Дунёнинг энг бой одами Илон Маск охирги йилларда америкалик журналистлар учун катта нюсмейкерга айланди. The New Yorker журналисти Ронан Фэрроу миллиардернинг 30 дан ортиқ собиқ ва ҳозирги ҳамкасблари билан гаплашиб, Space X ва Twitter/Х эгасининг ҳозирги ҳаёти қандай кечаётганини тасвирлашга уринди. Қуйида ўша мақоланинг таржимаси келтирилади.

***

2022 йил октябр ойида АҚШ мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Колин Кал Парижга боради. У кун бўйи европалик дипломатлар билан гаплашади ва кейин меҳмонхонадан туриб Илон Маскка қўнғироқ қилади. Бу вақтда тадбиркорнинг Space X компанияси бир неча ойдан буён Украина армиясини интернет билан таъминлаб келаётган, бу орқали украинларнинг Россия босқинига қарши туришига кўмаклашаётганди.

Украина ва Россия ўртасидаги Маск

2022 йил февралда, уруш бошланганидан бир неча кун ўтибоқ Илон Маск урушга қайсидир маънода ўз таъсирини ўтказа бошлайди. Унинг топшириғи билан Space X Украинада Starlink сунъий йўлдош тизимини ўрнатиб, мамлакат армияси ундан фойдаланишига имконият яратади. Бу Украинага киберҳужумлардан қочиш ва қуролларни Россия позициялари томонга қаратишга имкон беради. Бу пайтда Starlink интернетидан ҳатто АҚШнинг ўзида ҳам кенг фойдаланишмаётганди.

Starlink тизимини Украинада ўрнатишда иштирок этган уч киши аноним тарзда ушбу жараёнга Илон Маскнинг бевосита таъсири қанчалик юқори эканидан ҳайратга тушганини айтади. Уларнинг сўзларига кўра, Маск Украинага ёрдам беришни, одамлар хавфсизлигини таъминлашни истаган ва ўз манфаатларини ўйламаган.

Охирги ойларда Украина қўшимча 5 мингта Starlink терминалларини олди. 2022 йил кузида Украина қуролли кучлари фойдаланаётган терминаллар сони 20 мингтагача етганди. Ушбу тизимга уланишни таъминлаган ҳарбийлардан бирининг айтишича, Starlink терминаллари уруш бошида Украина армияси учун фронтдаги асосий алоқа воситаси бўлган.

Маск Украинада сунъий йўлдошдан фойдаланишни йўлга қўйиш учун ўнлаб миллион доллар маблағ сарфлади. Масалан, Starlink Украина ҚК 59-бригадаси дронлар орқали РФнинг Донбассдаги позицияларини ўққа тутишини таъминлаган (2022 йил 30 декабр)
Pierre Crom / Getty Images

Урушнинг дастлабки ойларида Маск Украинани қўллашини очиқ билдираётган, Украина қуролли кучлари учун юборилаётган техникалар суратларини ўз саҳифасига жойлаётганди. Аммо 2022 йил сентябр ойида Space X Пентагонга Украинага бундан буён терминалларни текин юбора олмаслиги, мавжуд терминалларга ҳам чекланмаган вақт давомида хизмат кўрсата олмаслиги борасида хат юборади.