa эса буюртмани муддатида бажармаган ва ёз ўрталарига келиб зирҳли нимчалар ва плиткаларни юборган. Якунда жами 16 мингта дубулға етиб келган, аммо шундан 11 мингтаси фойдаланишга яроқсиз деб топилиб, ортга қайтарилган.

2022 йил апрел ойи охирида «Гвоздика» гаубицалари, Д-30 гаубицаси учун 122-миллиметрли ўқ-дорилар ва «Град» зенит-ракета комплекси учун 122-миллиметрли ракеталар етказиб бериш бўйича 64,4 миллион евролик навбатдаги шартнома тузилган. Alfa бу келишув учун ҳақнинг 50 фоизини олдиндан олган — аммо бу буюртмалар муддати ва комплектациясига ҳам амал қилинмаган. Якунда Украина қуролли кучларига ўқ-дориларнинг фақат 10 фоизи, ракеталарнинг 30 фоизи етиб келган, етказиб берилган гаубицаларнинг кўп қисми техник носоз бўлган.

«Украинская правда»нинг ёзишича, бу ҳолатларга қарамай, мудофаа вазирлиги Alfa билан шартномалар тузишда давом этган. 2022 йил июнида вазирлик яна учта шартнома тузади ва шартномалар қийматининг ярмини аванс сифатида ўтказиб беради — бу 43 миллион евро атрофидаги маблағ бўлган. Компания бу келишувларга кўра миналар, «Гиацинт» гаубицалари ва «Дана» ўзиюрар артиллерия қурилмалари учун снарядлар етказиб бериши керак эди. Якунда Alfa «Гиацинт» учун снарядларнинг 40 фоизини, миналарнинг фақат 1 фоизини етказиб беради, «Дана» учун эса умуман ҳеч қандай снаряд юборилмайди.

Эндиликда мудофаа вазирлиги олдиндан тўланган 27 миллион еврони қайтаришга ва буюртма бажарилмагани учун жарима сифатида 13 миллион евро ундиришга ҳаракат қилмоқда. Аммо бунга эришилган тақдирда ҳам, даҳшатли факт ўзгармайди: украин армиясига бир йилдан бери муҳим қурол-яроғлар етказиб берилмаган ва бунинг ўрнига бошқа компания билан шартнома тузишнинг имкони бўлмаган, чунки етказиб берувчи пулни мамлакатдан олиб чиқиб кетган.

«Украинская правда»нинг қайд этишича, Alfa компаниясига 2005 йилда асос солинган ва матбуотда ҳеч қачон йирик пудратчи сифатида тилга олинмаган. Унинг 2020 йилдаги соф фойдаси 300 минг евро атрофида бўлган, 2021 йилда эса — 1,8 миллион евро атрофида. Бундай компания уруш даврида қандай қилиб мудофаа вазирлиги учун йирик етказиб берувчи компаниялардан бирига айлангани ва у билан ҳамкорлик қилиш ким томонидан лоббий қилингани ҳозирча номаълум.

Мавзуга оид